Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – буюк мураббий

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – буюк мураббий

يا أيها النبي إنا أرسلناك شاهدا ومبشرا ونذيرا. وداعيا إلى الله بإذنه وسراجا منيرا

“Эй пайғамбар, дарҳақиқат, Биз Сизни (қиёматда барча умматларга) гувоҳ бўлувчи, (жаннат ҳақида) хушхабар берувчи ва (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи этиб юбордик. Аллоҳнинг изни билан Унга (динига) даъват қилувчи ва (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб ҳам”(Аҳзоб сураси 45-46-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламни ёритувчи нур бўлиб юборилдилар. Башариятни қуллик зулми, жоҳилиятдаги синфий табақаланиш касалликлари, ўша даврга хос инжиқлик ва қайсарлик, ёки аксинча, ҳар нарсани улуғлайвериш ва унга кўр-кўрона тиз чўкавериш каби иллатлардан халос этдилар.

Ул зот соллаллоҳу  алайҳи васаллам Аллоҳнинг изни билан кун сайин тубсиз жарликка қараб кетаётган бахти қаро, толеи паст умматни йўл кўрсатувчи, ғоялар берувчи, йўлбошчи, улуғвор шавкатли буюк умматга айлантирдилар.

Аллоҳ таоло бу умматни тарбиялашдек буюк масъулиятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига юклади. Ул зоти бобаракот бу омонатни аъло даражада адо этдилар. Умматга нисбатан самимий бўлдилар. Ҳали ҳануз тарбиялари бу умматни жаннат сари етаклаяпти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадрасаларида таҳсил олган талабалардан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу умматнинг энг яхши намуналаридан бўлдилар.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу барчани қоил қолдирадиган ажойиб шахс эдилар. Ўзларида мулойимлик ва шиддаткорликни, меҳр-шафқат ва куч-қудратни, бардошлилик ва тезликни, мутавозеълик ва улуғворлик фазилатларини, соддадиллик ва ўткир фаросатни жамлаган эдилар. Аллоҳ таоло ул зотга гўзал ахлоқ ва ҳушфеъллик каби туғма хусусиятлардан кўп ва хўп насибалар ато этган эди. Шунингдек, ширинсуханлик, равон нутқ санъатини ҳам ўзларида жамлаган эдилар. Ул зот ҳақида Сарвари оламнинг машҳур сўзлари бор.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарларидан туриб: «Агар ер аҳлидан халил тутганимда, Абу Бакрни халил тутардим, масжидда Абу Бакрнинг туйнугидан бошқа ҳеч туйнук қолмасин», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

Умар розияллоҳу анҳу саҳобалар улуғи ва бутун инсониятга яққол намуна ва ўрнак бўлган инсон бўлганлар. У зот Пайғамбар алайҳиссаломга у зотнинг рисолатларини адо қилишда улкан ҳисса қўшган, қўшганда ҳам ихлос, шижоат, муҳаббат ила хизмат қилган саҳобийдир. Ҳақни севувчи, ноҳақни қаттиқ қораловчи Форуқ эдилар. Ҳатто Расулуллоҳ алайҳиссалом Умар розияллоҳу анҳунинг шаънлари тўғрисида “Агар мендан сўнг пайғамбар бўлса, албатта, Умар бўлар эди”, дея эътироф этганлар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Муқаддас Ислом дини учун молу жонини фидо қилувчи, ўткир фаросатли, сабру матонатли, довюрак ва шижоатли зот эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Усмон розияллоҳу анҳуни васфлаб: “Фаришталар ҳаё қиладиган кишидан ҳаё қилмайми?!” деганлар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу эса саҳобаларнинг энг фақиҳларидан бўлганлар, Набий алайҳиссалом билан доимо бирга бўлиб, у зотдан жуда кўп илм олганлар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб гувоҳлик берадилар: “Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозасидир”. Али розияллоҳу анҳу юзлаб, минглаб ўзиларида гўзал фазилатларни жамлаган шогирдларни тарбияладилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асос солган буюк динга сидқидилдан хизмат қилдилар.

 Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади