Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сабрнинг мукофоти улуғдир…

Сабрнинг мукофоти улуғдир…

Дунё аҳли, айниқса, ватандошларимиз бугунги кунларда кўплаб синовларни бошидан ўтказмоқдалар. Бир томондан ер юзи аҳолисини ташвишлантириб турган коронавирус пандемияси бўлса, бошқа томондан ватанимизда охирги кунларда халқимиз бошига тушиб турган кучли шамол, жала қуйиши, сел келиши ҳамда сув тошқини каби ҳодисотлардир.

Азиз ватандошларимизнинг кўнгилларига таскин бериш мақсадида бу воқеа ва ҳодисаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлаётганлиги, биз эса Унинг мўмин-мусулмон бандалари сифатида бу синовларга сабр қилишлигимиз лозим эканлигини ва қилган сабримиз натижасида қанчадан қанча ажру-мукофотларга эга бўлишимиз мумкинлигини айтиб ўтмоқчимиз. Чунки бизнинг динимиз Исломда сабр қилиш сифатига эга бўлганларга жуда кўплаб ажру-мукофотлар ваъда қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики: “Албатта, Биз сизларни бироз қўрқинч ва очлик билан, молу-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабр қилувчиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтгувчилармиз” дейдилар. Ана ўшаларга Роббиларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир” (“Бақара” сураси 155-157-оятлар).

Азизлар, эътибор берсак, айни мана шу оятларда келган синовлар бугунги кунимизда бизнинг бошимиз узра айланмоқда. Юртимизда бўлган қаттиқ шамол ва кучли ёмғир туфайли бироз қўрқинчга тушмадикми?! Айни Рамазон рўзаси билан очликка сабр қилмоқдамизку! Яна шунингдек, шамол, жала, сел ва сув тошқини билан молу-мулклар ва экин-тикин, мевалар зарар кўрди. Бундан ташқари, бутун дунё аҳолиси билан биргаликда қанча ватандошларимизни ҳам коронавирус касаллиги билан жонлари азият чекаяпти. Оятда эса Роббимиз сабр қилувчиларга башорат бер демоқда. Башорат эса арабчада яхшилик хабарини бериш деганидир.

Шунингдек, сабр қилишлик мўмин банданинг ажралмас феъл-атворларидан биридир. Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳузуримда нима яхшилик бўлса сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб қилса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, – деб марҳамат қилганлар (Бешовлари ривоят қилишган).

Уламоларимиз ҳам сабр сўзининг таърифида “Сабр уч турлидир: биринчиси Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатида сабр қилиш, иккинчиси Аллоҳ таолога исён қилиб қўймасликда сабр қилиш бўлса, учинчиси эса, Аллоҳ таолонинг синов ва имтиҳонларига сабр қилишдир”, деб келтирганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, азиз ватандошлар! Бу синовларнинг барчасидан чиройлик сабр қилишлик билан ўтиб, Аллоҳнинг ҳузурида кўплаб савобларга эга бўлиб олайлик. Синовлар инсонни тоблашини билган ҳолда, бир-биримизга ҳамдард, меҳрибон, дардкаш ва ҳамжиҳат бўлайлик. Фурсатни ғанимат билиб, яхшиликларимизни зиёда қилиб олайлик. Бесабрлик, худбинлик, ношукрлик ва ўзгаларнинг ҳаққига кўз олайтириш каби ёмон иллатлардан ҳам сақланайлик.

Аллоҳ таолонинг Ўзи бу синовли кунларни бошимиздан тезроқ кетказиб, фаровонлик, тинчлик ва осойишталикка етказсин!

Бекобод тумани “Туркман” жоме масжиди

имом-хатиби Эрали Сариев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan