Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Риё – иллатдур

Риё – иллатдур

Агарчандики гавҳар порадурсан,
Яқин бил, бандаи бечорадурсан.
Кишиким, хоки раҳдур, бериёдур,
Яқин билгилки, кўзга тўтиёдур.

         Мутафаккир Сўфи Оллоҳёр

Ҳозирги кунимизда ён – атрофимизда “хўжа кўрсин” қабилидаги ишларни эшитиб, кўриб, гувоҳи бўлиб қоламиз. Юзаки қараганда, бу унчалик ҳам ёмон эмасдек туюлади. Бироқ чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрсак ва эътибор қаратсак, бу фикр асоссиз экани маълум бўлади. 

Аллоҳнинг ваҳдониятини лозим тутган мусулмон инсон ширк нарсаларнинг барчасидан халос бўлишга ҳаракат қилади. Аммо қалб хасталигига чалиниш эҳтимоли бор. Бу иллатнинг номи риёдир.

“Риё” луғатда “кўз билан кўриш”, “назар солиш” ва “одамлар кўрсин”, деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса, риё бир мусулмоннинг Аллоҳнинг розилигини кўзламай амал қилиши ва дунёвий фойдаларни кўзлаб, зарарларни даф қилиш ҳамда дунёда мартабаси улуғланиши учун ибодатларни зоҳир қилишидир.

Ўз амали ила холисона Аллоҳ Таолонинг розилигини истамаган риёкор ҳалокатга учраши баёни очиқ-ойдин далиллар билан келган. Аллоҳ Таоло Бақара сурасида:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالْأَذَى كَالَّذِي يُنْفِقُ مَالَهُ رِئَاءَ النَّاسِ وَلَا يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ فَمَثَلُهُ كَمَثَلِ صَفْوَانٍ عَلَيْهِ تُرَابٌ فَأَصَابَهُ وَابِلٌ فَتَرَكَهُ صَلْدًا لَا يَقْدِرُونَ عَلَى شَيْءٍ مِمَّا كَسَبُوا وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ 

«Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, молини одамлар кўриши учун нафақа қилганга ўхшаб ботил қилманг. У мисоли устини тупроқ босган, сўнгра кучли ёмғир ёғиб, уни сип-силлиқ қилиб қўйган ясси тошга ўхшайдир. Касб қилган нарсаларидан бирор нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас», деган (264-оят).

Аллоҳ Таоло Маъун сурасида:

فَوَيْلٌ لِلْمُصَلِّينَ الَّذِينَ هُمْ عَنْ صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ الَّذِينَ هُمْ يُرَاءُونَ

«Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки, улар намозларини унутувчилардир. Улар риё қиладиганлардир», деган (4-6-оятлар).

Инсонлар орасида риёнинг бир нечта ҳолатига гувоҳ бўламиз, масалан:

– риё бадан-жасад билан бўлади. Бунда риё қилувчи гавдасининг озғинлиги, бақувватлиги, келишганлиги ва терисининг ранги хусусида кўз-кўз қилишга берилади. Бу билан одамларга охират хавфидан кўрқаётганини ва қаттиқ ижтиҳод (ҳаракат) қилаётганини кўрсатмоқчи бўлади.

 – кийим-кечак билан бўладиган риё. Аҳли дунёларнинг мунофиқликлари нафис либосларни кийиш, чиройли от-уловларни миниш, кийимлар, уй-жойлар ва асбоб-ускуналарини безатиш билан бўлади.

Ҳозирги кунда  замонавий  кийиниш, яьни ёшлар тили билан айтилса, “мода”га қараб кийиниб, атрофдагилар қарасин ва мақтасин деб харакат қилиши.

 – сўз билан риё қилиш. Риёнинг бу турида инсон ўзининг сўзга усталигини намоён қилиш мақсадида, ибратли шеър, матал, қофиядор жумлалар ва бошқаларни ёдлаб олиб, ўзини жамоа ичида ажралиб туришини намоён қилгиси келади.

 – амал билан риё қилиш. Бунда инсон одамлар кўриши ва у ҳақида гапириши, мақталиши учун амал қилади. Мисол учун, намоз ўқувчи риё билан узоқ вақт намозда қоим туради, намоз рукуъ ва саждаларини жуда чўзиб юборади, таъзим-тавозега ўта берилади ва худди шундай, рўза, ғазот, ҳаж, садақа кабиларда ҳам шу йўлни тутади.

Ривоят қилишларича, бир шаҳарда Ҳазрат Шиблийни қаттиқ ҳурмат қиладиган бир новвой яшаркан. У “Агар шаҳримизга Шиблий ҳазратлари келсалар, уйимда катта зиёфат бераман”, деб ният қилиб юраркан. Кунларнинг бирида новвой дўконида ўз касби билан машғул бўлиб турса, кўринишидан сафар асари билиниб турган бир одам келиб, Аллоҳ йўлида бир дона нон беришини сўрабди. Новвойдан рад жавобини эшитгач, индамай ортига қайтибди. Шу пайт новвойнинг қўшнилари унга танбеҳ бериб, ҳалиги мусофир валиюллоҳ Шиблий эканини айтибдилар. Новвой югуриб шайхнинг ортидан етиб олибди, қаттиқ кечирим сўрабди ва кечки зиёфатга таклиф қилиб ўтинибди.   

Зиёфатга жуда кўп одам йиғилибди. Меҳмондорчилик асносида одамлар шайхдан кўплаб саволларига жавоб олибдилар. Бир киши ким жаннатий, ким жаҳаннамийлигини айтишларини сўрабди. Шунда Ҳазрат Шиблий: “Ким жаннатий эканини билмайман-у, бу зиёфатни уюштирувчи жаҳаннамий”, дебдилар. Бундай жавобдан ҳайратда қолган меҳмонлар шайхдан жавобларини изоҳлаб беришни сўрашибди. Ҳазрат Шиблий эса: “Аллоҳнинг йўлида битта нонни қизғонган, бир ожиз бандаси учун зиёфат берган киши қандай қилиб жаннатий бўлсин?!” деб жавоб берган эканлар…

Уламоларнинг риё ҳақидаги фикрларига эътибор қаратайлик:

Тахонавий риёни қуйидагича таърифлайди: “Риё яхшиликни бошқалар кўриши учун қилишдир. Унда холис ният ва ихлос бўлмайди”.

Муҳаммад ибн Муборак Суварий айтадилар: “Хушхулқингни тунда изҳор қил, бу иш кундузи изҳор қилганингдан яхшироқдир. Чунки кундузги хушхулқлигинг бандалар учун, кечқурунги интилиш оламлар Парвардигори учундир”.

Ибн Хажар Асқалоний (роҳимаҳуллоҳ) риё ҳақида: “Риё одамлар кўриб, эгасини мақташлари учун ибодатни изҳор қилишдир”, деган.

Риёни йўқ қилиш чоралари қандай, қуйида уларни келтирамиз: 

 – Риёнинг турларини, қисмларини, унга сабаб бўлувчи нарсаларни билиш ва ўша нарсаларни қўпориб ташлаш. 

 – Аллоҳнинг улуғлигини билиш. Буни билиш йўли У Зотнинг исмларини, сифатларини, феълларини Китоб, Суннат, Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби таълимотлари асосида танишдир. Унинг ҳеч бир шериги, ўхшаши йўқлигини тушуниб етса, қалбида ихлос пайдо бўлиб, амалларини ҳам ихлос билан қиладиган бўлади. 

 – Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандалари учун тайёрлаб қўйган неъматларни ва азобларни, ўлим аччиғини, қабр азобини билиш. Агар банда мана шу нарсаларни мукаммал англаса, риёдан ихлосга қараб қочадиган ақлли кишига айланади. 

 – Дунё, одамлар учун амал қилишнинг хатаридан қўрқиш. Риёнинг амалларни ҳабата қилувчи бало эканини тушуниб етиш. Ким бир ишдан қўрқса, ундан эҳтиёт бўлади, натижада ундан сақланади.

Демак, риё – мўмин учун иллатдур, у эгасини қиёмат куни халойиқнинг олдида шарманда қилади. Риё инсонлар ўртасида ишончсизликни ва иккиюзламачиликни келтириб чиқаради. Шунинг учун доимо амалларимизни ва ибодатларимизни фақат Аллоҳ учун ва Аллоҳ розилиги учун қилиш керак. Аллоҳ таолодан бизни амалларимиз, сўзларимиз ва барча ҳолатларимизда ихлосли этмоғини сўраймиз.

Пискент тумани бош имом-хатиби

Зайнилобиддинхон Қудратов