Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу-2

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу-2

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилиши Ислом дини ва мусулмонлар учун кўп яхшиликларни келтирди.

Бадр куни Саъд ва унинг укаси Умайр билан боғлиқ эътиборга молик бир воқеа содир бўлди. Ўша пайтда Умайр ҳали балоғат ёшига етмаган ёш йигитча эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшинни кўздан кечираётган эдилар. Ёш Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб қолиб, ёши кичик бўлгани учун ортига қайтариб юборишларидан хавотир олиб, яширинишга уринди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб қолиб, қайтариб юборишга буюрдилар. У бу муқаддас сафарга ўзлари билан олиб кетишларини йиғлаганча ялиниб ёлворарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари юмшаб, унга ижозат бердилар. Саъд қувонганидан ўз қиличини қини билан укасининг елкасига илиб қўйди. Оға-инилар биргаликда Аллоҳ динининг ҳимояси учун йўлга тушдилар. Жанг тугагач, Саъд шаҳид бўлган укаси Умайрни Бадр ерида қолдириб, Мадинага ёлғиз ўзи қайтди. Ҳали вояга ҳам етмаган инисини йўқотишдек катта мусибатга сабр қилиб, савобини Аллоҳдан умид қилди.

Уҳуд куни нақд ғалаба мағлубиятга айланиб, қалбларни қўрқув эгаллади. Ҳамма ўзининг жонини сақлаб қолиш ҳаракатига тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ўнтага ҳам етмайдиган оз сонли мусулмонлар қолди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб шердек олишар эди. Камонидан отган ўқи бехато нишонга тегар, унинг ўқидан бирорта ҳам мушрик саломат қолмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни душманга ўқ узаётганини кўриб, янада жангга рағбатлантириш учун:

– Отгин эй Саъд! Отгин! Ота онам сенга фидо бўлсин! – дер эдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидан умри мобайнида фахрланиб юрди. У доимо:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан бошқа ҳеч кимга ота–оналарини жамлаб, “Ота онам сенга фидо бўлсин!” – деб айтмаганлар, – дер эди.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳалифалик даврида ер юзидан бутпарастлик илдизларини таг – томири билан суғуриб ташлаш учун Форсга қарши жанг қилишга қарор қилинган вақтда Саъднинг шон – шавкати энг юқори чўққига етди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларининг барча омилларига мактублар юбордилар. Унда ҳар бир қуроли ё оти, бирор жўяли фикри ёки ёрдами, нутқ қилиш ёхуд шеър айта олиш қобилияти ёинки жангда бирор фойдаси тега оладиган ҳар бир мусулмонни жангга сафарбар этишга амр қилди. Аллоҳнинг динини олий қилиш учун мусулмонлар оқими ҳар тарафдан ёғилиб кела бошлади. Мусулмонларнинг қўшини тўла йиғилгач, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломда ўз ўрни ва тўғри фикрига эга бўлган маслаҳат кенгашини йиғиб, улардан бу катта қўшинни бошқаришни кимга топшириш ҳақида маслаҳат сўрадилар. Маслаҳат кенгаши бир овоздан: “Шиддатли арслон Саъд ибн Абу Ваққосга”, дедилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни чақирдилар. Унга байроқни тутқазиб, қўшинни бошқариш учун қўмондон этиб тайин қилдилар.

Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу  кўп сонли қўшин Мадинадан чиқиб кетаётган пайтда улар билан хайрлашдилар. Қўшиннинг қўмондонига насиҳат қилдилар.

– Эй Саъд! Одамларнинг “Расулуллоҳнинг тоғаси”, “Расулуллоҳнинг дўсти” деган гаплари сени алдаб қўймасин. Аллоҳ ёмонликни ёмонлик билан эмас, ёмонликни яхшилик билан ўчиради. Билгинки, Аллоҳ билан бир инсон ўртасида тоатдан бошқа қариндошчилик алоқаси йўқ. Аллоҳнинг наздида инсонларнинг аслзодаси-ю, паст табақадан чиққани баробардир. Аллоҳ уларнинг Раббиси, улар эса Унинг бандаларидир. Улар бир – бирларидан фақат тақво билангина афзал бўладилар. Аллоҳнинг ҳузурида ўзлари учун тайёрлаб қўйилган мукофотларини тақволари билангина топадилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам тўғри деб билган ишларни қилгин. Зотан, айнан тўғри иш – шудир.

Қарийб юзта Бадр ғазоти иштирокчиси, уч юздан ошиқ Ризвон байъати қатнашчиси, уч юз Макка фатҳи шоҳидлари, етти юздан ошиқ саҳобаларнинг болаларини ўз ичига олган муборак қўшин йўлга тушди.

Саъд ўзининг музаффар қўшини билан Қодисияга етиб борди (Қодисия – Куфадан ўн беш фарсаҳ узоқликдаги жойнинг номи бўлиб, ҳижрий ўн олтинчи йилда мусулмонлар билан Форслар ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтган. Унда мусулмонлар буюк ғалабага эришганлар. Шундан кейин Форслар қайта қўзғалишга журъат қилолмадилар). Миёвлаш куни мусулмонлар душманга қарши ниҳоий ҳал қилувчи зарбани беришга қарор қилдилар. Музаффар қўшин душманни гўёки билакка солинган кишан каби ўраб олдилар. Такбир, таҳлил айтган ҳолда уларнинг сафларини ёриб ташладилар (Миёвлаш куни – бу Қодисия жангини энг сўнгги куни. Бундай номланишининг сабаби, ўша куни жанг ўта шиддатли кечгани сабабли жангчилар бир бирлари билан мушук каби миёвлаб алоқа қилишган).

Форсларнинг паҳлавонликда зарбулмасал бўлган Рустам достонининг “боши” мусулмонларнинг найзаларига илинган ҳолда кўтарилди. Ўзларининг ишонганларини бу аҳволда кўрган Форс қўшинларининг қалбида хавотир ва қўрқув ҳисси ўрмалади. Шундай қилиб, ер юзини ярмига ҳукмронлик қилган, бутпарастлик асосига қурилган империя буткул қулади. Жангда қўлга киритилган ғаниматларга келсак, хоҳлаганингизча гапираверинг ишонаверамиз! (Ушбу ибора арабларнинг ичидаги мақол бўлиб, тўла ишонч ифодасини билдиради).

Жангда ўлганларнинг сонига келсак, жангда фақат ғарқ бўлиб ўлганларнинг сони ўттиз мингта эканлигини билишингизни ўзи етади, қолганини сўраб ҳам ўтирманг!

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу узоқ умр кўрди. Аллоҳ таоло унга кўп мол мулк инъом қилди. Унга ўлим соя солганида эски чакмонини келтиришларини буюрди.

Мени шу кийимим билан кафанланглар. Бадр куни шу кийимимда Аллоҳнинг динини ҳимоя қилиб мушрикларга рўбарў бўлганман. Худди шу кийимимда Аллоҳга йўлиқишни умид қиламан…

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади