Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сафарда намозни жамлаб ўқиш ҳукми

Сафарда намозни жамлаб ўқиш ҳукми

Икки вақтдаги намозни жамълаб ўқиш ҳукми: сафарда бир вақтни ўзида икки намозни қўшиб ўқиш мумкинми?

— Икки вақтдаги намозни бирга қўшиб ўқиш ҳақида намозхонлар орасида айрим фикрлар бор. Чунки, уларнинг ҳаж мавсумида арафа куни намозларни қўшиб ўқиш хусусида тушунчалари мавжуд. Икки вақтдаги намозни қўшиб, бир вақтда бирга ўқишни «жамъ» деб аталади. Исломда айрим мазҳабларда ҳаж мавсумидан бошқа вақтларда ҳам намозларни жамъ қилиб ўқишнинг жоизлиги борасида фатволар берилган. Бироқ, ушбу масъалага ўта ҳассослик ва эҳтиётлик ила ёндашиш керак бўлади. Чунки, бу борада ҳаддан ошиш, беш вақт намозга бепарво бўлиб қолиш, намоз вақтларига аҳамият бермаслик, шайтоний васвасага учраб қолиш эҳтимоли ҳам борлигини унутмаслик керак. Исломдаги шиалар жамоаси амалда беш вақт намоз эмас, доимо уч вақт намоз ўқишларининг сабаби ҳам биз сўз юритмоқчи бўлган мана шу намозларни жамъ қилиб ўқиш масъаласидан келиб чиққан.

— Икки вақтдаги намозни жамъ қилиб бирга ўқиш ҳукми уламолар орасида ихтилофли масалалардан ҳисобланади. Лекин, ислом уламолари бу масалада тўртта ҳукмга иттифоқ қилганлар:

1) Икки намозни жамълаш деганда ҳожиларнинг Арафотда пешин билан асрни, Муздалифада шом билан хуфтонни жамъ қилиб, бирга ўқишлари борасида жумлаи жаҳон мусулмонлари иттифоқ қилганликларини таъкидлаш керак бўлади. Зотан, бундай ўқиш мутавотир даражасидаги амалиёт бўлиб, ҳажнинг маносик – қадриятларидан ҳисобланади.

2) Икки намозни жамълаш ҳақида сўз кетганда, фақат пешин билан асрни ва шом билан хуфтонни жамълаш борасида гап кетади. Бомдод билан пешинни, аср билан шомни ва хуфтон билан бомдодни жамълаш асло мумкин эмас.

3) Икки намозни жамълаганда, уларнинг орасида узоқ вақт ажралиб қолмаслиги шарт. Икки намознинг орасида суннат ва нафл намозлар ўқиш, таҳорат олиш, бошқа ишларга машғул бўлиб, ухлаш, еб-ичиш мумкин эмас. Бундай ишлар қилинадиган бўлса, намозлар орасини жамъ қилиш жоиз эмас.

4) Икки намозни, яъни пешин билан асрни ва шом билан хуфтонни узрсиз ҳолатда жамъ қилиш асло мумкин эмас. Уни бирор узр билангина жамълаб ўқиш мумкин. Бу узрлар эса ҳадисларда келтирилган узрлар бўлиши керак. Одамнинг ўзи ўйлаб топган узри, ухлаб қолиши, унутиб қолдириши кабилар билан намоз кечиктирилмайди, шу билан бирга бу гуноҳи кабира ҳисобланади. Шофиъийлардан Ҳазрати Имом Қаффол Шоший (р.ҳ.) шаръий узрлар топилган тақдирда ҳам ҳамма вақт жамълаб ўқиш, намозларни жамъ қилиб ўқишни ўзига одат қилиб олиш дуруст эмас, деб таъкидлаганлар.

Ана ўша узрнинг баёнида уламолар ихтилоф қилганлар. Яъни, икки намозни қандай ҳолатларда жамълаб ўқиш мумкин? Бу борада қуйидагиларни зикр қилинади:

1) Икки вақтдаги намозни жамъ қилиб бирга ўқиш учун шофиъийлар ва моликийлар мусофирликни, сафарни узр санаганлар. Уларнинг фикрича, сафарга чиққанда икки намозни жамълаб ўқиб кетиш мумкин.

2) Шофиъийлар ва моликийлар матар (ёмғир)ни узр дейдилар. Уларнинг фикрича, уйида бўлса ҳам, ёмғир ёғганда, жамоатга чиқмасдан ҳам икки намозни жамълаб ўқиш мумкин. Шунингдек, қор, қаттиқ совуқ, жала кабилар ҳам узр ҳисобланади. Энг қизиғи, шофиъийлар ёмғирли кунларда жумъа намозини аср билан бирга қўшиб, жамъ қилиб ўқиш мумкин, дейдилар (Имом Нававий. Китоб ал-Мажмуъ. 4-жилд. – Жидда: Иршод, 1980. – Б. 262). Моликийлар эса кундузи ёққан ёмғирда намозларни жамъ қилиб бўлмайди, кечаси ёққан ёмғирда фақат шом билан хуфтонни жамъ қилишга изн бор, дейдилар.

3) Ҳанбалийлар бу икки узрга мараз (касаллик)ни ҳам киритадилар. Инсон уйидами, сафардами, касалхонадами касал ҳолда бўлса, икки вақтдаги намозни жамъ қилиб бирга ўқиши мумкин. Моликийлар ҳам бир ривоятларида бу фикрга қўшилганлар, бироқ, негадир улар касалликда фақат «жамъи тақдим»гина жоиз, деганлар (Мавсуат ал-фиқҳиййа. 15-жилд. – Кувайт, Вазорат ал-авқоф ва-ш-шуун ал-исломиййа, 1989. – Б. 289). Шофиъийлардан Қози Ҳусайн (р.ҳ.), Абу Сулаймон ал-Хаттобий (р.ҳ.) кабилар ҳам икки намозни жамълаш учун касаллик узр бўла олади, деганлар. Ҳанафийлар ва шофиъийлар касаллик узр бўла олишлигига Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётларида қанча касал бўлганлари, бироқ бирортасида намозни жамълаб ўқиганлари ривоят қилинмаганини, бу борада Расулуллоҳ (с.а.в.)дан очиқ ва равшан ҳадислар йўқлигини далил сифатида келтирадилар.

4) Шофиъийлар сафар деганда сафарнинг миқдорини эътиборга оладилар. Яъни, уларнинг фикрича, икки намозни жамълаб ўқиш учун инсон уч кунлик ва ундан ортиқ кунларга сафарга чиққан бўлиши керак. Шунингдек, сафар қилувчи маъсият, гуноҳ сабаби учун сафарга чиқмаган бўлиши лозим. Уч кундан кам сафар ёки сайрга чиқиш намозларни жамълаб ўқишга сабаб бўла олмайди. Моликийлардан Ибн Ҳабиб (р.ҳ.) ҳам шу фикрга қўшилган.

5) Моликийлар эса сафарнинг узр бўлиши учун сайр ҳолатини эътиборга оладилар. Яъни, инсон юриб кетаётганида, сафари давом қилаётган вақтда икки намозни жамълаши мумкин. Бирор жойга, кўзлаган манзилига бориб турганида, жамълаш мумкин эмас. Хусусан, бу моликийлардан Ибн Ҳабиб (р.ҳ.)нинг фиқҳий қарашидир. Аслида, Имом Молик (р.ҳ.) сайрнинг ўзини ҳам жамълаш учун кифоя бўлмайди, дейди. Сайрни ҳам қайдлаб, тез юриб кетаётган бўлса, шошилинч вақтларда икки намозни жамълаш мумкин, дейди. Унинг бу гапи саҳобалар Усома ибн Зайд (р.а.), Ибн Умар (р.а.) кабилардан олинган.

6) Ҳанбалийлар ёмғир бўлмаса ҳам, кучли шамол, бўрон кабилар икки намозни жамъ қилиб ўқишга сабаб бўлиши мумкинлигини айтадилар. Чунки, бу жамоатга чиқмасликка узр ҳисобланади. Бироқ, ушбу фикрга бошқа мазҳаб уламолари қўшилган эмаслар. Чунки, бундай вақтда намозларни жамъ қилиб ўқиш ҳақида ривоятлар мавжуд эмас. Шунингдек, моликийлар ҳам ботқоқлик, йўлларда юриш қийин бўлган қишки кунларни ҳам узрлар сирасига киритадилар.

7) Ҳанбалийлар яна хавфни ҳам намозларни жамъ қилиб ўқишга сабаб қилиб кўрсатганлар. Шофиъийларнинг айримлари, моликийларнинг бир ривояти бунга мувофиқдир. Бироқ, шофиъийлар ва моликийларнинг асосий мазҳаби ушбу фикрга қўшилмаган. Чунки, хавф-хатар вақтида намозларни жамъ қилиб ўқиш борасида бирорта ривоят мавжуд эмас.

8) Моликийлардан Ашҳаб (р.ҳ.), шофиъийлардан Ибн ал-Мунзир (р.ҳ.), шунингдек, Ибн Сирин (р.ҳ.) ва Ибн Шибрама (р.ҳ.) кабилар инсонга юзланган бирорта зарур ҳожат-эҳтиёж пайтида ҳам намозларни жамълаб ўқиш мумкин, дейдилар. Уларнинг бу фикри ислом оламида қабул қилинган эмас. Чунки, инсонга доимо бирорта зарурат бўлиб туради, унда шиалар каби ҳамма вақт беш вақт эмас, уч вақт намоз ўқишга тўғри келади.

9) Мисрлик уламоларнинг моликийлари икки намозни жамълаб ўқиш мумкин, бироқ ундай қилиш макруҳ бўлади, деганлар.

10) Икки намозни бирга қўшиб ўқишда унинг «жамъи таъхир» деган хили жоиз бўлади, «жамъи тақдим» деган хили эса жоиз бўлмайди. Бу фикрни уламолардан Имом ал-Авзоъий (р.ҳ.) ва Ибн Ҳазм (р.ҳ.) қабул қилганлар. «Жамъи таъхир» ва «жамъи тақдим» ҳақида қуйироқда сўз юритилади.

11) Ҳанафийлар бу мазҳабларга қўшилмайдилар, икки намозни жамълаш учун мусофирлик ҳам, касаллик ҳам, ёмғирли кунлар ҳам, бошқа сабаблар ҳам узр бўла олмайди. Фақатгина ҳаж мавсумида бир кун – арафа куни намозни жамълаб ўқиш мумкин. Арафот майдонида пешин билан аср қўшилиб, «жамъи тақдим» қилиб ўқилади, Муздалифада эса шом билан хуфтон қўшилиб, «жамъи таъхир» қилиб ўқилади. Бундан бошқа кунларда намозларни жамълаб ўқиш дуруст эмас. Яъни, ҳанафийларга кўра, икки намозни жамълаб ўқиш учун фақат ҳаж, унда ҳам фақат арафа кунигина узр ҳисобланади. Ҳанафийларнинг мазкур фикри саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.), Саъд ибн Абу Ваққос (р.ҳ.), Ибн Умар (р.а.), тобеъин ва табъа тобеъинлардан Ибн Сирин (р.ҳ.), Жобир ибн Зайд (р.ҳ.), Макҳул (р.ҳ.), Амр ибн Динор (р.ҳ.), ас-Саврий (р.ҳ.), Асвад (р.ҳ.), Умар ибн Абдулазиз (р.ҳ.), Солим (р.ҳ.), Лайс ибн Саъд (р.ҳ.) кабиларнинг фиқҳий қарашларидан олинган. Ҳатто Арафотдаги жамъ – пешин билан асрни қўшиб ўқилишини Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.), Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) ва Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) имомга хос деганлари боис ёлғиз ўқувчилар пешин билан асрни ўз вақтларида ўқийдилар, деб фатво берганлар (Қаранг: Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 7-жилд. –Байрут: Дор ал-фикр. 2001. – Б. 3073-3074).

Юқоридагилардан маълумки, умумий маънода икки намозни жамълаб ўқиш ҳақида исломнинг аҳли суннат ва жамоа йўналишида олти хил фиқҳий қараш маълум экан. Уларда ушбу масъала қайси ўринларда жоиз бўлиши, икки намозни жамъ қилиб ўқишнинг сабаблари қандайлиги борасида ихтилоф бор, холос. Мазкур масъала борасидаги ҳадиси шарифларни ўрганар эканмиз, улардан учта ҳукмни чиқарилгани маълум бўлади:

1) Икки вақт намозини фақат «жамъи суварий» – «жамъи феълий» қилиб жамълаш мумкин;

2) Икки вақт намозини фақат «жамъи вақтий» – «жамъи ҳақиқий» қилиб жамълаш мумкин;

3) Икки вақт намозини мутлақо жамъ қилиб ўқийвериш мумкин;

Аҳли суннат ва жамоа уламолари мана шу учта ҳукмни олиш қоида ва усулларида турли ижтиҳодий фикрларга келганлар.

Икки намозни жамълаб ўқиш борасида гап кетганда, аҳли суннат ва жамоанинг тўрт мазҳаб аҳли ва бошқалар ҳожиларнинг ҳаж айёмида Арафот майдонида турганларида пешин билан асрни, Муздалифада эса шом билан хуфтонни жамълаб ўқиш борасида якдил иттифоққа келганлари юқорида зикр қилинди. Чунки, расули акрам, ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаж қилганларида бу намозларни ушбу жойларда жамълаб ўқиганлари мутавотир ҳадислар ила собит бўлган. Уламолар орасида бу вақтда мазкур намозларни жамълаб ўқишнинг сабаби борасида турли фикрлар мавжуд. Унинг сабаби ҳажми ёки сафарми?

1) Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.), Муҳаммад ибн Сирин (р.ҳ.), Макҳул (р.ҳ.), Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.), Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва шофиъийликдаги бир ривоятга кўра ҳаж мавсумида бир кунда намозларни жамълаб ўқишнинг сабаби мана шу ҳаждир. Шунинг учун сафардагилар ҳам, у ерда муқим турганлар ҳам бу кундаги намозларни жамълаб ўқийдилар.

2) Моликий, ҳанбалий ва шофиъий мазҳаби уламолари ҳаж мавсумида бир кун намозларни жамълаб ўқишнинг сабаби сафардир, дейдилар. Бунга сафарда намозларни жамълаб ўқиш мумкинлиги борасидаги ҳадисларни сабаб қилиб қўрсатадилар (Мавсуат ал-фиқҳиййа. 15-жилд. – Кувайт, Вазорат ал-авқоф ва-ш-шуун ал-исломиййа, 1989. – Б. 284).

Жамълаш ҳақида сўз кетганда, манбалардан икки хил жамълаш борлиги маълум бўлади. Улар жамъи тақдим ва жамъи таъхир дейилади. Мазкур уч мазҳабда жамълашнинг мана шу икки тури ҳам жоиз ҳисобланади. Юқорида айтилдики, уламолардан Имом ал-Авзоъий (р.ҳ.) ва Ибн Ҳазм (р.ҳ.) фақат «жамъи таъхир»ни жоиз, «жамъи тақдим»ни ножоиз, деб биладилар.

«Жамъи тақдим» деб, масалан, пешиннинг вақтида асрни бу ёққа тортиб, эрта ўқишга айтилади. Икки намозни биринчи намознинг вақтида бирга қўшиб ўқишга «жамъи тақдим» дейилади. Бунинг жоиз бўлишлиги учун шарт шу эканки, биринчи вақт ўтишидан олдин икки намозни жамълаб ўқишга ният қилиб олишдир. Демак, пешиннинг вақти чиқиб кетишидан аввал уни аср билан қўшиб бирга ўқишни ният қилиб олиши даркор бўлар экан. «Жамъи таъхир»да ҳам худди шундай шарт бўлиб, кейинги намознинг вақти чиқиб кетишидан аввал ният қилиб олиш лозим бўлади. «Жамъи таъхир»да масалан, шомни хуфтон вақтигача кечиктириб, хуфтон вақтида икковини жамълаб ўқилади. Хуллас, икки намозни иккинчи намознинг вақтида бирга қўшиб ўқишга «жамъи таъхир» дейилади. Жамълашнинг бу икки тури ҳақиқий жамъ – жамъи ҳақиқий ҳам деб аталади.

Юқорида айтилганидек, ҳанафийларда икки намозни ҳақиқий жамълаш фақатгина икки ўринда – арафот майдонида пешин билан асрни, муздалифада эса шом билан хуфтонни жамълаш мумкин. Бундан бошқа ўринларда жамълаш асло жоиз эмас. Узр бўлса ҳам, сафарда ҳам, ҳазарда ҳам икки намозни жамълаш жоиз эмас. Ҳаждан бошқа вақтларда ҳанафийларда жамъи суварий жоиз. Уни жамъи феълий ҳам дейилади. Яъни, суратда, кўринишда жамълангандек бўлади-ю, аслида ҳар бир намоз ўз вақтида ўқилади. Масалан, пешинда унинг охирги вақтида пешин адо қилинади-да, бироз вақт ўтказиб, аср кирганидан кейин унинг илк вақтида асрни ўқиб олинади. Шомни эса шафақ йўқолай-йўқолай деганда ўқиб олинади-да, озгина вақт ўтказганидан сўнг хуфтоннинг илк вақтида хуфтон ўқиб олинади. Бунда зоҳирдан қараганда, икки намозни жамълангандек кўринади. Бу иш ҳанафийларда сафар каби узрли ҳолатларда жоиздир.

Икки намозни сафарда, касалликда ва ёмғирли кунларда жамълаш мумкин дейдиганлар намозларни жамъ қилиш учун бир қанча шартларни кўрсатиб ўтганлар. Таъкидлаш керакки, мазкур шартларни қўйиш учун ҳадисларда ҳеч қандай сариҳ-аниқ далиллар йўқ, уларни қиёсдан чиқаришга мажбур бўлганлар:

– Жамъ қилиб намоз ўқиганда, тартиб билан ўқиш шарт бўлади. Агар пешиндан аввал асрни, шомдан аввал хуфтонни ўқиса жоиз эмас, бу ҳолда аср билан хуфтонни қайта ўқиши керак;

– Икки намозни жамъ қилиб ўқишга ният қилиши керак. Ҳар бир амал ниятга боғлиқ ҳисобланади;

– Икки намознинг орасини жамъ қилганда, орадаги фосила узоқ бўлмаслиги шарт. Агар узоқ вақт ажратилса, жамъ қилиб бўлмайди. Бир неча калималарни айтиш мумкин;

– Сафарда икки намозни жамъ қилганда, агар биринчи намозни ўқиганидан сўнг муқимликни ният қилса ёки юртига кириб келса, иккинчи намозни кечиктириб, ўз вақтида адо қилиши лозим;

– Икки намозни жамъ қилиб ўқиганда, ушбу икковини ўқиб бўлгунча жамъ қилиб ўқиш учун воқеъ бўлган узр (сафар, касаллик, дўл-ёмғир) зоҳир бўлиб туриши керак;

– Пешин билан асрни «жамъи тақдим» қилиб бирга қўшиб ўқиш учун сафарда кетаётиб тушган жойида қуёш заволга юз тутиши керак;

– Шу ҳолатда аср вақти киришидан олдин туриб, сафарини давом қилдиришни ва қуёш ботганидан кейин тўхташга ният қилиши керак;

– Агар қуёш сарғайишидан олдин тўхташ нияти бўлса, унда пешинни ва асрни ўз вақтида ўқийди. Мабодо асрни пешин билан қўшиб ўқиган бўлса, уни қайта ўқиш мустаҳаб бўлади;

– Қуёш заволида тўхтамасдан қуёш сарғайиш асносида тўхташни ният қилса, пешинни кечиктириб, аср билан бирга жамъ қилиб ўқишни ният қилиши керак;

– Агар қуёш заволидан то қуёш ботгунча тўхташ нияти бўлмаса, қуёш ботганидан кейин тўхташ нияти бўлса, унда ҳар бир намозни ўз вақтида ўқийди; бу ҳолатда пешин билан асрни «жамъи суварий» қилиб ўқиши мумкин бўлади;

–  Намозни «жамъи таъхир» қилиб ўқимоқчи бўлса, биринчи намознинг вақти чиқиб кетмасидан туриб, бунга ният қилган бўлиши керак. Агар биринчи намознинг вақтини ўтказиб, иккинчи намоз вақти кирганидан сўнг жамълашни ният қилса, гуноҳкор бўлади;

–  Дўл-ёмғирли кунда намозни жамъ қилинганда, фақат «жамъи тақдим» жоиз бўлади. Чунки, ёмғир доимий узр эмас, у кейинги намоз вақтигача тўхташи мумкин;

–  Сафарда намозларни жамъ қилиб ўқилганда, бир марта азон айтилади, ҳар намозга такбир айтиш керак бўлади. Намозлар орасида суннатлар ва нафллар ўқилмайди.

Ҳанафийларда икки намозни жамълаб ўқиш йўқлиги учун бу хилдаги шартларни қўйишга эҳтиёж сезмаганлар. Бошқалар эса намозларни жамъ қилиб ўқиш учун шарт-шароитларни белгилаб беришга мажбур бўлганлар. Чунки, бу борада йўл ва осонлик очилса, жуда катта фитналар ва намозга бепарво қарашлар вужудга келиши шубҳасиз бўлади. Бунга исломдаги шиа тоифасини мисол қилиб келтириш мумкин. Улар намозларни жамълаб ўқиш борасидаги далилларнинг зоҳирларига суяниб, амалда оммавий равишда уч вақтда намоз ўқийдиган бўлиб қолишган (Қаранг: Ҳазрат Оятуллоҳ ал-Азмий. Ажвибат ал-истифтаот. – Теҳрон: ал-Ҳудо, 1382. – Б. 74-79).

Намозларни жамълаб ўқиш учун уч мазҳабнинг далиллари қуйидагичадир:

1) Саид ибн Жубайр (р.ҳ.) орқали саҳоба Ибн Аббос (р.а.)дан қилинган ривоятда бу тариқа келтирилган:

قال جمع رسول الله صلى الله عليه وسلم بين الظهر والعصر وبين المغرب والعشاء بالمدينة من غير خوف ولا مطر قال فقيل لابن عباس ما أراد بذلك قال أراد أن لا يحرج أمته

Расулуллоҳ (с.а.в.) пешин билан асрнинг ўртасини ва шом билан хуфтоннинг ўртасини Мадинади ҳеч қандай хавф ва ёмғир бўлмаса ҳам жамъладилар. Ровий айтади: Ибн Аббос (р.а.)дан сўралди: «Бу билан нимани ирода қилганлар?». У: «Ул зот умматига машаққат бўлмасликни ирода қилдилар», деди (Муслим, 1/705; Термизий, 1/187; Абу Довуд, 1/1213; Табароний, 10/10803; «ал-Мўъжам ал-авсат», 5/4830; Байҳақий, 3/5337; Аҳмад, 1/1953, 3235, 3323; Ибн Абу Шайба, 2/8315).

Мазкур ҳадиси шариф Ибн Аббос (р.а.) ва Абу Ҳурайра (р.а.)дан ҳам ривоят қилинган.

2) Муоз ибн Жабал (р.а.)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.) Табук ғазотида ушбу мавзеда пешин билан асрнинг, шом билан хуфтоннинг ўртасини жамълаб ўқиганлар:

عن معاذ قال خرجنا مع رسول الله صلى الله عليه و سلم في غزوة تبوك فكان يصلي الظهر والعصر جميعا والمغرب والعشاء جميعا

«Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга Табук ғазотига чиқдик. Шунда, Расулуллоҳ (с.а.в.) пешин билан асрни жамъ қилиб, шом билан хуфтонни жамъ қилиб ўқидилар» (Муслим, 1/706; Байҳақий, 3/5314, 5338; Ибн Хузайма, 2/966; Ибн Абу Шайба, 2/8313).

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Бани ал-Мусталақ ғазоти вақтида ҳам шундай қилиб намоз ўқиганлари маълум (Ибн Абу Шайба, 2/8329).

3) Анас ибн Молик (р.а.)дан қилинган саҳиҳ ривоятда эса қуйидагича келтирилган:

كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا ارْتَحَلَ قَبْلَ أَنْ تَزِيغَ الشَّمْسُ أَخَّرَ الظُّهْرَ إِلَى وَقْتِ الْعَصْرِ ثُمَّ نَزَلَ فَجَمَعَ بَيْنَهُمَا فَإِنْ زَاغَتْ الشَّمْسُ قَبْلَ أَنْ يَرْتَحِلَ صَلَّى الظُّهْرَ ثُمَّ رَكِب

«Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон қуёш заволга юз тутишидан аввал йўлга тушсалар, пешинни аср вақтигача кечиктирар, сўнг тушиб, икковининг орасини жамъ қилардилар. Агар йўлга тушишдан аввал қуёш заволга юз тутган бўлса, пешинни ўқиб, сўнг уловга минардилар» (Бухорий, 2/1111-1112; Муслим, 1/704; Абу Довуд, 1/1220; Насоий, 1/1562; Аҳмад, 3/13609;).

