Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазоннинг охирги ўнкунлиги ва Қадр кечаси

Рамазоннинг охирги ўнкунлиги ва Қадр кечаси

“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ – ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин” (Бақара сураси 185-оят) деган Аллоҳ Таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин!

“Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди” (Насоий, Байҳақий) деган суюклигимиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга салоту дурудлар, саломларимиз бўлсин!

Улуғ кунлардамиз – муборак Рамазоннинг охирги кунларида. Бу кунлар бошқаларидан ажралиб туради. Нимаси билан?

Биринчидан, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунларда бошқаларига қараганда янада кўпроқ шижоат кўрсатардилар.

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг ушбу тунларини ибодатда ўтказардилар.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнкунлик кирса, изорларини маҳкам боғлаб, кечани бедор ўтказар ва аҳлларини уйғотар эдилар” (Бухорий).

Келинг, азизлар, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатларига эргашиб, бу ғанимат дамларнинг кунларинию, тунларини беҳуда ўтказмайлик, ахир, ҳақиқатда уларда жуда кўплаб ажр – савоблар бор.

Бу ўнкунликнинг аҳамияти яна шундаки, бунда Лайлатул Қадр кечаси бор. Аллоҳ Таоло бу кечани “минг ойдан яхшироқ” деб атайди. Бу кечанинг фазилати қуйидагилардир:

– бу кечада Қуръони Карим нозил бўлган;

– Аллоҳ Таоло бу кечада барча ишлар ҳал қилинишини марҳамат қилган. Бу кечада инсониятнинг кейинги йил учун тақдири белгиланади. Яшайдиганлар ва бу дунёни тарк этадиганларнинг исми битилади, ким бахтлию, ким бахтсиз бўлиши, шунингдек қурғоқчилик бўладими ёки унумдорлик, буларнинг барчаси ёзиб қўйилади. Бу йил учун Аллоҳ нима бўлишини амр қилса, битиб қўйилади. Аллоҳ Таоло Қуръонда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик. Ўша (кеча)да ҳар бир ҳикматли иш ажратилиб, ҳал қилинур. Биз томонимиздан бўлган амрга биноан. Албатта, Биз Пайғамбар юборгувчи бўлдик. Бу, Раббинг томонидан (кўрсатилган) раҳматдир. Албатта, Унинг ўзи ўта эшитувчи, ўта билувчи зотдир” (Духон сураси 3-6-оят).

Аллоҳ Таоло ушбу улуғ кеча ҳақида, шунингдек, бундай дейди: “Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул қадр минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Раббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир” (Қадр сураси 1-5-оят).

Демак, бу кечада барчамиз учун дастурул амал бўлган, бизларни икки дунёда саодатманд бўлишимизни таъминлайдиган муқаддас Қуръон нозил бўлган. Аллоҳ Таоло “Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?” дея савол билан мурожаат қилиб, унинг нақадар аҳамиятли ва фазилатли эканлигига эътиборимизни қаратади. Фаришталар Аллоҳнинг изни билан бу кечада осмондан ерга тушадилар, уларнинг тушишида эса, албатта, яхшилик ва хайр бордир. Бу кеча минг ойдан, яъни саксон уч йилдан яхшироқ эканлиги хабар қилинмоқда. Бу кечада Аллоҳ Таоло ўз бандаларини мағфират қилади ва жазодан озод этади. Бунга эса Аллоҳнинг итоаткор қуллари сазовор бўлиши мумкин.

Қадр кечасининг фазли саҳиҳ ҳадислардан бирида ҳам баён қилинади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан , савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар” (Бухорий).

Бу улуғ ва фазилатли кечадирки, уни охирги ўнкунликнинг тоқ кечаларидан қидириш лозимлиги бизга маълум қилинган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазондаги охирги ўн кунликнинг тоқларидан изланглар”, дедилар” (Бухорий).

Аллоҳ Таоло ўз бандаларига марҳамат қилганлиги сабаб, мусулмонлар Рамазоннинг охирги кунларида ибодат қилишда янада шижоат кўрсатишлари ва собит бўлишлари учун бу кеча аниқ қачон бўлишлигини яширган. Рамазоннинг тоқ кечалари саноқли, лекин ушбу кечаларда қилинадиган амаллар учун ажру савоблар беҳисобдир. Шундай экан, азизлар, келинг, бу кунларда Аллоҳнинг зикри билан кўпроқ машғул бўлиб, Унга дуолар қилайлик. Айниқса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога ўргатган дуоларини: Оиша (розияллоҳу анҳо) “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, агар Лайлатул қадр яъни қадр кечаси эканини билсам, нима деб айтаман”, деб сўрадилар, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Раббим, Сен афв қилгувчисан ва афв қилишни яхши кўрасан. Мени афв эт” деб айт”, дедилар (Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа).

Ё Аллоҳ, тўғри йўлингда собитқадам қил, юзларимизни ёруғ айла!

Ё Аллоҳ, бизни, ота – оналаримизни, яқинларимизни Жаҳаннам оловидан сақла!

Ё Аллоҳ, бизларни, бутун мусулмонларни мағфират қил, гуноҳларимизни афв эт!

 

Бекобод тумани “Амиров Дадахон” жоме масжиди

имом-хатиби Абдулаҳад Саиджахонов