Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сармояларнинг энг яхшиси …

Сармояларнинг энг яхшиси …

Қишлоқ ҳаётида бир янгилик бўлса тез тарқалади. Бугун ҳам қишлоқда дув-дув гап: Исмоил отанинг кенжа қизи Замира ТошМИга ўқишга кирибди. Ойниса опа тандирда нон, сомса ёпаркан, ҳой қизим Фоти, тезда сигирни соғинглар, ҳозир Рамазон ойи, қўшнимизнинг ҳам оғзи тегсин, қутлагани чиқаман, деди. Ойниса опанинг қизиқ одати бор, Рамазон ойи келиши билан қўшниларга меҳр улашади, топганини илинади. Бугун ҳам қўшнисининг уйига тўлиб-тошиб кирди. Ҳамма дастурхон атрофида жамул жам. Айниқса, Замиранинг юзидан кулги аримайди. Ойниса опа айланай дўхтир қизимдан, деб Замирани бағрига босди. Қўшнилар суҳбатлашиб ўтираркан, Ойниса опа чин дилдан хурсандлигини билдирди. Ҳой Меҳри, қизингиз дўхтир бўлади-ю, намунча паришонсиз?

-Ойниса опа, шундайку-я, лекин…
-Нима лекин?
-Қизим “конракт”га илинибди, ҳар йили тўловлари бор экан, ўзингизга аён, қўлимиз сал калтароқ, шунга ўйланяпманда, айланай.
-Ҳеч ғам еманг, шунчалик ҳаракат қилиб ўқишга кирдими, хурсанд бўлинг. Замира қишлоғимизнинг фахри.

Ойниса хола хўжайини Фозил отани саҳарликка турғазди. Чол-кампир саҳарлик қилишар экан, Ойниса хола ётиғи билан тушунтирди.

-Дадаси, шу қўшнимиз Замира жуда ақлли қиз бўлганда.
-Ҳа, барака топсин, бу йил ўқишга кирибди, эшитиб жуда хурсанд бўлдим.
-Шундайку-я, лекин “контракт”га илинибди.
-Нима?
-Ҳар йили тўловлари бор экан, ўзи қўли калтароқ оила.
– … .

Фозил ота табиатан меҳрибон, ақл билан иш кўрадиган инсон.
-Ойниса…,”ҳаж”га борадиган пулимизни Замиранинг “контракт”ига ўтказамиз. Ахир бу катта савоб иш-ку.  Замира кўз ўнгимизда катта бўлган, яхши қиз. Қўшнимиз қийналиб турса-ю, биз қандай қилиб “ҳаж”га борамиз? “Ҳаж”га кейинги сафар борармиз.

Шом пайти чол-кампир катта халта билан қўшниникига чиқишди. Қўшнилар суҳбатлашиб ўтираркан, Фозил ота бир халта пулни Исмоил отага тутқазди.
– Қўшни, ҳеч ўйланманг, биз “ҳаж”га борадиган пулимизни Замиранинг ўқишига ўтказишга қарор қилдик .
Исмоил ота ва Меҳри хола энди оғиз жуфтламоқчи эди, Фозил ота қўли билан ишора қилиб:
– Ҳеч ҳижолат бўлманглар, Замира бизнинг ҳам қизимиз, -деди. – Ўқишни тугатиб би-ир дўхтир бўлсин, бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Ҳали хурсандчилик кунлар олдинда.
Эртаси куни қўшнилар тўрт йиллик тўловларини олдиндан тўлаб келишди. Бу ишлар қишлоқда яна дув-дув гап бўлишига сабаб бўлди.

Шу куни Ойниса хола туш кўрди. Тушида худди ёш болалардек Фозил ота билан қўл ушлашиб, Каъбатуллоҳни тавоф қилишаётган экан. Масжиддагилар ҳам эътиборли нигоҳлари ила “ҳажларингиз қабул бўлсин”, дермиш.

Қишлоқдагилар барчаси Фозил ота ва Ойниса хола “ҳаж”га боришмаса ҳам “ҳожи ота” ва “ҳожи она” деб мурожаат қиладиган бўлишди.

Ҳа азиз муштарийлар, бу ҳаётда барчамиз бир-биримизга меҳр-оқибатли ва шафқатли бўлайлик, зеро сармояларнининг энг яхшиси келажак авлодга бўладиган сармоядир.

Чиноз тумани “Хазрат Али” жоме масжиди
имом – хатиби Тойиржон Тунгатов