Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Саҳобаларнинг ўзаро муҳаббатлари

Саҳобаларнинг ўзаро муҳаббатлари

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни эслаганларида: “Саййидимиз Абу Бакр саййидимиз Билолни озод қилди”, дея ёдга олар эдилар.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, у зотнинг нақадар ўз диндош биродарларига муҳаббатли ва меҳрибон бўлганликларига гувоҳ бўламиз.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни Аллоҳнинг душмани Умайя ибн Халафнинг зулму-ситамларидан озод қилганларининг қиссасига эътибор беринг!

Умайя ибн Халаф алам ва ғазабдан қутуриб, кўкрагига муштлар ва тинмай қичқирар эди: “Қандай фалокат сени бизга йўлиқтирди, эй бахтиқоро қул?! Лот ва Уззога қасамки, сени қул ва хожа муносабатларида зарбулмасалга айлантириб юбораман!”

Билол мўмин иймони, валий буюклиги билан жавоб қиларди: “Аҳад… Аҳад!”

Ҳакамликни бўйнига олган яна бир киши бу савдога аралашиб, шундай дерди: “Эй Умайя, уни ўз ҳолига қўй! Лотга қасамки, бундан кейин у сени қийнамайди. Билол биздан, онаси жориямиз бўлган. Энди у ортиқ ўз Исломи билан бизларни Қурайшга гап-сўз қилмайди!”

Билол каззоб ва маккор юзларга қарайди ва табассум қилганида олд тишлари тонг ёғдусидай ярқирайди. Уларни даҳшатдан қалтирашга мажбурлайдиган ажаб сокинлик билан: “Аҳад… Аҳад…”, – дейди.

Тонг отади, туш яқинлашади. Билолни жазирама иссиққа етаклашади. У эса ҳамон сабрли, тоқатли, матонатли, саботли! Уни азоблаётган пайтда Абу Бакр Сиддиқ уларнинг олдига келади ва: “Роббим Аллоҳ! – деган кишини ўлдирасизларми?” – дея қичқиради. Сўнг Умайяга юзланиб, дейди: “Нархидан ошиғига сот-да, уни озод қил!”

Бу гап гўёки чўкаётган Умайяга нажот қайиғини топгандай таъсир қилди. Абу Бакр озодлик нархини сўраганида кўнгли хуш бўлиб, севинди. Чунки у қулни бўйсундира олишдан батамом умидини узган, бу такаббур хожа “қийналиб” кетган эди. Бунинг устига, Умайя савдогар бўлиб, қулни сотиш уни ўлдиришдан фойдалироқ эканини яхши биларди. Қулни Абу Бакрга сотишди. У эса зудлик билан Билолни озод қилди. У ҳур кишилар орасидан ўрнини эгаллади. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Билолнинг қўлтиғидан олиб, эркинлик сари етаклаётган пайтда Умайя унга: “Ол уни, Лот ва Уззога қасамки, агар уни бир дирҳамга оламан деганингда ҳам сотиб юборган бўлардим”, – деди.

Унинг сўзларида умидсизлик аламию кўнгил совиш аччиғи бор эди. Абу Бакр жавоб беришни маъқул кўрмади. Айни чоғда хожанинг кинояли сўзларида биродар бўлиб қолган бу азиз инсоннинг иззат-нафсига тегиш, таҳқирлаш оҳанглари ҳам бор эди. Шу боис Умайяга жавобан: “Аллоҳга қасамки, уни юз дирҳамга сотганингда ҳам, тўлардим”, – деди. У биродарининг озодликка чиққанини айтиш учун Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига йўл олди. Бу воқеа катта байрамга айланди.

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом
хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади