Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ражаб ойи фазилати

Ражаб ойи фазилати

Савбон розияллоҳу анҳу ривоят қиладиларки: Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳамроҳ  бўлиб бир жойга бораётганимизда йўлимиз қабристонга тушди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабр олдида тўхтаб, қаттиқ йиғлаб, сўнгра дуо қилдилар. «Ё Расулаллоҳ, йиғлашингизнинг сабаби нима?» – деб сўрадим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай жавоб бердилар: «Ё Савбон, бу қабр эгаси азобда қолганлиги учун йиғладим. Дуо қилганимдан кейин, Аллоҳ  таборак ва таоло унинг азобини енгиллатди. Агар у бир кун ражаб ойининг рўзасини тутиб, бир кечани уйғоқликда ўтказганида эди, бундай қабр азобини кўрмаган бўларди». Мен: «Ё Расулаллоҳ, бир кун рўза тутиш ва бир кеча ражаб ойида қиём туриб, ибодат қилиш қабр азобидан нажот берадими?» – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ё Савбон, мени набий этиб юборган Зотга қасам, агар мўмин эркак ёки мўмина аёл ражаб ойида бир кун рўза тутиб, бир кечани уйғоқликда тоат-ибодат билан қиёму лайл қилса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг номаи аъмолига бир йиллик рўзанинг ва бир йиллик кечаси қилинган ибодатнинг савобини ёзади», – дедилар («Зубдатул-ваъизийн»).

Азизлар, ўтган кунда нима қилган бўлсак қилдик, бугунги кунимиз омонат, эртанги куннинг нима бўлишини Аллоҳ билади. Солиҳ амалларда бардавом бўлайлик. Ражаб ойининг фазилатидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилайлик.

Оҳангарон тумани «Чет-сув»
жоме масжиди имом ноиби Б.Улугов