Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Саҳобалар кимлар?

Саҳобалар кимлар?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Саҳоба деганда кимлар тушинилиши, истилоҳда кимлар назарда тутилиши ҳақида кўп таърифлар мавжуд. Аксар уламолар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаётлик вақтларида кўрган, ул зотнинг Расулуллоҳ  эканликларига иймон келтирган ва  шу иймон билан дунёдан ўтган зотлар саҳоба дейилади», деганлар.

Бу таърифдан қуйидагилар маълум бўлади. Саҳоба бўлиш учун:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаётлик вақтларида кўрган бўлишлари керак.

Бундан билиниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга замондош бўлиб яшаган, ул кишининг Расулуллоҳ эканлигига иймон келтирган, лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаган буюк зотлар бўлган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаганлари учун соҳоба бўлолмаганлар. Гарчи мўмин бўлиб, замондош бўлиб яшаган бўлсаларда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрмасдан иймон  келтириб, ёки иймон келтириш мақсадида ул зотнинг зиёратларига келган-у, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан ўтган кунлари келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  муборак жасадларини кўрган, жанозаларида иштирок этган зотлар ҳам бўлган. Улар  ҳам ҳаётлик ҳолларида кўрмаганликлари учун саҳоба саналмайди;

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳаётлик вақтларида иймон келтирган бўлишлари керак.

Асри саодатда шундай кишилар  бўлганки,  улар  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганлар, бирга  яқин ҳамнафас бўлганлар, лекин ўша вақтда иймон келтириш насиб қилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан  ўтганларидан кейин  иймон  келтириб, ҳидоятга кирганлар. Улар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳаёт бўлганларида иймон кетирмагани  учун  саҳоба саналмайди;

3. Келтирган иймонларига содиқ қолган бўлишлари керак.

Асри саодатда яшаган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган, ул зотга иймон келтирган, лекин кейинчалик иймондан қайтиб муртад бўлганлар ҳам борки, улар ҳам иймонларига содиқ бўлолмаганликлари учун саҳоба саналмайди.

Ҳа азизлар! Саҳоба бўлишлик буюк бахт. Саҳобалар фазли ҳақида жуда кўп ривоятлар бор.

Уларнинг ичида тириклик вақтларидаёқ Аллоҳ улардан рози эканлигининг хабари берилиб, ҳаққига оят нозил бўлганлари бор.

Уларнинг ичида кўплаб оятлар нозил бўлишига сабаб бўлганлари  бор.

Уларнинг ичида инсонийлик фикрига мувофиқ, унинг фикрларини қўллаб оятлар нозил бўлганлари бор.

Уларнинг ичида тириклик вақтларидаёқ жаннатийлиги башорат берилганлари бор.

Уларнинг ичида фаришталар  билан мунтазам  ҳамсуҳбат бўлганлари бор.

Уларнинг ичида фаришталарни кўрганлари бор.

Уларнинг ичида вафотларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жаннатдаги ҳолатлари кўрсатилганлари бор.

Уларнинг ичида жасадларини фаришталар ювганлари бор…

Ҳа азизлар! Улар таърифига тил, васфига қалам ожиз зотлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг саҳобаларим йўлчи юлдузларга ўхшайди. Қайси бирига эргашсангиз ҳам, албатта, ҳидоятга бошлайди», – деб бежиз айтмаганлар. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

«Беш-каппа» жоме масжиди имом-хатиби Миршавкат Тўйчиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan