Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / РАСУЛИ АКРАМ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МУБОРАК СИФАТЛАРИ

РАСУЛИ АКРАМ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МУБОРАК СИФАТЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг ҳалими, энг сахийи, энг меҳрибони эдилар. Кавушларини ўзлари тузатиб олардилар, кийимлари йиртилса, ўзлари тикиб ислоҳ этардилар. Аҳлу-аёлларининг хизматларини бажарардилар. Чимилдиқ ортидаги бокира қиз ҳаёсидан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Мамлук-қул одам ҳам даъват этса, ижобат этардилар.

Анас розияллоҳу анҳу айтдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат этдим. Ул зот менга “уф”, демадилар. Бирон-бир иш қилган бўлсам, “Нимага буни қилдинг?” ёки бирон ишни қилмаган бўлсам, “Бундай қилсанг бўлмайдими?” деб айтмаганлар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларидан келтирамиз: “Менинг ихтиёр этган бандам, қўпол сўз ва ғализ (қайсар) эмас. Бозорларда қичқириб-бақириб юрувчи эмас. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармайди, лекин авф этади ва кечиради”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қасос олишга қодир бўла туриб, авф этардилар. Бирон кишига ўзи ёмон кўрган нарса билан юзланмасдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг ростгўйи эдилар. Зиммаларидаги нарсани мукаммал адо этардилар. Хилофлари жуда оз ва одамларнинг энг мулойими эдилар. Дўстлик жиҳатидан уларнинг энг мукаррами эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ким бирданига кўрса, ҳайбат этарди. Кимки ул зот билан танишиб, ихтилот (аралашса) этса, дўст тутарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларидан яна бири – у зот учраган кишига биринчи бўлиб салом берардилар. Бир иш билан кетмоқчи бўлган одам ҳатто унинг ўзи қайтиб келгунга қадар сабр қилиб турардилар. Бирон киши сўрашиш вақтида ул зотнинг қўлларини ушлаган бўлса, то унинг ўзи қўлини қўйиб юбормагунга қадар муборак қўлларини тортиб олмасдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ранглари чўл рангидек эди. Жуда ҳам оқиш эмасди.

Ул зот серсоч эдилар. Сочлари жуда узун ҳам эмас, фатила-фатила, жингалак ҳам эмасди. Сочлари қулоқларининг юмшоқ еригача етиб турарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналари кенг, қошлари узун, кўзлари қора, киприклари узун-узун, қирғий бурун, яноқлари текис, серсоқол, бўйинлари чиройли ҳайкал бўйни каби эди, кўкраклари кенг, қорин ва кўкраклари баробар, кифт елкалари кенг, билаклари узун, қўл кафтлари ҳарирдан ҳам юмшоқ эди.

«Минхожул Косидийн китоби» асосида  Пискeнт тумани
«Мулла Бўта Қози» жомe масжиди имом-хатиби Вохидов Мирсобит