Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоби киромлар зуҳди

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоби киромлар зуҳди

Дунёга кўнгил бермаслик борасида ўзимизга намуна қидиргудек бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари, насиҳатлари ва ҳаёт тарзлари бизнинг талабимизни тўла-тўкис қондиради. У зотнинг Охират неъматлари хусусида айтган сўзлари ва қилган амаллари илоҳий тарбиянинг ажиб самараси эди. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига мана бундай таълим берган эди: “Сиз кўзларингизни Биз айрим тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир” (Тоҳо сураси, 131-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратдан аввал ҳам, кейин ҳам, оғир кунларда ҳам, енгил кунларда ҳам дунё матоларига бепарво бўлиб, Охират талабида елиб-югуриб, ибодатга муҳаббат қўйиб ҳаёт кечирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам этакларини тутган асҳоби киромлар дунё зоҳидларининг пешволарига айландилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг «Дунёга қизиқмаган, Охиратга рағбат қилганлар қани?» деган сўзларини эшитдилар-да, ўша кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо қабрларини кўрсатиб, дедилар:

– Сен булар ҳақида сўраяпсан!

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз асҳобларига дедилар:

– Сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийларига қараганда кўп намоз ўқийсизлар, рўза тутасизлар ва жиҳод қиласизлар. Аммо улар сизлардан яхшироқ эдилар.

– Қандай қилиб? – сўрашди ҳамсуҳбатлар.

– Улар сизларга қараганда зоҳидроқ ва Охират йўлида рағбатлироқ эдилар. Дунё уларга ҳалол моллари билан келганида саҳобалар уни Аллоҳга яқинлик ҳосил қилмоқ учун тутдилар ва дин хизмати ҳамда Аллоҳ калимасининг олийлиги йўлида сарфлаб юбордилар, – деб жавоб бердилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.

Абу Сулаймон айтадилар:

– Усмон билан Абдураҳмон Аллоҳнинг еридаги хазинаси эдилар. Улар мол-давлатларини Аллоҳ тоати йўлида инфоқ-эҳсон этардилар. Бу икки саҳобий қалблари ва илмлари билан Аллоҳга муомала қилардилар.

«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Шамсиддинхўжа Сулаймонов

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan