Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / САБР МУКОФОТИ – ЖАННАТДИР!

САБР МУКОФОТИ – ЖАННАТДИР!

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачонки бирон банданинг фарзанди вафот қилиб қолса, Аллоҳ таоло фаришталарига:

“Бандамнинг фарзандини қабз қилдингизми?” – дейди.

Улар: “Ҳа, шундай”, – дейдилар.

Аллоҳ таоло: “Унинг қалб мевасини қабз қилдингизми?” – дейди.

Улар: “Ҳа, шундай”, – дейишади.

Аллоҳ таоло: “Бандам не деди?” – дейди.

Фаришталар: “Сенга ҳамд (ҳамд) ва истиржоъ (албатта, барчамиз Аллоҳникимиз ва албатта, барчамиз унга қайтгувчидирмиз) айтди”, – дейишади.

Бас, Аллоҳ таоло: “Бандамга жаннатда бир уй бино қилиб, уни “Мақтов уйи” деб номланглар”, – деб айтади” (Термизий ривояти).

Шарҳ:

Ушбу ҳадисдаги фарзанддан ажралишдек улкан мусибатга учраган бандага бериладиган беқиёс мукофотлар барча инсонларга эмас, фақатгина иймонли бандаларга хосдир. Зеро, мукофотга сазовор бўлиш учун, мукофот Эгасига иймон келтириш шартдир. Иймонсизлар эса, бу мукофотдан бенасибдирлар-ки, бунга ҳадис охиридаги “Бандам” лафзи ишорадир. Шунингдек, Аллоҳга иймон келтирмаган бандалар жаннатдан бирон бир улуш – насибага эга бўлмаслиги ҳам бешубҳадир.

Ҳадисдаги Аллоҳ таолонинг савол берилган фаришталари – ўлим фаришталаридир.

Аллоҳ таоло Ўз бандаси ҳолини билиб туриб, фаришталаридан сўрашлиги, сўраганда ҳам даражама даража сўрашлиги улкан аҳамиятга эгадир.

Ушбу ҳадисда инсон ўзининг суюкли фарзандидан, жигарбандидан, кўз қувончидан айрилиши нақадар катта мусибат эканлиги ва комил мусулмон ушбу ҳолатда қандай бўлиши лозимлиги муолажа қилинмоқда.

Ва яна, қандайин ҳолат уни ушбу аламли мусибатини ажрли амалга айлантириб қўйиши, мукофот бўлганда ҳам энг буюк мукофот – уни Роббул оламийн “Бандам”, дея эслаши, фаришталарга  жаннатдан уй бино қилишлари, мазкур уйни эса “Мақтов уйи”, дея номлашларини Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи амр этиши – нақадар ҳам улкан саодат экани маълум қилинмоқда. Зеро, инсон Яратувчи эмас, яралгандир. Холиқ эмас, махлуқдир. Ўз Холиқи борлигини билиб, Унинг тақдиридан нолимасдан, Унинг қазосига рози бўладиган, мусибат онларида “Албатта, барчамиз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтарилгувчимиз”, дея айтувчи сабр ва матонатли бандаларга мукофотларнинг энг олийси бўлмиш – жаннат насиб қилар экан!

Аллоҳ таоло ушбу ҳолатни гўзал васф қилган! “Мусибат ҳам гўзал васф қилинадими?”, дейишга шошилманг. Ахир, ўлим ҳар бир кишининг бошида борлигини барча инсонлар жуда ҳам яхши билишади. Умрнинг охири ўлим билан тугаши ҳаммага маълум. Фақат ушбу ўлим етиб келганида, банданинг қандай ҳолатда бўлиши аҳамиятлидир!

Мусулмон кимса энг қийин мусибат дамларида ҳам Холиқига бўйсуниб, исёнли сўзлардан тийилиши лозим. Ахир, у Оламлар Роббига иймон келтирган. Яхшилик ҳам ёмонлик ҳам тақдирдан эканига қатъий ишонган. “Нега ўлдинг? Сенинг ўрнингга мен ўлсам бўлмасмиди? Қайси гунохларим учун?” каби қабиҳ ва ножоиз сўзлар унинг оғзидан чиқмаслиги, фақатгина: “Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун”, дея истиржоъ айтиши лозим.

Ана шунда унинг шукр ва ҳамди, сабр ва матонати шундайлигича қолиб кетмайди. Зеро, бир инсонга мақтов ва раҳмат айтилса, ундан қандайдир миқдорда яхшилик ва мукофотлар қайтади. Бу ўринда эса, банда махлуққа эмас, барчанинг Холиқи ва Розиқи бўлмиш Арҳамур роҳимийнга мақтов айтиб, Унга таслимиятини билдирмоқда. Унга бўйсуниш – ушбу мусибатга дучор бўлган, жигарпорасидан айрилиб, бўзлаб қолган банда учун нақадир аҳамиятли эканлигини билдирмоқда. Мусибат чоғида унинг Робби марҳамат қилган оятни чин дилдан айтмоқда. Унинг севиклиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг мусибат онларидаги ҳолатларидан ўрнак олмоқда. Кўзларидан ёш қуйилгани билан, тили исён қилмай, “Эй Аллоҳ! Мусибатимни ажрли қилгин ва ундан-да яхшироғини ато қилгин”, дея муножот қилмоқда, холос.

Мукофот ҳам шунга яраша бўлади. Ахир мукофотни бирон бир кимса эмас, мукофот берувчиларнинг Холиқи беради! Раҳмлиларнинг раҳмлиси ато қилади! Берганда ҳам, бирон бир банда беролмайдиган мукофот бу! Унинг ушбу сабр матонати эвазига жаннатда мақтов уйи ато қилинди. Бундан-да улуғроқ мукофот борми ўзи?! Ахир, жаннат – Аллоҳ таоло рози бўлган бандаларнинг макони-ку!

Ушбу ҳадис иймоннинг нақадар улуғ неъмат эканлигига далолат қилади. Аллоҳ таолога иймон келтириш сабабли мусибатлар ҳам савобли амалларга айланиб, сабр ва ҳамд туфайли улуғ мукофотларга эришилар экан. Аллоҳ таоло  фаришталарига саволни такрор-такрор бериб, уларга мўмин инсоннинг фазли улуғлигини англатмоқда. Зеро, фаришталар Роббул оламийндан: “Унда қон тўкадиган, фасод ишлар қиладиган кимсани қилмоқчимисан?” (Бақара сураси, 30-от) – дея сўрашган. Мана шу сабабли, кўплаб ҳадисларда фаришталарга инсоннинг улардан фазилатли эканлиги билдирилади.

Мазкур ҳадисдаги мўмин банданинг мусибат чоғидаги ҳолати, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан ризолик мақомидир. Ушбу мақом эса, мақомга эришувчиларнинг энг буюк мақоми ҳисобланади. Бу ҳақида жанобимиз саййидул мурсалин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, имом Аҳмад ва Насоий,  Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисда шундай деганлар:

“Эй Аллоҳ! Ғайбни билишинг, яратишга қодирлигинг ҳаққи, агар ҳаётни менга хайрли деб билсанг, яшатгин. Агар ўлимни менга хайрли деб билсанг, ўлим бергин. Мени ғайб ва ошкор (ишлар) да Ўзингдан қўрқадиган, розилик ва ғазаб ҳолатида ҳақни сўзлайдиган қилиб қўйишингни сўрайман. Бойлиг-у фақирликда ҳам тежамкорликни беришингни сўрайман. Туганмас неъмат, узилмас севинчни сўрайман. Қазодан сўнг розиликни ва ўлимдан сўнг хотиржам ҳаётни сўрайман. Сенга боқиш лаззатини,  адаштирувчи фитналарсиз висолинг шавқини сўрайман. Эй Аллоҳ! Иймон зийнати ила зийнатлагин ва бизларни тўғри йўлда юрувчилардан қилгин!”.

Мўмин банда бирон бир мусибатга учраган чоғда ўзини қандай тутиши лозим эканлигини қуйидаги ҳадисдан ўрганиш мумкин.

