Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Самимий мулоқот қалбларга шодлик улашди

Самимий мулоқот қалбларга шодлик улашди

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дастури доирасида, шунингдек, Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги ҳамда Мавлидун Набий ойи муносабати билан 2017 йилнинг 9 декабрь куни Тошкент вилояти Бекобод тумани Сарюз маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 24-мактаб биносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ташаббуси билан туманда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, отинойилар, шунингдек, кенг жамоатчилик учун “Мустаҳкам оила – фароғат қасри” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Тадбир жуда самимий, кўтаринки руҳда, халқ билан дилдан суҳбат тарзида ўтди. Хусусан, унинг ибтидосида Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулла домла Турматовнинг доруломон замонда, тинчлик омонлик диёрида, еру кўкдан баракотлар ёғилиб турган муборак ойда, файзли илм гўшасида Тошкент вилоятининг чекка туманидаги чегара ҳудудларидан бирида нуроний отахону, муштипар онахонлар, қадрли ака – укалару, ҳурматли опа – сингиллар, биродарлар билан учрашишни муяссар айлаган Аллоҳ таолога айтган ҳамдлари, тадбир иштирокчиларига қилган дуолари, тилаклари ҳар бир иштирокчининг қалбига илиқлик югуришига ва суҳбат дилдан, самимий бўлишига замин яратди.

Суҳбат давомида оила, унинг мустаҳкамлиги, бунда ота-она ва фарзандларнинг бурч ва вазифаларига содда, халқчил тилда тушунтиришлар берилди. Оила аъзоларининг ўз ўрнини билиши, ҳад масаласи, қайнота, қайнона, келин, куёв бўлиш илми ҳақида теран сўз юритилди, мавзу ояту ҳадислар, ҳаётий мисоллар билан жуда чиройли тарзда баён қилинди. Оилалар мустаҳкамлигида илмнинг ўрни, унга эришишда китоб мутолаасининг аҳамиятига эътибор қаратилиб, Тошкент вилоят вакиллиги томонидан 60 та маърифий, ахлоқий ва тарбиявий аҳамиятга молик китоблар маҳалла ва мактаб кутубхонасига туҳфа этилди.

Учрашув иштирокчилари чекка ҳудуд бўлишига қарамасдан, эътибор ва вақт ажратиб келган Тошкент вилояти бош имом хатиби ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллигига ажойиб тарзда ўтган жонли мулоқот, самимий суҳбат ва илм зиёси бўлган китоблар учун миннатдорчиликларини изҳор қилдилар. Бу тарздаги тадбирлар мунтазам равишда ўтказилишига умид билдириб қолдилар.

Тадбир хайрли дуо, эзгу истагу – тилаклар билан якунланган бўлса-да, иштирокчиларнинг сўзларига кўра, ундан олинган манфаатли маълумотлар ҳеч қачон хотираларидан чиқмайди, самимий мулоқот натижасидаги кўтаринки кайфият, дилдаги шодлик анчагача қалбларда сақланиб қолади.