4) Ибн Умар (р.а.)дан қилинган саҳиҳ ривоятда эса қуйидагича келтирилган:

كان رسول الله صلى الله عليه و سلم إذا عجل به السير جمع بين المغرب والعشاء

«Расулуллоҳ (с.а.в.)ни қачон сайр шошилтирса, шом билан хуфтоннинг орасини жамълар эдилар» (Бухорий, 2/1091; Муслим, 1/703).

5) Саҳиҳдан саҳиҳ бир ривоятда қайд қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) сафарда намозларни жамълаб ўқиганлар:

كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْمَعُ بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ إِذَا جَدَّ بِهِ السَّيْر

«Расулуллоҳ (с.а.в.) шом билан хуфтоннинг орасини сайр жиддий тус олганида жамълар эдилар» (Бухорий, 2/1106; Муслим, 1/703; Насоий, 1/600; Доримий, 1/1569; Ибн Хузайма, 2/964; Дорақутний, 2/1477; Аҳмад, 8/4472).

6) Саҳоба Ибн Умар (р.а.)нинг тезликда сафарга чиқишга мажбур бўлиб қолганида, намозларни жамъ қилиб ўқиганлиги ҳақидаги ривоятни ҳам жамълашга далил сифатида келтириш мумкин:

كُنْتُ مَعَ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا بِطَرِيقِ مَكَّةَ فَبَلَغَهُ عَنْ صَفِيَّةَ بِنْتِ أَبِي عُبَيْدٍ شِدَّةُ وَجَعٍ فَأَسْرَعَ السَّيْرَ حَتَّى كَانَ بَعْدَ غُرُوبِ الشَّفَقِ نَزَلَ فَصَلَّى الْمَغْرِبَ وَالْعَتَمَةَ جَمَعَ بَيْنَهُمَا ثُمَّ قَالَ إِنِّي رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا جَدَّ بِهِ السَّيْرُ أَخَّرَ الْمَغْرِبَ وَجَمَعَ بَيْنَهُمَا

«Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) билан Макка йўлида бирга бўлгандим. Ўшанда Сафиййа бинти Абу Убайд (р.а.)дан касаллиги оғирлашгани ҳақида хабар келиб қолганди. Тезликда йўлга тушдилар. Шафақ йўқолганидан кейинги вақт бўлганди, тушиб, шомни ва хуфтонни – икковининг орасини жамълаб ўқидилар. Сўнгра: «Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сафари жиддий тус олганида, шомни кечиктириб, икковининг орасини жамълаб ўқиганликларини кўрганман», дедилар» (Бухорий, 3/1805).

Хуллас, жамълашлик мазмунига далолат қиладиган ҳадиси шарифлар саҳиҳ тўпламларнинг ҳаммасида бор. Уларнинг аксарияти саҳиҳ ҳадиси шарифлардир. Уларга қўшимча бир қанча заиф ҳадислар ҳам мавжуд. Буларнинг ҳаммаси «жамъи таъхир» ҳақида. Имом Абу Довуд (р.ҳ.)нинг Муоз ибн Жабал (р.а.)дан қилган бир ривоятида «жамъи тақдим»нинг жоизлиги борасида ҳам далил мавжуд (Абу Довуд, 1/1222).

Имом Термизийнинг ҳадис тўпламида боб сарлавҳаси ва бу бобда келтирилган ҳадиси шарифлар ҳам уч мазҳаб фиқҳий қарашига мос далил бўлади (Қаранг: Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизий. «Сунани Термизий» таржимаси. 1-жилд. Тўлдирилган қайта нашр / Таржимон, шарҳ ва изоҳлар муаллифи: Мирзо Кенжабек. – Т.: Шарқ, 2012. – Б. 176-178; 423-426).

Таъкидлаш керакки, намозларни жамъ қилиб ўқиш ҳақидаги ҳадислар ҳақиқатан ҳам уч мазҳаб аҳли айтганидек, ҳақиқий жамъга далолат қилиши эҳтимоли бор. Бироқ, ҳанафийлар тушунганидек, уларнинг суварий жамъ бўлишининг ҳам эҳтимоли мавжуд. Беш вақт намознинг алоҳида-алоҳида вақти эса қатъий бўлиб, бунга ояти карима ва мутавотир ҳадиси шарифлар далилдир. Энди, савол туғилади: жамъ борасидаги ҳар хил эҳтимоли бор ва аҳод даражадаги ҳадислар қатъий ҳукмли ояти карима ва мутавотир ҳадисларни ўзгартира оладими?!

  • Намозларни жамъ қилиб ўқиш жоиз эмаслиги борасида ҳанафий мазҳабининг далиллари нима? Бунга бир қанча далиллар мавжуд.
  • Ояти карималар бунга яққол далил бўла олади.

– Аллоҳ таоло намозларни вақти белгиланган ҳолда фарз қилгандир:

فَإِذَا قَضَيْتُمُ الصَّلاَةَ فَاذْكُرُواْ اللّهَ قِيَاماً وَقُعُوداً وَعَلَى جُنُوبِكُمْ فَإِذَا اطْمَأْنَنتُمْ فَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَاباً مَّوْقُوتاً

«Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Оллоҳни ёд этингиз! Бас, қачон хотиржам бўлгач, намозни тўкис адо этингиз! Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди» (Нисо, 103).

– Аллоҳ таоло бандаларини намозларни сақлаб, ўз вақтида адо қилиб юришга буюргандир:

حَافِظُواْ عَلَى الصَّلَوَاتِ والصَّلاَةِ الْوُسْطَى وَقُومُواْ لِلّهِ قَانِتِينَ

«Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!» (Бақара, 238).

– Яна бир оятда эса Аллоҳ таоло намозни унутиб, вақтини ўтказиб юборганларга вайл эълон қилгандир:

فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ  الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ

«Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгай» (Маъун, 4-5).

– Пайғамбарларга меросхўр бўлса-да, бироқ намозларини зоеъ қилган, яъни ўз вақтида адо қилмаганларга Аллоҳ таоло томонидан ёмон жазо таъйинлангандир:

فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيّاً

«Сўнг уларнинг ортидан намозни зоеъ қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям, 59).

Мазкур ояти каримада «намозни зоеъ қилиш» намозни умуман ўқимаслик эмас, уни вақтидан кечиктириб бўлса-да, ўқиб юриш назарда тутилган. Мужоҳид (р.ҳ.): «Улар бу уммат орасида бўлади», деган. Чунки, намозни умуман қасддан ўқимаслик куфрдир. Куфр келтирганлар эса пайғамбарларга меросхўр бўла олмайдилар. Демак, бу ерда намозни зоеъ қилиб, уни ўз вақтида ўқимасдан, кечиктириб юриб гуноҳи кабирага қўл урганлар зикр қилинган (Қаранг: Абу-л-Баракот ан-Насафий. Мадорик ат-танзил (Тафсири Насафий). 3-жуз. – Ҳайъат ал-иғоса ал-исломиййа, 1988. – Б. 39; Ибн Касир. Тафсир ал-Қуръон ал-азим. 3-жуз. – Қоҳира: Дор ал-ғадд ал-жадид, 2007. – Б. 117-119).

– Намозларни ўз вақтида доимий ўқиб юрганларни Аллоҳ таоло мақтагандир:

إِنَّ الْإِنسَانَ خُلِقَ هَلُوعاً  إِذَا مَسَّهُ الشَّرُّ جَزُوعاً  وَإِذَا مَسَّهُ الْخَيْرُ مَنُوعاً  إِلَّا الْمُصَلِّينَ  الَّذِينَ هُمْ عَلَى صَلَاتِهِمْ دَائِمُونَ

«Дарҳақиқат инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачон унга ёмонлик етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир. Қачон унга яхшилик етса, у ўта манъ қилгувчидир. Фақат намоз ўқигувчи зотлар ундоқ эмаски, улар намозларида доим-барқарор бўлгувчи зотлардир» (Маориж, 19-23).

Мазкур ояти каримада инсоннинг бетоқатлиги, у ўта бесабр экани баён қилинмоқда. Унга шунчалик яхшиликлар қилинса-да, манъ қилувчи экани, бахиллиги айтилмоқда. Бу ерда сафарга чиқиш неъмати берилган, бойлик, яхши-яхши уловлар берилган бўлса-да, инсон бесабрлик ила йўлида давом қилиб, намозларнинг вақтини манъ қилиб, икки намозни бирга қўшиб, вақтга бахиллик қилувчилар назарда тутилган бўлса эҳтимол. Фақатгина намозларини доимо ўз вақтида ўқиб юрувчилар ундай эмас.

– Намоз вақтларини сақлагувчиларни Аллоҳ таоло охиратга ва Қуръонга имон келтирганлар сифатида зикр қилгандир:

وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالآخِرَةِ يُؤْمِنُونَ بِهِ وَهُمْ عَلَى صَلاَتِهِمْ يُحَافِظُونَ

«Охиратга иймон келтирадиган кишилар унга (Қуръонга) ҳам иймон келтирадилар ва улар намозларини ўз вақтида адо қиладилар» (Анъом, 92).

– Намозларни вақтлари ила муҳофаза қилувчиларни Аллоҳ таоло ҳақиқий меросхўрлар сифатида зикр қилгандир:

وَالَّذِينَ هُمْ عَلَى صَلَوَاتِهِمْ يُحَافِظُونَ  أُوْلَئِكَ هُمُ الْوَارِثُونَ

«Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. Ана ўшалар ворислардирлар!» (Мўъминун, 9-10).

Юқоридаги ояти карималардан маълум бўлмоқдаки, ҳар бир намознинг муайян ва муқаррар ўз вақтлари бор. Ўша ватқни сақлашлик фарз, вожиб ҳисобланади. Бу вақтларни сақламаганларга эса ваъид-таҳдид бўлмоқда. Боз устига, мазкур оятларнинг субути ва далолати қатъийдир. Намозларни жамълаш ҳақидаги ҳадислар эса машҳур ёки мутавотир эмас, балки аҳод бўлиб, улар оятга мухолафат қила олмайди. Яна мазкур аҳод хабарларни саҳиҳ бир мафҳумга – тушунчага ҳамл қилиш мумкин. Ушбу тушунча эса ҳадисни ҳанафийлар тушунгандек тушунмоқликдир. Яъни, уларни «жамъи суварий» деб тушуниш ҳам мумкин-ку!? Зотан, ҳадислардан «жамъи суварий»ни тушуниш кераклиги уларнинг ўзларида ҳам баён қилинган ўринлари мавжуд. Қуйироқда улар ҳақида сўз юритилади.

Имом Бухорий (р.ҳ.) ва Имом Насоий (р.ҳ.) ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) бундай деганлар:

مَا رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى صَلَاةً بِغَيْرِ مِيقَاتِهَا إِلَّا صَلَاتَيْنِ جَمَعَ بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ وَصَلَّى الْفَجْرَ قَبْلَ مِيقَاتِهَا

«Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ҳеч бир намозни ўз вақтидан бошқа вақтда ўқиганларини кўрган эмасман. Фақатгина икки намозни – шом билан хуфтонни жамъ қилганлар, ва бомдодни ўз (одатдаги) вақтидан олдин ўқиганлар» (Бухорий, 2/1682; Насоий, 1/1578). Имом Баззор ривоятида бу воқеа Муздалифада бўлгани очиқ айтилган (Баззор, 1907).

Бошқа ўринда саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.ҳ.) бундай деган:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يصلي الصلاة لوقتها إلا بجمع وعرفات

«Расулуллоҳ (с.а.в.) намозларни ўз вақтида ўқир эдилар, фақат Муздалифада ва Арафотда ундай эмасди» (Насоий, 2/4005).

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)нинг бу гапи жуда муҳим бўлиб, у Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Арафотда пешин билан асрни, Муздалифада эса шом билан хуфтоннигина жамъ қилиб, қўшиб ўқиганлиги ҳақида хабар берган. Бу қўшиб ўқиш ҳақиқий жамъ бўлган. Бундан ўзга вақтларда (сафарда ёки бошқа пайтларда) эса ҳадисларда келганидек, Расулуллоҳ (с.а.в.) суварий жамъ қилган бўлиб чиқадилар.

3) Саҳоба Абу Қатода (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадис шариф бор бўлиб, унда Расулуллоҳ (с.а.в.) вақтида ўқилмаган намозни, айнан бирор намозни бошқа вақт киргунча кечиктириш мумкин эмаслигини билдирганлар:

لَيْسَ فِى النَّوْمِ تَفْرِيطٌ إِنَّمَا التَّفْرِيطُ فِى الْيَقَظَةِ أَنْ تُؤَخَّرَ صَلاَةٌ حَتَّى يَدْخُلَ وَقْتُ أُخْرَى

«Уйқуда ҳаддан ошиш, сусткашлик йўқ. Сусткашлик, бепарволик бедорликда намозни то бошқа вақт киргунча кечиктиришда бўлади» (Абу Довуд, 1/441; Насоий, 1/1583; Байҳақий, 1/1639; Дорақутний, 1/12; Ибн Ҳиббон, 1/1460; Таҳовий, 1/987).

4) Саҳоба Абу Ҳурайра (р.а.) намоз борасидаги ҳаддан ошиш, сусткашликни намозни бошқа вақт киргунча кечиктириш деб баҳолаган:

سُئِلَ أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: مَا التَّفْرِيطُ فِي الصَّلَاةِ ؟ قَالَ أَنْ تُؤَخَّرَ حَتَّى يَجِيءَ وَقْتُ الْأُخْرَى

Абу Ҳурайра (р.а.)дан: «Намоздаги сусткашлик нима?» деб сўралди. У: «Намозни бошқа намоз вақти киргунча кечиктиришингдир», деб жавоб берди (Таҳовий, 1/989; Ибн Абу Шайба, 1/3389).

5) Саҳоба Ибн Аббос (р.а.) бошқа вақт кирмагунча намознинг вақти ўтиб кетмайди, деган:

لا يفوت صلاة حتى يجئ وقت الأخرى

«Намоз бошқа вақт кирмагунча ўтиб кетмайди» (Таҳовий, 1/988).

Бошқа ўринда Ибн Аббос (р.а.) бундай деган:

لا تَفُوتُ صَلاَةٌ حَتَّى يُنَادَى بِالأُخْرَى

«Намоз бошқа намозга азон айтилмагунча ўтиб кетмайди» (Ибн Абу Шайба, 1/3388).

6) Саҳоба Абу Разин (р.а.) бошқа вақт кирмагунча намознинг вақти ўтиб кетмаслиги, унгача эса инсон бепарволик қилиб уни зое қилиши мумкинлигини айтган:

عَنْ مُنْذِرٍ ، قَالَ : سَأَلْتُ مُرَّةَ أَبَا رَزِينٍ مَتَى تَفُوتُنِي صَلاَةٌ ؟ فَقَالَ : لاَ تَفُوتُك صَلاَةٌ حَتَّى يَدْخُلَ وَقْتُ الأُخْرَى ، وَلَكِنْ بَيْنَ ذَلِكَ إفْرَاطٌ وَإِضَاعَةٌ

«Мунзир (р.ҳ.) айтади: Абу Разин (р.а.)дан: «Намоз мендан қачон ўтиб кетади?» деб сўрадим. У бундай деди: «Сендан намоз бошқа намоз вақти кирмагунча ўтиб кетмайди. Лекин мана шунинг орасида ҳаддан ошган сусткашлик ва намозни зое қилиш бўлиши мумкин» (Ибн Абу Шайба, 1/3387).

7) Намознинг вақтлари мутавотир ҳадислар билан собит бўлгандир. Жумладан, Жаброил (а.с.) икки кун келиб, намоз вақтларининг аввалги ва охирги вақтларини белгилаб ўқиб берган.  Энди, қоида чиқади: сафарда намозларни жамъ қилиб ўқиш мумкинлиги ҳақидаги аҳод ҳадислар ушбу мутавотир ҳадисларга қарши тура олмайди!

Учта мазҳабда келтирилган далиллар – намозларни жамълаб ўқиш ҳақидаги ҳадисларга жавоб беришга ўтиладиган бўлса, айтиладики, бу ҳадисларда жамъдан ҳақиқий жамъ эмас, балки суварий жамъ назарда тутилгандир. Мазкур ривоятларнинг «жамъи суварий» эканига далил қани? Уларнинг «жамъи суварий»га ҳамл қилиниши учун далиллар бўлиши керак. Ҳадисларнинг зоҳирий маъносини бошқа тарафга буриш учун шу ҳадислар даражасидаги ривоятлар керак бўлади. Унга қуйидаги далилларни келтириш мумкин:

Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг саҳоба Ибн Умар (р.а.)дан келтирган ривояти бор:

وَقَالَ عَبْدُ اللَّهِ رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَعْجَلَهُ السَّيْرُ يُؤَخِّرُ الْمَغْرِبَ فَيُصَلِّيهَا ثَلَاثًا ثُمَّ يُسَلِّمُ ثُمَّ قَلَّمَا يَلْبَثُ حَتَّى يُقِيمَ الْعِشَاءَ

  «Расулуллоҳ (с.а.в.)ни сайр шошилтирган вақтда кўрганман, ўшанда ул зоти шариф шомни кечиктирган ва уни уч ракъат қилиб ўқиган, сўнг салом бергандан кейин бир оз турган эдилар ва сўнг хуфтонни ўқигандилар» (Бухорий, 2/1092, 1109).

Бу ерда ҳанафийларга далил бўлган нарса ثُمَّ قَلَّمَا يَلْبَثُ – «сумма қоллама йалбасу» («кейин бир оз турган эдилар») жумласи бўлиб, унда Расулуллоҳ (с.а.в.) шомни охирги вақтида, лекин ўз вақтида ўқиганлар, кейин эса бир оз туриб, хуфтоннинг вақти киришини кутганлар, хуфтон вақти киргандан кейин эса аввалги вақтида хуфтонни ўқиган эдилар. Буюк саҳоба Ибн Умар (р.а.) ҳам худди шундай қилиб икки намоз орасини жамълар эдилар. Имом Бухорийдек зот келтирган мазкур ривоят ҳанафийларнинг энг кучли далилидир! «Саҳиҳи Бухорий»ни шарҳ қилган зот, шофиъий мазҳаби вакилларидан, ҳадисшунос Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) ҳам мазкур ривоятда «жамъи суварий»га далил борлигини тан олган эди (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 3-жилд. – Риёз: Дор Тоййиба, 2005. – Б. 488).

Юқоридаги ҳадиси шариф матнидан кўра ҳам равшанроқ ва аниқроқ бўлган матн бўлиб, уни Имом Абу Довуд (р.ҳ.) ва Имом Доримий (р.ҳ.) ривоят қилган саҳиҳ ҳадисдан топамиз:

أن مؤذن ابن عمر قال : الصلاة ، قال : سر سر ، حتى إذا كان قبل غيوب الشفق نزل فصلى المغرب ، ثم انتظر حتى غاب الشفق وصلى العشاء ثم قال : إن رسول الله صلى الله عليه وسلم كان إذا عجل به أمر صنع مثل الذى صنعت ، فسار في ذلك اليوم والليلة مسيرة ثلاث

Ибн Умар (р.а.нинг муаззини «Намоз!» деганди, у киши: «Юр, юравер!» дедилар. Ҳатто шафақ йўқолишидан олдинги вақт бўлганида, тушиб, шом намозини ўқидилар. Сўнг шафақ йўқолгунча мутназир бўлиб, кутиб турдилар-да, кейин хуфтонни ўқидилар. Шунда Ибн Умар (р.а.) бундай дегандилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.)ни бирорта иш шошилтирса, худди мен қилганимдек иш қилардилар». Ўша куни уч кунлик сафарнинг бир кеча-кундузи бўлган эди» (Абу Довуд, 1/1212; Доримий, 2/1484).

Мазкур ҳадисдаги «сумма интазора» («мутназир бўлиб, кутиб турдилар») ибораси жуда равшан ва аниқ ибора бўлиб, шом билан хуфтон орасида бир муддат қолдирилгани ўз-ўзидан англашилади.

Имом Абу Довуд мазкур ҳадиснинг исноди борасида сукут сақлаган. Ул зотнинг сукути ҳадиснинг саҳиҳ эканини билдиради. Шу билан бирга макзур ҳадиснинг мутобеъсини ҳам келтирган:

قَالَ أَبُو دَاوُدَ وَرَوَاهُ عَبْدُ اللَّهِ بْنُ الْعَلاَءِ عَنْ نَافِعٍ قَالَ حَتَّى إِذَا كَانَ عِنْدَ ذَهَابِ الشَّفَقِ نَزَلَ فَجَمَعَ بَيْنَهُمَا

Абу Довуднинг айтишича, Абдуллоҳ ибн ал-Ало Нофеъдан ривоят қилган: «ҳатто шафақ йўқолиш олди бўлганди, тушиб икки намознинг орасини жамъладилар» (Абу Довуд, 1/1215).

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шариф мавжуд:

صليت مع النبي صلى الله عليه و سلم ثمانيا جميعا وسبعا جميعا قلت يا أبا الشعثاء أظنه أخر الظهر وعجل العصر وأخر المغرب وعجل العشاء قال وأنا أظن ذلك

«Пайғамбар (с.а.в.) билан биргаликда саккизнинг ҳам ҳаммасини, еттининг ҳам ҳаммасини бирга ўқидим. Мен: «Эй, Або Шаъсо, мен бу гапингиздан пешинни кечиктириб, асрни шошилтириб ҳамда шомни кечиктириб, хуфтонни шошилтириб ўқиганлар, деб ўйладим», дедим. Ибн Аббос (р.а.): «Мен ҳам шундай деб ўйладим», деган (Муслим, 1/705).

Мазкур ҳадиси шарифда икки ровийнинг гумони ҳанафийларнинг фиқҳий қарашларига мувофиқ бўлмоқда. Чунки, пешинни кечиктириб, асрни шошилтирганлари, шомни ҳам кечиктириб, хуфтонни шошилтирганлари ҳанафийлар айтганларидек бу ерда «жамъи суварий» бўлаётгани маълум бўлади.

Имом Насоий (р.ҳ.) саҳоба Ибн Аббос (р.а.)нинг бундай деганини ривоят қилган:

صليت مع النبي صلى الله عليه وسلم بالمدينة ثمانيا جميعا وسبعا جميعا أخر الظهر وعجل العصر وأخر المغرب وعجل العشاء

«Пайғамбар (с.а.в.) билан бирга Мадинада саккиз ракъатни ва етти ракъатни жамъ қилиб ўқидим. Ул зот пешинни кечиктирар ва асрни шошилтирар, шомни кечиктирар ва хуфтонни шошилтирар эдилар» (Насоий, 1/376; Баззор, 2/5258).

Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинада пешин билан асрни тўрт-тўрт ракъат, шом билан хуфтонни уч-тўрт ракъат қилиб ўқиганлар. Ибн Аббос (р.а.)нинг гапига қараганда, аввалги намозни кечиктириб, иккинчисини шошилтириб ўқиган бўлсалар, унда суварий жамъ қилиб ўқиган бўладилар.

Муҳаддис Сулаймон ат-Таёлусий ҳам ўз муснадида шу хилдаги ҳадиси шарифни ривоят қилган:

كان النبي صلى الله عليه و سلم في سفر فأخر الظهر وعجل العصر وجمع بينهما وأخر المغرب وعجل العشاء

«Пайғамбар (с.а.в.) сафарда пешинни кечиктирар ва асрни шошилтирар ва икковининг орасини жамъ қилар, шомни ҳам кечиктирар ва хуфтонни шошилтирар эдилар» (Таёлусий, 1/376).

Муҳаддис ат-Таёлусий (р.ҳ.)нинг мазкур ривоятида ҳам «жамъи суварий» назарда тутилаётгани аниқ кўриниб турибди.

Имом Дорақутний (р.ҳ.) ривоят қилган ҳадисда бу хилдаги иборалар келтирилган:

            إذا نزل منزلا فزالت الشمس لم يرتحل حتى يصلي العصر وإذا ارتحل قبل الزوال صلى كل واحدة لوقتها

«Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон бир манзилга тушсалар, қуёш заволга юз тутиб қолса, то асрни ҳам ўқимагунча у ерда қўзғалмас эдилар. Агар заволдан олдин йўлга тушадиган бўлсалар, ҳар бир намозни ўз вақтида ўқирдилар» (Дорақутний, 2/1469).

Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) қуёш заволдан кейин пешинни ва асрни жамъ қилиб ўқиганликлари эҳтимоли бор. Лекин бу ҳолатда бирйўла ўз вақтларида ўқиганидан кейин йўлга тушишлари зикр қилинган ҳам дейиш мумкин. Заволдан олдин йўлга тушганида эса ҳар бир намозни аниқ ўз вақтида ўқиганлар.

Имом Термизий (р.ҳ.) зикр қилган ҳадиси шарифдан икки намозни жамъ қилиб ўқиш гуноҳи кабира экани аён бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

من جمع بين الصلاتين من غير عذر فقد أتى بابا من أبواب الكبائر

«Кимки икки намознинг орасини узрсиз жамъласа, батаҳқиқ, кабира гуноҳлар эшикларидан бир эшикка келибди» (Термизий, 1/188; Байҳақий, 2/5771).

Тўғри, мазкур ҳадис заиф ҳисобланади. Чунки, исноднинг мадорида Ҳанаш ибн Қайс (р.ҳ.) деган ровий бўлиб, Имом Термизий (р.ҳ.) ва Имом Байҳақий (р.ҳ.)нинг ўзлари унинг заиф эканлигини билдириб ўтганлар: «У ҳадис аҳли фикрича заифдир, уни Имом Аҳмад ва бошқалар заиф, деган».

Лекин, мазкур ҳадисни Имом Ҳоким ҳам «ал-Мустадрак»да келтириб ўтган бўлиб (Ҳоким, 1/1020), Ҳанаш ибн Қайсни «У Яман аҳлидан бўлиб, Кўфада яшаган сиқа-ишончли ровийдир. Имом Бухорий ҳам ундан Икрима билан далил келтирган, бироқ, айнан ушбу ҳадисни тахриж қилмаган» деган. Демак, айрим ҳадисшунослар фикрича Ҳанаш ибн Қайс заиф ровий бўлгани билан, у бошқа муҳаддислар фикрича ишончли ровий экан.

Мазкур ҳадиси шариф заиф дейилган бўлса-да, бироқ, Зафар Аҳмад ал-Усмоний «Эъло ус-сунан»да уни ҳасан даражасидан кам эмаслигини исботлаган. Чунки, ҳадис ровийларидан Ҳанаш ибн Қайс заиф дейилган бўлса-да, бироқ, Имом Ҳоким (р.ҳ.) уни сиқа – ишончли деган. Нима бўлганда ҳам ҳадис ровий сабабидан заиф бўлиши мумкин, аммо мазмун ва моҳият эътиборидан у собитдир. Чунки, мазкур ҳадиснинг собитлигини исботлайдиган бошқа саҳиҳ ривоятлар мавжуд:

Имом Моликнинг «ал-Муватто» асари ривоятида Имом Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) бу фикрнинг акси ўлароқ бошқа бир ривоятни ҳам келтирган:

قال محمد : بلغنا عن عمر بن الخطاب أنه كتب في الآفاق ينهاهم أن يجمعوا بين الصلاتين ويخبرهم أن الجمع بين الصلاتين في وقت واحد كبيرة من الكبائر . أخبرنا بذلك الثقات عن العلاء بن الحارث عن مكحول

«Имом Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) айтади: «Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.)дан бизгача етиб келган ривоятга кўра ул зот атрофдаги ислом юртларига икки намознинг орасини жамълашдан қайтарган мактубларини юборганлар. Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) уларга хабар беришича, бир вақтда икки намознинг орасини жамълаш гуноҳи кабиралардан биридир. Буни бизга ишончли ровийлардан, жумладан Ало ибн ал-Ҳорисдан, у эса Макҳулдан ривоят қилган хабар етиб келган» («ал-Муватто», 1/205).

Имом Абдурраззоқ (р.ҳ.) ривоятида ҳазрати Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.): «Билгинки, икки намознинг орасини узрсиз жамъ қилиш гуноҳи кабиралардандир!» деган гапни машҳур саҳоба Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а.)га ҳам ёзиб юборган (Абдурраззоқ, 2/552).

Бу ерда Имом Муҳаммад (р.ҳ.) томонидан буюк саҳоба, амир ал-мўъминин Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) томонидан ёзилган мактуб мазмуни ишончли ровийлар томонидан келтирилган саҳиҳ ривоят зикр қилинди.

Мазкур ривоятда Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) икки намозни жамълаб намоз ўқишни мутлақо гуноҳи кабира эканини таъкидлаган. Яъни, узрли ва узрсиз ҳолатларда ҳам икки намозни жамълаб бўлмайди. Бунга икки намозни жамълашни жоиз дегувчилар Имом Ҳоким (р.ҳ.) ва Имом Байҳақий (р.ҳ.) ривоятларида «мин ғайри узрин» («узрсиз») ибораси борлигини айтадилар (Байҳақий, 3/5348). Бироқ, мазкур ривоят мурсал бўлиб, мазкур икки муҳаддиснинг ўзлари ровий иснодидаги Абу-л-Олия Ҳазрати Умар (р.а.)дан ҳадис эшитмаганини айтганлар. Ҳатто мазкур ривоятнинг Ибн Абу Шайба нақлида иснод ровийларидан Ҳишом билан Абу-л-Олия орасида мутлақо номаълум ровий мавжуд, дейилган (Ибн Абу Шайба, 2/8338). Бироқ, «ал-Жавҳар ан-нақий»да Абу-л-Олия Расулуллоҳ (с.а.в.) вафот этганидан икки йил ўтганидан сўнг мусулмон бўлгани, у Абу Бакр ас-Сиддиқ (р.а.) даврида Мадинага келгани, Ҳазрати Умар (р.а.) халифалиги даврида унинг ортида намоз ўқиганини таъкидлаган (Алоуддин ибн ат-Туркмоний ал-Мординий. Ал-Жавҳар ан-нақий фи-р-радд ъала ал-Байҳақий. 1-жилд. – Ҳайдаробод: Мажлис доират ал-маориф ан-низомиййа, 1316. – Б. 226). «ат-Таҳзиб»да эса Ибн ал-Мадиний (р.ҳ.)нинг Абу-л-Олия Ҳазрати Умар (р.а.)дан ҳадис эшитганини айтгани келтирилган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. 3-жуз. – Ҳайдаробод: Мажлис доират ал-маориф ан-низомиййа, 1325. – Б. 285).

Саҳобаларнинг Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитмасдан айтиши мумкин бўлмаган маънодаги гаплари мурсал бўлгани билан ҳукми марфуъ ҳисобланади. Бу ерда Ҳазрати Умар (р.а.)нинг икки намозни жамълашни гуноҳи кабира деб сифатлаганлиги ўз-ўзидан чиққан гап эмаслиги аён. Зотан, бу хилдаги гапни саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитмасалар, айтмаслиги аниқдир.

Ҳазрати Али (к.в.) мабодо намозларини жамъ қилиб ўқимоқчи бўлса, ҳанафийлар айтганидек, «жамъи суварий» қилиб ўқирди. Бу ҳақида саҳиҳ ривоят етиб келган:

انّ عليًا كَانَ إِذَا سَافَرَ سَارَ بَعْدَ مَا تَغْرُبُ الشَّمْسُ حَتَّى تَكَادَ أَنْ تُظْلِمَ ثُمَّ يَنْزِلُ فَيُصَلِّى الْمَغْرِبَ ثُمَّ يَدْعُو بِعَشَائِهِ فَيَتَعَشَّى ثُمَّ يُصَلِّى الْعِشَاءَ ثُمَّ يَرْتَحِلُ وَيَقُولُ هَكَذَا كَانَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَصْنَعُ

«Қачон Ҳазрати Али (к.в.) қуёш ботганидан кейин сафарга чиқадиган бўлса, қоронғулик бутунлай ботишга яқин қолгандан сўнг тушар эди-да, шом намозини ўқир эди. Чўнг кечки овқатини сўрар ва таомланиб оларди. Сўнг хуфтонни ўқир, кейин эса йўлга тушарди. «Расулуллоҳ (с.а.в.) худди шундай қилардилар», дерди» (Абу Довуд, 1/1234).

9)  Имом Таҳовий (р.ҳ.) саҳиҳ иснод билан («Асор ас-сунан», 2/74) айтишига қараганда, саҳобалар Абу Усмон (р.а.) ва Саъд ибн Молик (р.а.) «жамъи суварий» қилиб намоз ўқиганлар:

عَنْ أَبِي عُثْمَانَ، قَالَ: » وَفَدْتُ أَنَا وَسَعْدُ بْنُ مَالِكٍ، وَنَحْنُ نُبَادِرُ لِلْحَجِّ فَكُنَّا نَجْمَعُ بَيْنَ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ , نُقَدِّمُ مِنْ هَذِهِ , وَنُؤَخِّرُ مِنْ هَذِهِ , وَنَجْمَعُ بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ , نُقَدِّمُ مِنْ هَذِهِ , وَنُؤَخِّرُ مِنْ هَذِهِ حَتَّى قَدِمْنَا مَكَّةَ «

«Абу Усмон (р.а.) айтади: «Мен ва Саъд ибн Молик (р.а.) элчи бўлиб келдик. Биз ҳажга шошилаётган эдик. Биз пешин билан асрнинг орасини жамъ қилиб ўқирдик: унисини олдинга суриб, бунисини орқага тортар эдик. Шом билан хуфтоннинг орасини ҳам жамъ қилиб ўқирдик: унда ҳам унисини олдинга суриб, бунисини орқага тортар эдик. Шундай қилиб Маккага кириб келар эдик» (Таҳовий, 1/990).

10) Саҳоба Анас ибн Молик (р.а.) сафарда икки намозни жамъ қилиб ўқимоқчи бўлса, ҳанафийлар айтганидек, «жамъи суварий» қилиб ўқир эди:

كان أنس بن مالك إذا أراد أن يجمع بين صلاتين في السفر أخر الظهر إلى آخر وقتها ثم صلاها وصلي العصر في أول وقتها ويصلي المغرب في آخر وقتها ويصلي العشاء في أول وقتها ويقول : هكذا كان رسول الله صلي الله عليه وسلم يجمع بين الصلاتين في السفر

«Анас ибн Молик (р.а.) сафарда икки намоз орасини жамъ қилиб ўқимоқчи бўлса, пешинни охирги вақтигача кечиктирар, сўнг уни ўқир, асрни эса аввалги вақтида ўқирди. Шомни ҳам охирги вақтида ўқир, хуфтонни эса аввалги вақтида ўқиб оларди. «Расулуллоҳ (с.а.в.) сафарда икки намознинг орасини худди шундай қилиб жамълардилар», дерди» (Баззор, 2/6458).

Имом Баззор (р.ҳ.)нинг ҳадиси ровийларининг барчаси сиқа-ишончли, фақат Ибн Исҳоқ (р.ҳ.) деган ровийни сиқа-ишончли бўлиши билан бирга мудаллас ҳам деганлар. Нима бўлганда ҳам ҳадис ҳасан даражасидан кам эмас ва у қўшимча далил сифатида жуда кераклидир.

Юқоридаги ривоятлардан саҳобаи киромлар «жамъи ҳақиқий» фақат ҳажда бўлишини аниқ билганлари маълум бўлади. Бошқа ўринларда, масалан сафарга чиққанларида ва шошилиб турганларида, ҳанафийлар тушунганларидек, «жамъи суварий» қилиб ўқиб кетаверганлар.

  11) Сафарда ва бошқа пайтларда икки намозни ҳақиқий жамълаб ўқиш мумкин дегувчилар, юқорида айтганимиздек, бу фикрга далил сифатида саҳоба Муоз ибн Жабал (р.а.)нинг Расулуллоҳ (с.а.в.) Табук ғазотида худди шундай қилганларини келтирадилар. Бироқ, қизиғи шундаки, Имом Табароний (р.а.) ривоятида мазкур ўринда Расулуллоҳ (с.а.в.) намозларни, ҳанафийлар тушунганларидек, «жамъи суварий» қилиб ўқиганлари аниқ айтилган:

عن معاذ بن جبل قال خرجنا مع رسول الله صلى الله عليه و سلم في غزوة تبوك فجعل يجمع بين الظهر والعصر يصلي الظهر في آخر وقتها ويصلي العصر في أول وقتها ثم يسير ويصلي المغرب في آخر وقتها ما لم يغب الشفق ويصلي العشاء في أول وقتها حين يغيب الشفق ثم قال حين دنا إنا نازلون غدا إن شاء الله تبوك فلا يسبقنا أحد إلى الماء قال معاذ فكنت أول من سبق إلى الماء…

«Муоз ибн Жабал (р.а.) айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга Табук ғазотига чиқдик. Пешин билан асрни жамъ қилиб ўқимоқчи бўлдилар. Пешинни охирги вақтида ўқидилар, асрни эса аввалги вақтида ўқидилар. Сўнг йўлга тушдилар. Шомни ҳам охирги вақтида – шафақ ғойиб бўлмасдан туриб ўқидилар. Хуфтонни эса аввалги вақтида – шафақ ғойиб бўлганида ўқидилар. Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.): «Биз яқинлашиб қолдик, худо хоҳласа, эртага Табукда бўламиз. Бизлардан сувга ҳеч ким етиб бормадими?» дедилар. Ўшанда мен сувга ҳаммадан илгари етиб борган эдим …» (Табароний, «ал-Мўъжам ал-авсат», 7/6901).

12) Икки намозни жамълашни жоиз дегувчилар бир саҳиҳ ривоятга келганда, уни ҳанафийларга ўхшаб «жамъи суварий» ҳақида гап кетаётганини тан олишга мажбур бўлганлар. Чунки, улар жамъ бўлиши учун узр, яъни сафар, ёмғир, касаллик бўлиши кераклигини айтишган. Ҳолбуки, шундай ҳадислар борки, уларда бу учовидан бирортаси бўлмаган вақтда намозни жамълаш ҳақида гап кетади. Масалан, Имом Термизий (р.ҳ.)нинг саҳоба Ибн Аббос (р.а.)дан қилган ривоятини келтириш мумкин:

عن بن عباس قال جمع رسول الله صلى الله عليه وسلم بين الظهر والعصر وبين المغرب والعشاء بالمدينة من غير خوف ولا مطر قال فقيل لابن عباس ما أراد بذلك قال أراد أن لا يحرج أمته

«Ибн Аббос (р.а.) деди: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинада ҳеч қандай хавф-хатар ва ёмғир бўлмаса ҳам пешин билан аср орасини ва шом билан хуфтон орасини жамъладилар». Шунда Ибн Аббос (р.а.)га: «Бу билан Расулуллоҳ (с.а.в.) нимани ирода қилганлар?» дейилди. У: «Бу билан ул зоти шариф умматларига ҳараж-машаққат бўлмаслигини ирода қилганлар», деб жавоб берди (Термизий, 1/187).

Муҳаддислар Имом Аҳмад (р.ҳ.) ва Имом Табароний (р.ҳ.) ривоятларида бу ерда: من غير علة  («Мадинада ҳеч қандай иллатсиз, сабабсиз») деган жумла ишлатилган. Шунингдек, саҳоба Ибн Аббос (р.а.)нинг жавоби бу тариқа: التوسّع على أمته  («Бу жамълаш умматига кенглик бўлиши учун бўлган эди»), бўлган (Аҳмад, 1/3235; Табароний, 12/12644).

Шофиъийлар ҳам, моликийлар ҳам ушбу ҳадиси шарифда «жамъи суварий», яъни «жамъи феълий» акс эттирилган дейишга мажбур бўладилар. Фақат ҳанбалийлардан баъзиси ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг касаллик вақтларида бўлган воқеа акс эттирилган, деган фикрни ўртага ташлаганлар. Бироқ, бу таъвил унчалик тўғри эмас. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) касал бўлган бўлишлари мумкин, аммо бутун шаҳар аҳли касал бўлмаган-ку?! Ундай бўлса, соппа-соғ мадиналик саҳобалар нимага Расулуллоҳ (с.а.в.)га иқтидо қилганлар?! Иккинчидан, ҳадиснинг ўзида жамълашнинг сабабини ровий Ибн Аббос (р.а.)дан сўраганларида, у бирорта сабабни кўрсатган эмас, на касаллик, на ёмғирни кўрсатган. Агар булар икки намозни жамълашга сабаб бўлганида Ибн Аббос (р.а.) уни баён қилган бўларди. Фақат Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг икки намозни жамълашларининг сабаби сифатида уммати муҳаммадийга ҳараж – машаққат бўлмаслигини хоҳлаганлари кўрсатилган. Шунинг учун ҳам буюк муҳаддис, ҳадисшунос «Саҳиҳи Бухорий»нинг шориҳларидан бири шофиъий мазҳаблик Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) мазкур ҳадисда «жамъи суварий» баён этилган, ундан бошқаси бўлиши мумкин эмас, деб таъкидлаган. Чунки, шофиъий фақиҳларидан Имом ал-Қуртубий (р.ҳ.), Имом ал-Ғаззолий (р.ҳ.)нинг устози Имом ал-Ҳарамайн (р.ҳ.), Ибн ал-Можишун (р.ҳ.) ва Ибн Саййид ан-нос (р.ҳ.) каби олимлар бу ҳадисда «жамъи суварий» баён этилганини қатъий тасдиқлаганлар (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 2-жилд. – Риёз: Дор Тоййиба, 2005. – Б. 308).

Агар шундай бўлар экан, мазкур ҳадиси шарифда ҳеч қандай сабабсиз жамълаш зикр қилинган экан, мазкур ҳадиси шарифда «жамъи суварий» баён этилган экан, нима учун бошқалар икки намозни жамълаш учун сафар, ёмғир, касаллик каби шартларни кўрсатадилар, нима учун ҳанафийлар каби «жамъи суварий»ни тасдиқ қилмайдилар?!

13) Юқоридагилардан келиб чиқиб кейинги далилни айтиш мумкин: агар ҳанафийлар каби икки намозни жамълаш ҳақидаги ҳадиси шарифлардан «жамъи суварий» ирода қилинган дейилса, барча ҳадислар орасида татбиқ ва мувофақат ҳосил бўлади. Агар «жамъи ҳақиқий» дейиладиган бўлса, Имом Термизий (р.ҳ.) ривоят қилган Ибн Аббос (р.а.)нинг ҳадиси билан саҳиҳайнда – Имом Бухорий (р.ҳ.) ва Имом Муслим (р.ҳ.) ривоят қилган Ибн Масъуд (р.а.)нинг ҳадиси ўртасида тазодд – қарама-қаршилик вужудга келади. Бу икковидан бировини тарк қилишга тўғри келиб қолади. Бинобарин, иложи борича, имкон қадар ҳадислар ўртасини татбиқ қилиш, бир-бировига қарама-қарши қўймасдан таъвил қилиш, ҳадисларни шарҳлашда бир-бирига зид бўлмаган маъноларни бериш лозим бўлади. Шунда уларнинг ҳаммасини амалга оширишнинг имконияти пайдо бўлади. Агар бир-бирига зид маъноли ҳадисларни мувофиқлаштириш имкони бўлмаса, унда қиёсга қайтишга мажбур бўлинади. Ҳанафийлар тутган йўл эса ушбу бобда ҳам ўзининг афзал жиҳатларини намоён қила олган, дейиш мумкин.

14) Охирги далилни аллома Шабир Аҳмад ал-Усмоний (р.ҳ.) ўзининг «Фатҳ ал-мулҳим» асарида келтирган. Ҳадислардан «жамъи суварий» ирода қилиниши кераклиги борасида латиф, ажойиб бир тавжиҳни зикр қилган: қайси намозларни жамълаш айтилган? Пешин билан аср, шом билан хуфтон. Бошқа намозларни жамълаш айтилган эмас. Масалан, бомдод билан пешинни, аср билан шомни, хуфтон билан бомдодни жамълаш мумкин эмас. Бу намозларни жамълаш борасида ҳеч қандай далиллар йўқ, шунинг учун ислом оламида ҳеч ким бу намозларни жамълаш тўғрисида бирорта сўз ёки фикр айтган эмас. Энди, агар икки намозни жамълаш тўғрисидаги ҳадиси шарифларда «жамъи ҳақиқий» баён этилган дейилса, масалан, нима учун бомдод билан пешиннинг, аср билан шомнинг, хуфтон билан бомдоднинг орасини жамълаш мумкин эмаслигининг сабабини ҳеч ким тушунтира олмайди. Агар икки намозни жамълаш тўғрисидаги ҳадиси шарифларда «жамъи суварий» баён этилган дейилса, унда масалан, бомдод билан пешиннинг орасида бўшлиқ вақт борлиги боис уни жамълашнинг иложи йўқ, деб жавоб бериш мумкин бўлади. Аср билан хуфтоннинг эса охирлари макруҳ вақтлар бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) бу вақтларда аср билан хуфтонни ўқиб, кейинги намозларни жамълаган эмаслар (Шабир Аҳмад ал-Усмоний. Фатҳ ал-мулҳим. 4-жуз. – Байрут: Дор эҳё турос ал-арабий, 2006. – Б. 427-428).

Агар бу ерда шом намозининг охирги вақти ҳам макруҳ-ку, юлдузлар кўпайиб кетганидан сўнг шомни ўқиш ҳам макруҳ бўлади-ку, дейилса, унга бундай жавоб берилган: шом намозининг охири макруҳ бўлиши узрсиз ҳолатлардадир. Сафар, касаллик, таомнинг ҳозир бўлиши узр бўлиб, бу ҳолатларда шомни охирги вақтида ўқиш макруҳ эмас. Жумладан, рамазон ойида ифторликларда таомланиб, анча вақтдан кейин шом ўқилишининг ҳам кароҳияти йўқ (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. –Миср: Илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 261; Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2003. – Б. 27-29).

Бинобарин, бу ерда Шабир Аҳмад ал-Усмоний (р.ҳ.)нинг келтирган далилига ҳеч қандай қониқарли жавоб айтилган эмас.

— Ҳанафийлар зиддига уч мазҳаб аҳлининг эътирозлари ҳам бор бўлиб, улар икки намоз орасини жамълаш борасидаги ҳадиси шарифлардан «жамъи суварий» ирода қилинмаганлигини исботлашга қаратилган.

— Ҳанафийларга билдирилган биринчи эътироз шуки, Имом Муслим (р.ҳ.) саҳоба Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилган ҳадис бор.

عن أنس عن النبي صلى الله عليه و سلم إذا عجل عليه السفر يؤخر الظهر إلى أول وقت العصر فيجمع بينهما ويؤخر المغرب حتى يجمع بينها وبين العشاء حين يغيب الشفق

«Қачонки Расулуллоҳ (с.а.в.)га сафар шошилтирса, пешинни асрнинг аввалги вақтигача кечиктирар, сўнг уларнинг орасини жамълаб ўқир эдилар. Шомни ҳам кечиктирар ва шафақ йўқолган вақтда хутфан орасини жамълаб ўқир эдилар» (Муслим, 1/704).

Мазкур ҳадиси шарифни «жамъи суварий»га ҳамл қилишнинг иложи йўқ-ку, ахир ҳадиснинг матнида пешинни аср вақтида ўқилгани зикр қилинган-ку? Ушбу саволдан келиб чиқиб, уч мазҳаб аҳли икки намознинг орасини жамълаш борасида «жамъи ҳақиқий»ни оладилар.

Ҳанафийлар бу ҳадисга қуйидагича жавоб берганлар:

Бу ерда «ғоя муғайё остига кирмайди»деган оддий наҳвий қоида юзага келган. Бу қоида наҳв китобларида баён этилган (Қаранг: Абдурраҳмон Жомий. Ал-Фавоид аз-зиёиййа» (Шарҳ Мулло). – Бўмбай: Каримий, 1327. – Б. 348). Яъни, араб тилидаги «ила» мақсадни ифодалайдиган сўз. Агар ундан олдин келтирилган мақсад қилинган – муғайё ушбу сўздан кейин келтирилгани билан жинсда бир хил бўлса, унда «ила»дан кейингиси ғоя – мақсад (аниқроғи, ғоя-мақсад ниҳояси) остига киради, акс ҳолда кирмайди. Мазкур қоидага кўра ҳанафийларнинг мўътабар фиқҳий манбалари «ал-Ҳидоя» ва «Шарҳ ал-Виқоя»да таҳоратда қўл ювишда тирсак (чиғаноқ) ювишга кирадими ёки йўқми, деган масала кўриб чиқилган (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1314. – Б. 30; Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Шарҳ ал-Виқоя.1-жилд.  – Лакнав: Юсуфий, 1327. – Б. 53-55).

Тушунтириш учун иккита мисолни келтириш мумкин:

1) Таҳорат қилиш фарзлиги мазкур ояти карима билан собит бўлган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فاغْسِلُواْ وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُواْ بِرُؤُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ

«Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз!» (Моида, 6).

Мазкур ояти каримада «айдийакум ила ал-марофиқи» ҳамда «аржулакум ила ал-каъбайн» иборасида «ила»дан олдинги «айдийакум» («қўлларингизни») ва «аржулакум» («оёқларингизни») сўзлари ювиш борасида муғайё – мақсад қилинган бўлиб, «ила»дан кейинги «ал-марофиқи» («чиғаноқлари») ҳамда «ал-каъбайн» («ошиқлари») сўзлари эса ғоя-мақсад ниҳояси ҳисобланади. Чунки, «ила» мақсаднинг ниҳояси, тугаши учун келтирилади. Бу ерда «ила»дан олдинги қўллар ва оёқлар билан «ила»дан кейин келтирилган чиғаноқ ва ошиқ бир жинсдан бўлгани боис ювишда қўл ва оёққа унинг чиғаноқлари ва ошиқлари ҳам киритилиши лозим бўлади.

