Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рўмол ҳақида ўйлар

Рўмол ҳақида ўйлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Буюк Яратувчимиз Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз, севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога дуруд ва саломларимиз бўлсин!

Бугунги кунда юртимизда мўмин-мусулмонларни ташвишга солиб турган асосий муаммолардан бири муслима аёлларнинг сатри аврат масаласидир. Ислом динида эркак ва аёлларнинг кийиниш меъёрлари ҳам кўрсатиб берилган. Таъкидлаш ўринлики, бу ҳукм шунчаки удум ёки қадимгиларнинг анъанаси сифатида эмас, балки олий мақсадлар, улкан ҳикматлар юзасидан илоҳий йўриқ ўлароқ жорий этилган. Бу ҳақиқат сўнги пайтларда ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлиб бормоқда.

Қуръони Карим оятларида ва ҳадиси шарифларда хусусан аёл кишининг кимлар олдида қайси даражада кийиниши кераклиги мезони кўрсатилган. Унга кўра, аёл ўзига бегона бўлган эркаклар олдида юзи ва икки кафтидан бошқа жойларини тўсиши фарз. Ўз маҳрамлари олдида эса боши, ўмрови атрофини, билаклари ва болдирларигача очиши мумкин. Жуфти ҳалолигина унинг бутун танасини кўриши жоиз. Асрлар оша бизнинг момоларимиз ушбу шаръий қоидага тўлиқ амал қилиб келганлар. Улар ҳатто ихтиёрий бўлган амал – номаҳрамлардан юзни бутунлай тўсишга ҳам қаттиқ туришган: чиммат ва ниқоб тутишган. Бугун ҳам кўплаб мусулмон мамлакатларда ҳамда Америка ва қатор демократик давлатларида истаган муслималар юзларини ёпиб юришади ва бунга оддий ҳол деб қаралади. Бироқ, сўнги йилларда айрим сабабларга кўра юртимизда айнан шу масалага жиддий қаралиб, аёлларимиз юзларини ёпиб юриш уёқда турсин, момоларимиз ўраган оддий рўмолни ўрашда ҳам турли қийинчиликларга дуч келишмоқда. Ҳолат шу даражага етдики, тўлғоқ тутиб ёки ҳомиласи кўчиб, вужудидан қон йўқотиб турган аёлларимиздан шу ҳолатда рўмолларини ечишларини талаб қилиб ушлаб туришгача боришмоқда. Бу ҳолат халқнинг давлатимизга бўлган ишончини йўқолишига, ранжиш ва нафратларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, ўша аёл ва унинг яқинлари бундан ҳаргиз мамнун бўлмасликлари аниқ.

Ҳуқуқий томондан қаралганда, кийиниш ҳар кимнинг шахсий иши бўлиб, рўмол ўраш виждон эркинлиги билан ҳам бевосита алоқадор. Айримлар мазкур тақиқни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида кўрсатилган “ибодат кийими”га боғлашади. Аммо қонуний ҳужжатларнинг бирортасида бу кийимга изоҳ ва таръиф берилмаган. Аслида эса рўмол ўраш миллий-диний кийим, ибодат кийими эмас, зеро, Исломда “ибодат кийими” деган тушунча ўзи умуман йўқ. Бу қараш хиристиан динида мавжуд бўлиб, улар жорий қилган қонунларни тўғридан-тўғри таржима қилиш сабабли мусулмон мамлакатларда мазкур тушунмовчилик келиб чиққан. Агар масалани атрофлича ўрганилганда эди, бу муаммо пайдо бўлмасди. Замонавий қонунчиликнинг ватани бўлган Ғарб давлатларида ва қонун устувор бўлган бошқа демократик давлатларда, юқорида эслаганимиздек, рўмол, ҳатто ниқоб ҳам тақиқланмагани фикримизни қувватлайди. Бизда ҳам бир неча йил олдин Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитаси тарафидан рўмол ибодат либоси эмаслиги ҳақидаги хулоса эълон қилинган эди. Аммо бу ҳужжат негадир ҳеч қаерда эътиборга олинмаётир.

Аввалига ишхоналарда ва ўқув юртларида ман қилинган рўмол бора-бора кўч-кўй ва бозорларда ҳам “ортиқчалик” қилиб қолмоқда. Ҳатто айрим орган ходимлари эшикма-эшик юриб ёки махсус идорага чақириб, аёлларнинг рўмолларини ечишга ҳам журъат қилишмоқда. Бу ҳолат нафақат мусулмонман деган одамга, балки ҳар қандай ўзини билган инсон учун, айниқса, эркак зоти учун ор, шармандалик эмасми? Аслида юрт ўғлонлари аёлларининг ор-номусини ҳимоя қилиши керак эмасми? Уларга зуғум ва таҳдид қилиш ўрнига уларни асраб-авайлаш, эҳтиром қилиш ва уларга пушти-паноҳ бўлишлари шу халқ, шу юрт олдида ҳам фарз, ҳам қарз-ку! Ахир уларнинг оналари, момолари рўмол ўрашмаганми? Кимлардир рўмол ўраб нимадир ғаламислик қилса, ўз миллийлигидан, соф табиатидан келиб чиқиб рўмол ўраган аёлда нима айб?

Миллий-диний қадриятимиз ҳисобланган рўмолни тақиқлаш ижтимоий ва сиёсий ноқулайликларга сабаб бўлиши табиий. Ижтимоий табақаланишга, халқ орасида ўзаро нафрат ва тажовузга олиб келади. Рўмол ўраган аёлларни айрим кишилар тарафидан таҳқирланиши, баъзи минтақаларда рўмолли аёллар ўз юртларида ўзларини ортиқча ҳис этиб қолиши каби салбий ҳолатлар ҳам урчиб боради. Бундай вазият эса ташқаридаги айрим ғаламис кимсалар, фитначи тоифалар ва бузғунчи кучларга жуда қўл келади, улар Ўзбекистонда диний эркинлик йўқ деган даъвони қилиб, ёшларни ўз тарафларига оғдиришларига йўл очиб беради.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, ушбу рўмол масаласи кўтарилгандан кейин “Ўзбекистондан ҳижрат қилиш керак”, деган давъат авж олди. Очиғи, ҳозирда ташқаридагилар олдида юртдаги аҳли илмларимизнинг тилини қисаётган энг нозик масала ҳам шу бўлиб турибди.

Кўплаб мусулмон оилалари айнан шу масала – рўмол муаммоси сабабли чет элга чиқиб кетмоқда. Асли насроний бўлган, бугун деярли динсизлашган юртларда оддий эркинлик ҳосиласи ҳисобланган ҳолат Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий каби буюк алломаларни етиштирган, минг йиллар оша Исломга амал қилиб келган улуғ халқ учун тақиқланса, буни қандай тушуниш мумкин? Қандай қилиб ҳамиятли эркак киши ўз аёлига кўчада рўмолингни еч, дея олади? Қандай қилиб ота вояга етган қизига мактабга бошингни очиб ёки лозимингни ечиб бор, дея олади? Наҳот ўз қизимизнинг иффатини, ҳаёсини асрашга ҳам ҳаққимиз бўлмаса? Аслида бунга ҳар биримиз масъул эмасмизми? Нега ўз маҳрамларимизни бегона назарларга рўбарў қилишмиз шунчалар шарт бўлади? “Оммавий маданият” деган бало халқимиз келажагига очиқча таҳдид қилиб турган бир пайтда аёл-қизларимизнинг мусаффолигини асрашимиз ниҳоятда зарур-ку! Тўғри, бу кимгадир аҳамиятли эмасдир, аммо миллий-диний қадрятларимиз қон-қонига сингиб кетган кишилар учун бу жуда ҳам оғир ҳол. Зотан, ўзликни асраш билангина биз жаҳонда ўз ўрнимизга эга бўлишмиз мумкин, акс ҳолда, бошқа халқлар остига сингиб етишимиз ҳеч гап эмас. Шу ва бошқа ҳолатларнинг келажагимизга қиладиган ҳужуми бизни ташвишга солаётир.

Биз бугунги сиёсий вазиятни жуда яхши тушунамиз. Аммо ҳамма нарсада ҳам меъёр ва мезон бўлиши керак деб ўйлаймиз. Шу эътибордан, ўртача йўл танланса, ҳамма учун яхши бўларди. Бугун аёлларнинг юзни ёпиб юришларини ман қилинишига бизнинг эътирозимиз йўқ, чунки бу ўзи динда ихтиёри берилган, тақвони истаганлар қиладиган иш. Аммо соч ва бўйинларни ёпиш, аниқроғи, юз ва кафтдан бошқа аъзоларни бегоналар олдида ёпиб юриш муслима аёл учун фарзи айндир. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди, ўзгартира олмайди, акс ҳолда, иймонга путур етади, бутун дунёга шарманда бўламиз. Зеро, барча китобларимизда бор гап шу, минг йиллар оша халқимиз амал қилиб келган тутум шу. Очиғи, муштипар аёл-қизларимиз жуда ноқулай вазиятга тушиб қолишмоқда: бир тарафда табиий ҳаёлари, миллий шуурлари, диний туйғулари, виждон амри, иккинчи тарафда эса ташқи таҳдид ва тақиқлар. Уларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш учун ҳам бу муаммони ижобий ҳал қилиш долзарб масала деб биламиз. Бу эркинлик ўқув юртлари ва иш жойларини ҳам ўз ичига олиши зарур.

Аслида муқаддас динимизнинг бу ҳукмида ҳам жуда кўп ҳикматлар, манфаатлар бор, албатта. Бугунги кунда ғайридин тадқиқотчилар ҳам аёл кишининг ёпиқ, Ислом шариатига мувофиқ кийинишининг фойдалари ҳақида қатор-қатор тадқиқотларни эълон қилмоқда. Аслида бундай кийиниш деярли барча халқларнинг миллий либоси ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда инсоният ўзига чоҳ қазиб, асрлар оша сақланган қадриятларини оёқ-ости қилишга журъат этмоқда ва бунинг жазоси ҳам узоққа чўзилмаётир. Биз мана шу ҳолатлардан дарс олиб, ўзимизни ўнглаб олайлик деган илинждамиз, холос.

Мазкур мақола шу буюк юртга бўлган сўнмас вафо, ватанга ва унинг боши бўлган давлатга нисбатан самимий садоқат юзасидан ёзилди. Бу борада омма олдида ташвиш кўтариш, норозилик кайфиятини урчитишдан, айниқса, хориждаги кишиларга қўл чўзишдан тамоман йироқмиз. Аммо бу муаммолар халқнинг катта қисми, хусусан, диндор ва аҳли илм қатлам қалбидаги энг оғриқли дардлардан бўлганидан қаламга олишга журъат қилдик.

Ҳасанхон Яҳё АБДУЛМАЖИД

Манба: azon.uz

[carousel-horizontal-posts-content-slider]