Имом Насоий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй Аллоҳ! Қазодан сўнг ризо сўрайман”, деб айтганлар.

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ ушбу муборак жумлаларни шарҳлаб шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қазодан сўнг розилик сўрашларининг боиси шуки, ризоликнинг ҳақиқати бирон мусибат етганидан сўнггина маълум бўлади. Зотан, қазодан олдин ризолик сўрашлик фақатгина қасд бўлади, холос. Яъни,  мусибат етгандан сўнг унинг қасди ҳақиқатан ёки фақатгина сўрашнинг ўзидан иборат бўлгани билиниб қолади.

“Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Маккага келганида – ўша вақтда у зотнинг кўзлари ожиз бўлиб қолган ва дуоси мустажоб экани маълум эди – одамлар у зотдан ўзлари учун дуо олиш илинжида шошилиб кела бошладилар. У зот ҳам улар ҳақларига дуо қилар эдилар. Абдуллоҳ ибн Соиб айтади: “У кишининг олдига келган чоғим, ўспирин йигит эдим. Ўзимни у кишига  таништирган эдим, мени танидилар.

Кейин у зотга: “Эй амаки, одамлар ҳаққига дуо қиляпсиз ва улар дардларига шифо топишяпти. Агар ўзингиз учун ҳам шифо тилаб дуо қилсангиз, Аллоҳ таоло кўзларингиз нурини қайтариб берган бўлар эди!” – дедим.

Шунда у зот табассум қилдилар ва:

“Эй болам, Аллоҳнинг қазоси – ҳукми  мен учун кўзларимдан кўра маҳбуброқдир”, – дедилар (Мадорижус соликийн).

Ушбу саҳобаи киром кимлигини биламизми?! Бу зот жаннатий эканлиги Набиййи муҳтарам, соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам тарафидан башорат қилинган, инсонларнинг энг улуғи бўлмиш зот унга “Отам ва онам сенга фидо бўлсин!”, деб айтган кимсадир. Мазкур улуғ саҳобанинг  кўзлари кўрмай қолган бўлиб, шунинг билан бирга дуолари мустажоблиги ҳам машҳур бўлган экан.  У киши қаерга борсалар, инсонлар кўришга ошиқишар, у зотнинг дуосини олишга талашиб кетар эканлар. У зот ҳам сўраганларнинг ҳақларига дуо қилар, дуолари мустажоб бўлар экан.  Шунинг билан бирга ўз кўзлари кўрмай қолганидан таажжубга тушган ўспирин саҳобий, у зотга ўзини танитиб, сўнгра бу ҳолат ҳақида “Эй улуғ зот, дуоингиз мустажоб экан. Бу не ҳолат, нега ўз дардингизга шифо тилаб дуо қилмайсиз? Ахир, дуо қилсангиз Аллоҳ таоло кўзларингиз нурини қайтариб бериши мумкин экан-ку!”, дея сўраган экан. У зот эса ўз шаънига мувофиқ жавоб бериб, “ Эй, болагинам. Мен учун кўзларимнинг яна кўришидан кўра Аллоҳ таоло – Роббимнинг қазоси – ҳукми маҳбуброқдир!”, деб айтган экан.

Дарҳақиқат, ибрат олиш учун ушбу саҳобалар нақадар ҳақлидир!

Бандаи мўмин бир нарсани билиб олиши лозим: Жазо – амалнинг жинсидан бўлади.  Мусибатлар мўминларга синов бўлиб, ўша вақтда улар имтиҳон қилинишади. Кимки сабрли, матонатли бўлиб, ушбу ҳолатда истиржоъ ва ҳамд айтадиган бўлса, мукофоти ҳам шунга яраша улуғ бўлади.

Эй Аллоҳ! Ўзингдан буюк фазлингни сўраймиз! Дарҳақиқат, Сен фазли буюк Зотдурсан!

Фазилатли шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг
“Мин сиҳоҳ ал-аҳодис ал-қудсийя”китоби
асосида Суннатуллоҳ Абдулбосит тайёрлади.