2) Иккинчи мисол рўза ҳақида бўлиб, бу бобда мазкур ояти карима мавжуд:

ثُمَّ أَتِمُّواْ الصِّيَامَ إِلَى الَّليْلِ

«Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара, 187).

Мазкур ояти каримада «ас-сиём» («рўзани») сўзи муғайё – мақсад қилинган бўлиб, «ила»дан кейинги «ал-лайл» («кечгача») сўзи ғоя – мақсад ниҳоясидир. Кундуз билан кеча бошқа-бошқа вақтлар бўлгани боис «ила»дан кейинги ғоя ундан олдинги муғайё остига киритилмайди. Бинобарин, кечаси рўза тутилмайди, у киришидан аввал рўза тугатилади.

Энди, ҳадис матнидаги «йуаххир аз-зуҳра ила аввали вақт ал-асри» иборасида «ила» ғояни, яъни мақсаднинг тугашини билдиради. Ундан олдинги «аз-зуҳр» («пешин») сўзи ҳадисда муғайё – мақсад қилингандир. Аслида, пешин билан асрнинг вақти бошқа-бошқа вақтлардир. Кеча кундузга киритилмаганидек, пешин вақти аср вақтига киритилмайди. Демак, «ила»дан олдинги «аз-зуҳр» («пешин») сўзи «ила»дан кейинги «аввали вақт ал-аср» («аср вақтининг аввали») сўзига кирмайди.

Ҳанафийлар ҳадиснинг биринчи қисмига жавоб берган бўлсалар-да, унинг иккинчи қисмида тилга олинган «ҳийна йуғийб аш-шафақ» («шафақ йўқолган вақтда») иборасига қандай жавоб берадилар? Ҳадис матнидаги «ҳийна» сўзи зарф – равиш, вақт ҳолини билдиради. Зарф эса вақт, чоғни билдиради. Бу ерда шафақ йўқолиб бўлган вақтни эмас, йўқолаётган чоғни билдиради. Яъни, шафақ йўқолиш арафасида, йўқолай-йўқолай деган вақтда деган маънони ифодалайди. Бундан шафақ йўқолиш вақти шомнинг энг охирги вақти бўлиб, шунда шомни ўқиб олинарди, шом ўқилиши билан вақт чиқиб кетарди, сўнг хуфтонни ўқирди, деган маъно келиб чиқади. Ушбу таъвилни қувватлайдиган бир ривоят бор бўлиб, уни Имом Абу Довуд (р.ҳ.) саҳоба Ибн Умар (р.а.)дан нақл қилган. Унинг аёли Сафиййа (р.а.) касаллиги сабабли тезлик билан сафарга чиққанида шомни кечиктириб ўқиган. Уни Абу Довуд (р.ҳ.) ушбу лафз билан ривоят қилган:

عَنْ نَافِعٍ أَنَّ ابْنَ عُمَرَ اسْتُصْرِخَ عَلَى صَفِيَّةَ وَهُوَ بِمَكَّةَ فَسَارَ حَتَّى غَرَبَتِ الشَّمْسُ وَبَدَتِ النُّجُومُ فَقَالَ إِنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- كَانَ إِذَا عَجِلَ بِهِ أَمْرٌ فِى سَفَرٍ جَمَعَ بَيْنَ هَاتَيْنِ الصَّلاَتَيْنِ. فَسَارَ حَتَّى غَابَ الشَّفَقُ فَنَزَلَ فَجَمَعَ بَيْنَهُمَا

Ибн Умар (р.а.) Сафиййа (р.а.) сабабидан чақиртирилди, у Маккада эди. Шунда қуёш ботиб, юлдузлар кўринай деб қолганда икки намозни жамълаб ўқиди. У: «Расулуллоҳ (с.а.в.)га сафарда бирорта иш шошилтирадиган бўлса, бу икки намоз (шом билан хуфтон)ни жамълаб ўқирдилар. Шунда шафақ ғойиб бўлай деб қоларди. Тўхтаб, икки намозни жамълаб ўқирдилар», деди» (Абу Довуд, 1/1209).

Бошқа ривоятда «баъда ан йуғийб аш-шафақ» («шафақ ғойиб бўлганидан кейин»), дейилган бўлса (Муслим, 1/703; Байҳақий, 3/5302; Дорақутний, 2/1474), бошқасида эса «ҳатта кона баъда ғуруб аш-шафақ» («шафақ ғойиб бўлгандан кейин»), дейилса (Бухорий, 3/1805, 3000; Байҳақий, 3/5306), бировида «ҳатта иза кона баъда ма ғоба аш-шафақ» («шафақ ботганидан кейин») дейилади (Байҳақий, 3/5301, 5304; Дорақутний, 2/1474), яна бировида «фаламма ан ғоба аш-шафақ» дейилади (Байҳақий, «ас-Сунан ас-суғро», 1/577). Бошқа ривоятда эса «ҳатта иза кода йуғиб аш-шафақ» («шафақ йўқолишга яқин бўлди» дейилади (Дорақутний, 2/1483-1487).  Бу ерда ривоятларда ҳар хил лафзлар келтирилган. Буларни мувофиқлаштириш учун «ҳатта иза кода йуғиб аш-шафақ» ибораси билан келтирилганини асл-асос деб олинади-да, қолган иборалар билан келтирилганларида эса маъно ривоят қилинган, деб таъвил қилинади.

Ибн Умар (р.а.)нинг хотинлари учун тезликда йўлга чиққанлари воқеасини икки намозни қўшиб ўқиш мумкин дегувчилар ўзларининг мазҳабларига мувофиқ бўлган тарздаги ривоятларини келтирганлар. Уларнинг ушбу келтирган ривоятларида бир неча ўринларда изтироб борлиги, айрим ривоятлар эса заиф экани «ал-Жавҳар ан-нақий»да исботлаб берилган (Алоуддин ибн ат-Туркмоний ал-Мординий. Ал-Жавҳар ан-нақий фи-р-радд ъала ал-Байҳақий. 1-жилд. – Ҳайдаробод: Мажлис доират ал-маориф ан-низомиййа, 1316. – Б. 224-225).

Шунинг учун, ҳанафийлар билганларидек, Ибн Умар (р.а.) ҳам хотинлари Маккадаги экинзорида пайтида касал бўлиб қолгани учун шошилиб бораётганларида шомни энг охирги вақтида шафақ йўқолай-йўқолай деган пайтда, шафақ йўқолишга яқин-яқин қолганида ўқиб олганлар. Чунки, юқорида Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинган ривоятларда «сумма қоллама йалбасу» («кейин бир оз турган эдилар») каби (Бухорий, 2/1092, 1109), «сумма интазора» («мутназир бўлиб, кутиб турдилар») каби (Абу Довуд, 1/1212; Доримий, 2/1484) иборалар ҳам келтирилган бўлиб, Ибн Умар (р.а.) шомни ўз вақтида – энг охирги пайтида ўқиб олиб, хуфтон вақти киргунча кутиб турганлар. Шунинг учун ҳам Ибн Умар (р.а.)нинг ўғли Солим ибн Абдуллоҳ (р.ҳ.)дан: «Ибн Умар (р.а.) сафарда бирор марта намозни жамълаб ўқиганмилар?» деб сўралганда, «Йўқ, у зот фақат Муздалифада шундай қилганлар» деб жавоб берган эди (Халил Аҳмад Саҳорнафурий. Базл ал-мажҳуд. 6-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1973. – Б. 290).

Бинобарин, «ҳатта иза кода йуғиб аш-шафақ» ибораси билан келтирилган ҳадисни асос деб оламиз, қолганларини эса таъвил қиламиз.

Шабир Аҳмад ал-Усмоний (р.ҳ.) «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳи ҳисобланган «Фатҳ ал-мулҳим» асарида бошқа бир ажойиб тавжеҳни келтирган (Шабир Аҳмад ал-Усмоний. Фатҳ ал-мулҳим. 4-жуз. – Байрут: Дор эҳё турос ал-арабий, 2006. – Б. 422): мазкур эътирозда шафақ ғойиб бўлиши ҳақида гап кетмоқда. Яъни, ҳадис зоҳирига кўра шом билан хуфтон шафақ йўқ бўлганидан сўнг жамъ қилиб ўқилган. Шафақнинг қандай бўлиши ҳақида эса уламолар орасида ихтилоф борлиги маълум. Кўпчилик уфқдаги қизилликни шафақ десалар, айримлар, жумладан Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) уни қизиллик йўқолганидан кейинги уфқдаги оқлик деган.

Саҳоба Ибн Умар (р.а.)дан бу тарзда ривоят етиб келган:

الشفق الحمرة فاذا غاب الشفق وجبت الصلوة

«Шафақ қизилликдир, қачон шафақ ғойиб бўлса, намоз (хуфтон) вожиб бўлади» (Дорақутний, 1/1066).

Кўпчилик уламолар шафақни уфқдаги қизиллик деб топганлар. Ҳанафийлик мазҳабида ҳам фатво берилган фиқҳий қараш шундайдир.

Бироқ, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.), Имом Аҳмад (р.ҳ.), ал-Музаний (р.ҳ.) каби фақиҳлар саҳобалар Абу Бакр ас-Сиддиқ (р.а.), Анас ибн Молик (р.а.), Муоз ибн Жабал (р.а.), Ойша (р.а.), Убай ибн Каъб (р.а.), Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.), Умар ибн Абдулазиз (р.а.) кабиларга эргашиб шафақни оқлик деб топганлар (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жуз. – Қозон, 1904. – Б. 86-87). Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) шом намозининг охирги вақтини бундай белгилаганлар:

آخر وقت المغرب اذا إسودّ الأفق

«Шом вақтининг охири уфқ жуда қорайгандадир» (Қаранг: аз-Зайлаъий. Насб ар-раъйа).

Расулуллоҳ (с.а.в.) хуфтон намозини уфқ қорайганидан кейин ўқиганлар (Абу Довуд, 1/394; Табароний, 17/716; Байҳақий, 1/1582; Дорақутний,1/1000; Ибн Ҳиббон, 4/1449; Ибн Абу Шайба, 1/3337).

 Энди, Шабир Аҳмад ал-Усмоний (р.ҳ.) фикрича, уфқдаги қизиллик билан қоралик орасида озгина муддат оқлик юзага келади. Ана шу оқлик шомнинг ихтилофли вақтидир. Агар икки намозни – шом билан хуфтонни жамъ қилиб ўқимоқчи бўлинса, ана ўша оқликда ўқилса, Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг бир ривоятига мувофиқ намозларни ўз вақтида ўқиган бўлиб чиқади.

Ҳанафийларга билдирилган иккинчи эътироз шуки, ҳанафийлар икки намозни жамълаш ҳақидаги ривоятларни «жамъи суварий» деб ном беришларининг асоси йўқ. Чунки, ҳадисларда жамъ мутлақ айтилган бўлиб, ҳеч қайсисида «жамъи суварий» атамаси ишлатилган эмас. Зотан, «жамъи суварий»да ҳар бир намоз ўз вақтида ўқилган бўлиб чиқади. Унда ровийларнинг «жамъ» сўзини келтиришидан мақсад нима? Намозлар ўз вақтида ўқилганидан кейин уни «жамъ қилинди» дейишнинг кераги бўлмай қолади-ку?!

Ҳанафийлар ушбу эътирозга ҳам жавоб берганлар. «Жамъ» деган атама ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ (с.а.в.) томонларидан ҳам тилга олинган. Зайнаб бинти Жаҳш (р.а.)га ҳайз кўрган аёллар масъаласини ўргатар эканлар, унга Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар:

فإن قويت على أن تؤخري الظهر وتعجلي العصر فتغتسلين وتجمعين بين الصلاتين الظهر والعصر وتؤخرين المغرب وتعجلين العشاء ثم تغتسلين وتجمعين بين الصلاتين فافعلي

«Агар қувватга кирсанг, пешинни кечиктириб, асрни тезлатасан. Демак, бунда ғусл қилиб оласан-да, икки намозни – пешин билан асрни жамъ қиласан. Шомни ҳам кечиктириб, хуфтонни шошилтирасан. Сўнг бунда ҳам ғусл қиласан-да, икки намоз орасини жамъ қиласан. Агар қувватга кирсанг, шундай қилақол!» (Термизий, 1/128; Абу Довуд, 1/287; Байҳақий, 1/1499; Дорақутний, 1/844).

Мазкур ҳадиси шарифда «жамъ» сўзи аниқ тилга олинган, шунингдек, унда пешинни кечиктириб, асрни тезлатишдан ва шомни кечиктириб, хуфтонни тезлатишдан «жамъи суварий»га ишора борлиги ўз-ўзидан аён бўлмоқда.

Бундан бошқа «жамъи таъхир», «жамъи тақдим» каби атамалар эса ҳадисларнинг маъноларидан келиб чиқиб, уламолар томонидан қўйилган номлардир.

Ҳанафийларга билдирилган учинчи эътироз шуки, икки намозни жамъ қилиб ўқиш мусулмонлар учун осонлик туғилган бўлади. Вақтдан ютилади, таҳоратга осонлик туғилади ва ҳоказо. Агар уларни «жамъи суварий»га кўра таъвил қиладиган бўлсак, унда қандайдир машаққатлар юзага чиқади. Бу ерда яна бир машаққат бор. Пешиннинг охирги вақтни ушлаб қолиш керак, шомнинг охирги вақтини топиб олиш керак. Сафарда кетаётган одамнинг бунга алоҳида эътибор қилиб, уни топишга ҳаракат қилишининг имконияти жуда оз бўлади.

Ҳанафийлар айтадики, аслида «жамъи суварий»да осонлик мавжуд. Сафарда кетаётган одамга машаққат тушиш-чиқиш, ҳадеб тўхтайверишдан юзланади. Бир тўхтаган жойида намознинг охирги вақтида ўқиб, дам олиб, ором олиб, иккинчи намозни ўқиб яна йўлга тушиш осонликдир.  Иккинчидан, намознинг бошланиш ва тугалланиш вақтлари ҳадиси шарифларда жуда кўп таъкидланган, ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ (с.а.в.) томонларидан қайта-қайта уқтирилган, таълим берилган бўлиб, намозларига астойдил кўнгил қўйган мусулмонга намознинг бошланиш ва тугалланиш вақтини билиши машаққатли бўлмайди.

Ҳанафийларга билдирилган тўртинчи эътироз шуки, балки жамънинг таъхир хилига ҳанафийлар айтганидек, жавоб бериш мумкиндир, лекин «жамъи тақдим»га қандай жавоб берилади? Ахир кейинги намозни олдинги намоз вақтига тортиб ўқиш ҳақидаги ҳадислар ҳам бор, уларни қандай тушуниш керак? Жумладан, «жамъи тақдим»га оид мана бу ҳадиси шариф бор:

إذَا ارْتَحَلَ قَبْلَ أَنْ تَزِيغَ الشَّمْسُ أَخَّرَ الظُّهْرَ حَتَّى يَجْمَعَهَا إِلَى الْعَصْرِ فَيُصَلِّيهِمَا جَمِيعًا وَإِذَا ارْتَحَلَ بَعْدَ زَيْغِ الشَّمْسِ صَلَّى الظُّهْرَ وَالْعَصْرَ جَمِيعًا ثُمَّ سَارَ وَكَانَ إِذَا ارْتَحَلَ قَبْلَ الْمَغْرِبِ أَخَّرَ الْمَغْرِبَ حَتَّى يُصَلِّيَهَا مَعَ الْعِشَاءِ وَإِذَا ارْتَحَلَ بَعْدَ الْمَغْرِبِ عَجَّلَ الْعِشَاءَ فَصَلاَّهَا مَعَ الْمَغْرِب

«Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон қуёш майл қилишидан аввал юрадиган бўлсалар, пешинни кечиктирар, ҳатто асрга уни жамълаб икковини биргаликда ўқир эдилар. Агар қуёш заволидан олдин йўлга тушсалар, пешин ва асрни биргаликда ўқиб олар, сўнг йўлга отланардилар. Агар шомдан олдин йўлга тушсалар, унда шомни кечиктириб, уни хуфтон билан биргаликда ўқирдилар. Агар шомдан кейин йўлга тушадиган бўлсалар, хуфтонни шошилтирар, сўнг уни шом билан бирга ўқиб олардилар» (Абу Довуд, 1/1222).

Гарчи мазкур ҳадисни ХХ асрга келиб Албоний саҳиҳ деган бўлса-да, бироқ у ўта заиф ҳадис бўлиб, унга Имом Абу Довуд (р.ҳ.)нинг ўзи ҳам ишора қилган. Мазкур ҳадис остида Имом Абу Довуд (р.ҳ.): «Лам йарви ҳаза-л-ҳадиса илла Қутайбату ваҳдаҳу» («Бу ҳадисни фақатгина Қутайбанинг ўзигина ривоят қилган») деган. Бу ибора ҳадиснинг заиф эканига ишорадир. Шавконий «Найл ал-атвор»да айтишига қараганда, Абу Довуд (р.ҳ.) ҳатто бу ҳадисни мункар – инкор қилинган, «жамъи тақдим» борасида ҳадис қоим эмас, деган (Шавконий. Найл ал-атвор. 6-жуз. – Риёз: Дор Ибн ал-Жавзий, 1427. – Б. 194-195).

Мазкур ривоятларни Табароний (11/11525), Дорақутний (2/1481), ва Байҳақий (3/5317), Аҳмад (5/22147) каби муҳаддислар ҳам ривоят қилган бўлиб, Имом Байҳақий (р.ҳ.) ва Аҳмад (р.ҳ.) ҳам уни фақат Қутайба ривоят қилганини зикр қилган. Имом Термизий (1/551) эса ушбу ҳадисни барча тариқлардан тахриж қила туриб, «ҳасани ғариб», деб тилга олган. Имом Ҳоким (р.ҳ.) ҳадисларга нисбатан мутасоҳиллиги билан машҳур. Яъни, ҳадисларни саҳиҳ ва заифга ажратишда шафқат кўзи билан қараб, иложи борича ҳадисларни заиф дейиш ўрнига саҳиҳ деб сифатлашга бор имкониятларини ишга солган муҳаддис ҳисобланади. Ҳатто мана шу зот – Имом Ҳоким (р.ҳ.) ҳам мазкур ҳадисни  мавзуъ деган, Хатиб Бағдодий (р.ҳ.) эса мункар ал-ҳадис – инкор қилинган ҳадис, деган (Қаранг: Ибн Абдулҳодий. Ал-Муҳаррар фи-л-ҳадис. – Байрут: Дор ал-Ато, 2004. – Б. 159). Хуллас, муҳаддис Ҳоким ан-Найсобурий (р.ҳ.) «Маърифату улум ал-ҳадис» асарида мазкур ҳадисни ривоят қилар экан, ушбу ҳадисни шозз ва мавзуъ, деб Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг: «Баъзи заиф ровийлар Қутайбага нисбатан ҳадисларни киритиб юборганлар» деган маънодаги сўзини келтирган (Ҳоким ан-Найсобурий. Маърифату улум ал-ҳадис. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1977. – Б. 119-120). Яъни, муҳаддислар султони Имом Бухорий (р.ҳ.) айтишича, Қутайба ўзи сиқа – ишончли ровий бўлса-да, бироқ, бошқалар заиф ҳадисларни унга нисбат қилиб юборган экан. Демак, муҳаддислар султони Имом Бухорий (р.ҳ.) «жамъи тақдим»ни инкор қилган. «Саҳиҳи Бухорий»да унинг бобларга қўйган сарлавҳаларидан ҳам буни билиш мумкин (Муҳаммад Юсуф ал-Баннурий. Маориф ас-сунан. 2-жуз. – Покистон: Каротши, 1413. – Б. 161).

Хуллас, Қутайба орқали Муоз ибн Жабал (р.а.)дан қилинган ривоят борасида беш хил фикр бўлиб, Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) уни маҳфузи саҳиҳ деган бўлса-да, бироқ, бошқа муҳаддислар унга гап-сўз қилганлар. Жумладан, бу ҳадисни Имом Термизий (р.ҳ.) ҳасани ғариб, Абу Довуд (р.ҳ.) мункар, Ибн Ҳазм (р.ҳ.) мунқатеъ ва ҳатто Ҳоким ан-Найсобурий мавзуъ деб белгилаганлар (Халил Аҳмад Саҳорнафурий. Базл ал-мажҳуд. 6-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1973. – Б. 308; Шабир Аҳмад ал-Усмоний. Фатҳ ал-мулҳим. 4-жуз. – Байрут: Дор эҳё турос ал-арабий, 2006. – Б. 425).

Таъкидлаш керакки, Қутайба (р.ҳ.) орқали Муоз ибн Жабал (р.а.)дан қилинган ривоятдан бошқаларда «жамъи тақдим» келтирилган эмас!

Намозларни жамъ қилиб ўқилганида уларнинг ўрталарида нафл, суннат ва бошқа амаллар қилинмаслиги барча мазҳаб аҳллари томонидан таъкидланган. Бироқ, улардан олдин ва жамъ қилиб адо қилинганидан сўнг суннат намозлари ўқилиши манбаларда таъкидланган. Бу ҳақида «Сафарда суннат намози ўқиш ҳақида мулоҳазалар» номли мақолада батафсил сўз юритилган.

Хуллас, фиқҳий манбаларда келишича, пешин билан асрни бирга қўшиб, жамъ қилиб ўқилганида, пешиндан олдин унинг тўрт ракъат суннати ўқилади, сўнг пешин фарзи ва аср фарзи ўқилади. Асрдан сўнг нафл ўқиш макруҳ бўлгани боис пешиннинг ортидаги суннати ўқилмай қолаверади. Шом билан хуфтонни бирга қўшиб, жамъ қилиб ўқилганида эса шомнинг суннатини шомнинг фарзи ва хуфтоннинг фарзи ўқилганидан сўнг аввал шомнинг суннати, сўнг хуфтоннинг суннати, кейин витр ўқиб олинади (Қаранг: Мавлоно Алий ул-қори. Шарҳ ал-Маслак ал-мутақассит. –Истанбул: Кубро, 1288. – Б. 114; Ибн Обидин. Радд ул-муҳтор. 3-жилд. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 525; Ибн Обидин. Минҳат ул-холиқ ҳошияту Баҳр ар-ройиқ. –Миср: Илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 366; Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 7-жилд. –Байрут: Дор ал-фикр. 2001. – Б. 3101).

Ҳаж мавсумида арафа куни Арафотда пешин билан асрни, Муздалифада шом билан хуфтонни бирга қўшиб, жамъ қилиб ўқилганида суннатларни бу тарзда ўқилишига аҳамият берилиши мақбулдир.

ХУЛОСА

Юқоридагилардан маълум бўлдики, «жамъи тақдим» саҳиҳ ривоят билан собит бўлмаган, «жамъи тақдим»нинг борлигига Имом Бухорий (р.ҳ.) ҳам ишонган эмас. «Жамъи таъхир» эса ҳанафийлар айтганидек «жамъи суварий» бўлиши мумкин. Боз устига, «жамъи таъхир»нинг қатъий ҳукмдаги ояти карималарнинг ва зонний ҳадиси шарифларнинг маълумотларига аниқ зидлиги мавжуд. Намозларни жамълаш ҳақидаги ҳадисларни ҳанафийлардек «жамъи суварий» экан, деб тушинилса, Аллоҳ таолонинг вақтлари муайян қилинган ва белгиланган беш вақт намоз ҳақидаги оятларига мувофиқ келади ва ҳар бир намоз ўз вақтида ўқилган бўлади.

Сафар ёки бошқа узрлар билан намозларни жамъ қилиб ўқилганда, Аллоҳ наздида, ҳанафийлар фикрича, вақтида ўқилмагани боис гуноҳкор бўлиш мумкин ёки бошқалар фикрича, намозлар зиммадан соқит бўлиши ҳам мумкин, яъни шубҳали. Агар ҳар бир намоз ўз вақтида ўқилса, намозлар зиммадан соқит бўлиши аниқ, ўз вақтида ўқилгани учун гуноҳ эмас, савобга эга бўлинади, яъни бешубҳа. Шубҳали ишни қилгандан кўра бешубҳа ишни қилган яхшироқ. Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилганлар:

مَا رَأَيْتُ شَيْئًا أَهْوَنَ مِنْ الْوَرَعِ دَعْ مَا يَرِيبُكَ إِلَى مَا لَا يَرِيبُك

«Парҳез (тақво)дан ҳам кўра яхшироқ нарсани кўрмадим! Шубҳали ишни тарк қилиб, сени шубҳага солмайдиганини қил!» (Бухорий, 3/2051; Термизий, 4/2518; Насоий, 3/5220; Доримий, 1/167; Ибн Ҳиббон, 2/722; Ҳоким, 1/166; Аҳмад, 1/1723; Байҳақий, 5/10601)

Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларга муҳаббат ва ихлос натижасида Аллоҳ таоло олдида қурбат ҳосил қилинади. Бу муҳаббат ва ихлос эса фарз қилинган ҳар бир намозни ўз вақтида ўқиш билан билинади!

  Ҳамидуллоҳ Беруний

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan