Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Саодатли уйқу…

Саодатли уйқу…

عن البراء بن عازب رضي الله عنهما قال : قال رسول الله صلي الله عليه وسلم : يَا فُلانُ إِذَا أَوَيْتَ إِلَى فِرَاشِكَ فَقُلْ : اللَّهُمَّ أسْلَمْتُ نَفْسِى إِلَيْكَ ، وَ وَجَّهْتُ وَجْهِى إِلَيْكَ وَ فَوَّضْتُ أَمْرِى إِلَيْكَ ، وَ ألجَأتُ ظَهْرِى إِلَيْكَ ، رَغبَةً وَ رَهْبَةً إِلَيكَ  لاَ مَلجَأ و لاَ مَنجَا مِنكَ إِلاَّ إِلَيكَ ، آمَنتُ بِكِتاَبِكَ الَّذِى أَنزَلتَ ، وَ نَبِيِّكَ الَّذِى أرسَلتَ ، فإِنَّكَ إِن مِتَّ مِنْ لَيلتِكَ مِتَّ عَلَى الفِطرَةِ ،و إن أَصْبَحتَ أَصَبْتَ خَيْراً . متفق عليه

في رواية الصحيحين: عن البراء قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : إِذاَ أَتَيْتَ مَضْجَعَكَ فَتَوضَّأْ وَضُوءَكَ لِلصَّلاَةِ ثُمَّ اضْطَجِع عَلَى شِقِّكَ الأيمَنِ وقُل، وذَكَرَ نَحوَه ، ثُمَّ قالَ: وَاجعَلْهُنَّ آخِرَ مَا تَقُلُ.

Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй фалончи, агар тўшагинга келсанг: «Аллоҳим, нафсимни сенга таслим этдим, юзимни сенга юзлантирдим, ишимни сенга топширдим, Сенинг (неъматингга) рағбат қилиб, ғазабингдан қўрқиб, сенга суяндим. Сендан бошқа қочадиган ва нажот топадиган жойим ҳам йўқ, нозил қилган китобингга ва юборган пайғамбарингга имон келтирдим», деб айтгин, агар шу кечаси  вафот этсанг ислом фитратида вафот этасан, агар тонг оттирсанг яхшиликда тонг оттирган бўласан”, – дедилар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятларида: «Агар тўшагингга келсанг, намозга таҳорат қилгандек таҳорат қил, сўнг ўнг томонингга ёнбошлаб (қуйидагича) айт”, деб юқоридаги дуо ва охирида: «ётишдан олдин охирги айтадиганинг шу бўлсин”, – деган сўзлар ҳам келтирилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу муборак дуода «Эй фалончи» деб ҳадисни ривоят қилган саҳобийга юзланиб, барчамизга таълим бермоқдалар. Ҳадиси шарифда айтилган ўгитга амал қиладиган бўлсак, аввало,  Аллоҳ таолонинг раҳмату мағфиратига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, ажру савобга эга бўламиз. Шунингдек, танимиз саломатлиги ва руҳимиз мусаффолигига эришамиз.

Изоҳ:

اللَّهُ يَتَوَفَّى الْأَنفُسَ حِينَ مَوْتِهَا وَالَّتِي لَمْ تَمُتْ فِي مَنَامِهَا فَيُمْسِكُ الَّتِي قَضَى عَلَيْهَا الْمَوْتَ وَيُرْسِلُ الْأُخْرَى إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларни эса ухлаётган пайтларида олур. Бас, Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (ажаллари етгунча) қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир” (Зумар сураси 42-оят).

Тафсирларда ёзилишига кўра, инсонда “катта ўлим” ва “кичик ўлим” бўлади. Каттаси – ажал етганда руҳнинг танадан чиқиб кетиши. Кичик ўлим – бу уйқу.

Инсон ҳар лаҳзада ажал билан юзлашиши мумкин. Кимнинг қазоси етган бўлса, уйқусидан қайта уйғонмай, кичик вафоти катта вафотга айланиб қолиши мумкин. Ажали етмаганларнинг жони қўйиб юборилади, вақти соати етгунча яшайверадилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни иймонда ухлаб, Исломда уйғонадиган бандаларидан қилсин!

 

Бўстонлиқ тумани бош имом хатиби

Ҳасан Акбаров