Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рўза тутишдан кўзланган мақсад нима?

Рўза тутишдан кўзланган мақсад нима?

Гуноҳлар мағфират қилинадиган, шайтонлар занжирбанд қилинадиган, кўнглимизга сурур бахш этадиган муборак Рамазон ойи кириб келди. Ҳар ким ўз илми ва тушунчаси доирасида бу ойга таёргарлик кўрди.

Мусулмонга буюрилган ҳар бир амалда зоҳирий ва ботиний талаблар бўлади. Рўза тутишдаги зоҳирий талаб тонгдан оқшомгача еб-ичиш ва жимоъдан сақланишдир. Ботиний талаб эса қалбни ҳасад, риё, ужб, кибр ва шу каби турли касалликлардан поклаш шунингдек, тилни ғийбат, ёлғон ва бекорчи сўзлардан тийишдир. Натижада, рўза тутган одам Рамазон ойидан тақводор бандага айланиб чиқиши лозим. Рамазон ойи уни ўзгартириши керак. Мана шу рўза тутишдан кўзланган энг асосий мақсаддир. Еб-ичиш ва жимоъдан тийилиш эса бу мақсадга эришиш учун бир воситадир.

Нима сабабдан айнан еб-ичиш ва жимоъдан тийилиш буюрилган?

Уламолар бу саволга шундай жавоб берадилар: Бандани Аллоҳнинг раҳматига эришишдан тўсадиган энг катта тўсиқ бу гуноҳлардир. Гуноҳлар эса нафснинг хоҳиш истакларидан иборат. Нафсни бўйсундириш ва уни тарбия қилиш бандани Аллоҳнинг раҳматига эриштирадиган энг муҳим омилдир. Нафсни бўйсундириш эса унинг истакларига қарши бориш билан бўлади. Еб-ичиш ва жимоъ нафснинг энг катта истакларидан ҳисобланади. Улардан тийилиш эса нафсни тарбия қилишдаги муҳим омилдир.

Хулоса ўрнида, рўзадан кўзланган зоҳирий талабни ҳар бир рўзадор амалга ошира олади албатта. Аммо ботиний талабни ҳам бажарадиганлар рўзадорлар ичида озчиликни ташкил этади. Рамазон ойига тайёргарлигимиз мана шу жиҳатларга эътибор қилиш билан бўлса, бунинг учун ҳозирдан ўзимизни, нафсимизни тайёрлаб борсак, Рамазон ойидаги фазилатлардан тўлиқ баҳраманд бўлишга эришамиз, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло кириб келган Рамазон ойини муборак айлаб, бу ғанимат ойдан унумли фойдаланиб олишга ҳаммамизни муваффақ қилсин!

Оҳангарон тумани «Абдуҳаҳҳор Махсум» жоме масжиди

 имом хатиби Абдулбосит Нусратуллаев