Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рўзанинг турлари

Рўзанинг турлари

Эй биродар, сен шуни билгинки рўза, саккиз қисмдир. Улар:

  1. Муайян фарз;
  2. Муайян бўлмаган фарз;
  3. Муайян вожиб;
  4. Муайян бўлмаган вожиб;
  5. Суннат;
  6. Мустаҳаб (нафл);
  7. Макруҳи тахримий;
  8. Макруҳи танзиҳий;

Муайян фарз рўза – ҳар йили Рамазон ойида тутиш таъйин қилинган фарз рўза.

Муайян бўлмаган фарз – қачон тутиш таъйин қилинмаган Рамазон рўзасининг қазоси.

Муайян вожиб – махсус йил, махсус ой, махсус кунларда рўза тутиш назр қилинган рўза. Рамазон ойининг ҳилоли (ойи)ни кўриб, шаҳодати қабул қилинмаган кишининг рўзаси.

Муайян бўлмаган вожиб:

а) назр мутлақ ҳам дейилади – кунини таъйин қилмасдан, бир кун рўза тутишни назр қилган кишининг рўзаси. Масалан: “Фалон ишим амалга ошса, бир кун рўза тутишни назр қилдим”, дейилгани каби;

б) муайян кунда рўза тутишни назр қилиб, тутолмай қолдирилган куннинг қазо рўзаси;

в) рўза тутишга қасам ичиб, зиммасига рўзани вожиб қилиб олган кишининг рўзаси;

г) нафл рўза тутишни бошлаб, охирига етказмай очиб юборган кишининг ўша кун учун бўлган қазо рўзаси;

д) каффорот рўзалари: зиҳор, қатл, Рамазоннинг рўзасини қасддан очиб юбориш ва қасамни бузганлигининг каффороти учун тутиладиган рўзалар;

е) таматтуъ ва қирон учун эхромга кириб, қурбонлик қилолмаган кишининг ўн кунлик рўзаси;

ж) эхромдалик чоғида соч олиш вақти киришидан олдин соч олдирган кишининг шу иш каффороти учун тутадиган уч кунлик рўзаси;

з) харамда ов қилинганлигининг жазосига тутиладиган рўза;

и) эътикоф билан бирга тутиладиган рўза. Масалан: эътикоф қилган киши эътикофини бузиб юборса, эътикофни қазо қилиш чоғида тутилган рўза.

Суннат – бирорта ҳам суннати муаккада бўлган рўза йўқдир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилиб, ўзлари кўпроқ амал қилган рўзалар суннат рўзалар ҳисобланади. Жами бир йилда 51 та суннат бўлган рўзалар мавжуд, улар:

– Арафа куни (Зулҳижжа ойининг тўққизинчиси);

– Зул-Ҳижжани тўққиз куни;

– Ашуро куни (Муҳаррам ойининг ўнинчиси), ундан аввал ёки ундан кейинги бир кун билан;

– Шаъбон ойининг 15-куни (Бароат кечасини ўтказибоқ саҳарлик қилинади);

– Шаввол ойида олти кун рўза тутиш;

– Ҳар ҳижрий ойнинг 13-14-15-кунлари (бир йилда 33 кун);

Макруҳи тахримий – икки ҳайит ва қурбон ҳайитидан кейинги уч ташриқ кунларида, насороларга ўхшаб фақатгина якшанба, яҳудийлар каби фақатгина шанба кунини улуғлаб рўза тутиш. Омма халқнинг шак кунида рўза тутишликлари. Хослар бундан мустасно.

Макруҳи танзиҳий – фақатгина Ашуро кунида, унга олдин ё кейин бирор кун қўшмай рўза тутиш, баъзи фуқаҳолар наздида ёлғиз жума куни рўза тутиш (кўпчилик фуқаҳолар наздида эса мустаҳабдир. Бадойиъ), Рамазон рўзасини биринчи кунидан қолиб кетмай, деган мақсадда Рамазон ойидан бир-икки кун аввал бошлаш (агар одатда рўза тутиб келаётган кунларига тўғри келиб қолса зарари йўқ), икки кунлик рўзани саҳарлик ва ифторлик қилмай улаб тутиш, “ҳеч ким билан сўзлашмаслик” рўзасини тутиш (буни Марям розияллоҳу анҳо рўзаси ҳам дейилади), аёл киши эрининг рухсатисиз нафл рўза тутиши (агар эр яқинликдан ожизлик даражасида бемор ёки рўзадор, ҳаж ва умранинг эҳромида бўлса макруҳ эмас), мусофир рўза туфайли ночор аҳволга тушиб қоладиган бўлса (лекин қудрати ета туриб рўза тутса афзалдир), ҳожи арафа куни рўза тутиши туфайли заифлашиб қолиши кутилса-да, рўза тутиши.

Мустаҳаб – юқорида саналган кунлардан бошқа кунларда рўза тутиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп бор тутмаган ёки тарғиб қилиб, ўзлари тутмаган рўзалар ё тарғиб ҳам қилмаган, қайтармаган рўзалар мустаҳаб рўзалар ҳисобланади.

Умдатул-Фиқҳ

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота» жоме масжиди
имом-хатиби Эшонҳўжаев Саидроҳим