Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Саҳобаларни таниш

Саҳобаларни таниш

Саҳобий луғатда “суҳбатда бўлган” деган маънони англатади. Истилоҳда эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мусулмон бўлган ҳолида учрашиб, мусулмон ҳолида вафот этган кишидир. Гарчи орада маълум муддат муртад бўлиб, яна тавба қилиб мусулмон бўлса ҳам, саҳиҳ сўзга кўра саҳоба саналади.[1]

Саҳобаларни ўрганишда муҳим фойдалар бор. Шу фойдалардан бири муттасилни мурсалдан ажрата олишдир.

Ҳар кимда савол туғилиши мумкин: Саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатда бўлганми ёки йўқлигини қандай билиш мумкин? Бу бешта ишдан бири билан маълум бўлади:

  1. Мутавотир йўл билан. Масалан: Абу Бакр Сиддиқ, Умар ал-Фаруқ ва жаннат башорати берилган ўн саҳобалардан қолганлари.
  2. Машҳур бўлган йўл билан. Масалан: Зимом ибн Саълаба ва Уккоша ибн Миҳсон каби саҳобалар.
  3. Саҳобий ёки тобеъиннинг хабар бериши билан.
  4. Адолатли кишининг ўзи ҳақида хабар бериши билан. Бу даъвоси бўлиши мумкин бўлса, яъни ўзини саҳобий деб таништирган киши яшаган давр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига тўғри келса.

Саҳобаи киромларнинг барчалари адолатлидир. Уларга фитна етган бўлсин ёки бўлмасин барибир. Уларни адолатли эканликларининг маъноси ривоят қилишликда қасддан ёлғонга қўл уришликдан узоқда бўлганлари ва ривоятни қабул қилишда эса тўғридан тўғри қабул қилганликлари назарда тутилган. Бунга уламолар ижмо қилишган. Бундан улар қилган ҳадисларни ровийнинг адолатли эканлигини текширилмасдан қабул қилиш келиб чиқади. Улардан фитналар да қатнашганларини ижтиҳод қилган ва ижтиҳоди учун ажр олганлар қаторига қўшилади. Улар ҳақида яхши гумонга борилади. Чунки улар шариатни етказувчилари ва энг яхши асрда яшаган зот бўлганлар.

Саҳобаларнинг энг кўп ҳадис ривоят қилганлари:

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу 5374 та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан эса уч юз кишидан кўп киши ривоят қилишган;
  2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу 2630 та ҳадис;
  3. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу 2286 та ҳадис;
  4. Уммул мўминийн Оиша розияллоҳу анҳо 2210 та ҳадис;
  5. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу 1660 та ҳадис;
  6. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу 1540 та ҳадис ривоят қилганлар.

Саҳобаларнинг ададлари:

Бу тўғрисида уч хил фикр айтиш мумкин:

  1. Саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг адади жуда ҳам кўпдир.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жуда ҳам кўп бўлиб, уларни ҳофизнинг китоби жамлай олмайди”, деб айтган.[2]

  1. Улар Шом, Ироқ, Миср каби турли шаҳарларга тарқаб кетишган, уларни санаш, бир ададга жамлаш осон эмас.
  2. Тахминий ададлар билан айтиш мумкин. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тўқсон минг атрофидаги саҳоба ҳаж қилишган.[3]

Бу борадаги энг машҳур гап Абу Зуръа роҳимаҳуллоҳнинг сўзларидир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида бир юз ўн тўрт минг саҳоба бор эди.[4]

Энг кўп фатво берганлари:

Ривоят қилинишича энг кўп фатво берган саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дейилади. Сўнгра кибор уламо саҳобалардан олти кишидир. Масруқ роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Илм олти кишига бориб ниҳоясига етди: Улар Умар, Али, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Дардо, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлардир. Бу олтитанинг илми Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумога бориб ниҳоясига етди”.

Абодилалар ким?

Абодила дегандан мурод, исмлари Абдуллоҳ бўлган саҳобалар тушунилади. Уларнинг ададлари уч юздан ошиб кетган. Лекин бу ерда улардан 4 таси ирода қилинган:

  1. Абдуллоҳ ибн Умар;
  2. Абдуллоҳ ибн Аббос;
  3. Абдуллоҳ ибн Зубйр;
  4. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумлар.

Бу кишиларни қолганлардан ажратиб алоҳида келтиришларининг сабаби, улар бошқа саҳобаларга қараганда кўпроқ яшашган. Шунингдек, улар  илмларига эҳтиёж ўта сезиларли олим кишилар бўлишган. Улар бирор масалага ижмо қилишадиган бўлишса, “бу Абодилаларнинг сўзи” дейилган.

Саҳобаларнинг табақалари: Уламолар табақаларнинг адади борасида ихтилоф қилишган. Ибн Саъд роҳимаҳуллоҳ беш табақага, Ҳоким роҳимаҳуллоҳ ўн иккита табақага ажратганлар.

Уларнинг табақалари қуйидагичадир:

  1. Аввалда Маккада исломни қабул қилганлар. Масалан, тўрт халифани айтиш мумкин.
  2. Дорун Надвада Макка аҳли маслаҳат қилишларидан олдин мусулмон бўлган саҳобалар.
  3. Ҳабашистонга ҳижрат қилган саҳобалар.
  4. Биринчи ақабада байъат қилган саҳобалар.
  5. Иккинчи ақабада байъат қилган саҳобалар.
  6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киришларидан олдин ҳижрат қилиб, у зотни Қубода кутиб олган саҳобалар.
  7. Бадрда иштирок этган саҳобалар.
  8. Бадр ва Ҳудайбия ғазотлари орасида ҳижрат қилган саҳобалар.
  9. Ҳудайбия ғазотидаги “Байъатур ризвон” да қатнашган саҳобалар.
  10. Ҳудайбиядан кейин Макка фатҳидан олдин ҳижрат қилган саҳобалар. Холид ибн Валид, Амр ибн Ос, Абу Ҳурайрага ўхшаган саҳобалар.
  11. Макка фатҳида мусулмон бўлган саҳобалар.
  12. Фатҳ куни ва Ҳажжатул вадода ёш ва гўдак ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган саҳобалар.[5]

Саҳобаларнинг афзаллари: Абу Бакр розияллоҳу анҳу, сўнг Умар розияллоҳу анҳудир. Бу аҳли сунна вал жамоа ижмоси билан бўлган. Сўнгра Усмон, сўнгра Али розияллоҳу анҳулардир.  Бунга аҳли суннаннинг жумҳури ижмо қилган. Сўнгра  жаннат башорати берилган саҳобалар, сўнг Бадр жанги қатнашчилари, сўнг Уҳуд жанги қатнашчилари ва Ризвон байъати қатнашчиларидир.

Исломга биринчи кирганлари:

  1. Ҳур кишилардан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу;
  2. Ёш болалардан Али розияллоҳу анҳу;
  3. Аёллардан Уммул мўминийн Хадича розияллоҳу анҳо;
  4. Мавлолардан Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу;
  5. Қуллардан Билол розияллоҳу анҳулар.[6]

Энг охири вафот этган саҳобалар:

Абу Туфайл Омир ибн Восила ал-Лайсий Маккаи Мукаррамада ҳижрий 100 йил вафот этганлар. У кишидан олдинроқ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Басрада ҳижрий 93 йил вафот этганлар.

Саҳобаларни билиш ҳақида ёзилган китобларнинг машҳурлари:

  1. “Ал-Истийъоб фий асмаил асҳоб”. Ҳофиз, Муҳаддис Фақиҳ Абу Умар Юсуф ибн Абдулбарр ан-Намарий (463 ҳижрий йили вафот этган).
  2. “Усдул ғобати фий маърифатис саҳоба”. Алий ибн Муҳаммад ал-Жазарий. У киши Ибнул Асийр исми билан машҳур бўлган. (630 ҳижрий йили вафот этган).
  3. “Ал-Исобату фий тамйизис саҳобати”. Ибн Ҳажар Асқалоний. (852 ҳижрий йили вафот этган).
  4. “Ҳаятус саҳобати”. Шайх Муҳаммад Юсуф Кандаҳлавий. (1387 ҳижрий йили вафот этган).[7]

Манбалар асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Мадаминов Шокиржон

 

[1] Шарҳун Нухба, 111-бет, Улумул ҳадис, 294-саҳифа.

[2] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий. 433-саҳифа.

[3] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий. 433-саҳифа.

[4]  Фатҳул Муғийс. 4/39. Тадрийбур ровий. 2/220.

[5] Ал-Боисул Ҳасийс, 171-саҳифа. Тадрийбур ровий, 2/221-222.

[6] “Тайсиру мусаталиҳ ҳадис”. Маҳмуд Тоҳҳон. 246-саҳифа.

[7]  “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий. 433-саҳифа.