Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / РАМАЗОНГА ТАЙЁРМИСИЗ: ҚАЛБИНГИЗНИ ҲОЗИРМИ?

РАМАЗОНГА ТАЙЁРМИСИЗ: ҚАЛБИНГИЗНИ ҲОЗИРМИ?

Қалбларимизга нур сочиб, кўзимизни қувончга, мўмин-мусулмонларни кўнглини шодликка тўлдирадиган, гарданимиздаги гуноҳ ва маъсиятларни поклайдиган, иймонимиз нурини зиёда этадиган, ўн икки ойнинг султони бўлган Рамазони шариф ойи кириб келишига саноқли кунлар қолди.

Биз Рамазон ойини алоҳида тайёргарлик ва хурсандчилик билан кутиб олиш, кўтаринки руҳда, ўзгача шукуҳ билан ўтказиш ва савоблий амалларни кўпроқ қилиш учун ўзимизни ислоҳ қилмоғимиз ва қалбимизни ҳозирламоғимиз лозим.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун вужудга ўз таъсирини ўтказувчи қалбга эътибор қараттб шундай деганлар:
“Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ривояти).

Шу ўринда бугун қалбларимизни ўртаб ҳаловатмизни йўқолишига сабаб бўлаётган яна бир омил борки бу – мусулмоннинг мусулмонга нисбатан кўнглида ғазаб, ҳасад, хусумат қилиши, қаҳр ва зулм ниятида юришидир. Айнан мана шу салбий туйғулар бандани Аллоҳнинг нури ва розилигидан мосуво этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:
“Бир­–бирингиздан нафратланмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингизга орқангизни ўгирмангиз, бир-бирингиз билан алоқаларни узмангиз! Эй, Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлингиз!” (Имом Бухорий, Адабул Муфрад).

Қалбларимизни тозалаш учун эса уламолар қуйидагича тавсияларни айтиб ўтишган:
“Кўп зикр қилиш, истиғфор айтишда бардавом бўлиш, ибодатларни бажаришда жидду жаҳд қилиш, гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш, ёлғиз қолганда тафаккурни кўпайтириш (айниқса ҳозиги карантин вақтида), яхшиликларни кўпайтириш, ота-онани хизматларини қилиб дуоларини олиш, оиладаги ака-ука, опа-сингил, эру хотин ўзаро яхшилик билан яшаш, жамиятдаги муҳтожларга ёрдам бериш, етимларнинг бошини силаш, қиёматни кўп эслаш, ўлимни эсдан чиқармаслик”.

Рамазон ойида Қуръони каримни хеч бўлмаса бир марта бошидан охиригача ўқиб хатм қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир. Рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, муҳтожларга хайру садақалар улашиш ушбу ойга хос бўлган амаллардан саналади.

Лекин, минг афсуски, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам Коронавирус пандимеяси тарқалди. Бу касаллик кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида юртимизда карантин эълон қилинди.

Маълумки, ушбу ҳолат вужудга келгани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича ФАТВОСИ” эълон қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди.
Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилинди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди.

Юқоридагилардан келиб чиқан ҳолда, шунингдек, фуқароларимиз орасида Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга қатъий риоя қилишга чақиради:
Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказишлари тавсия этилади.

Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказишлар тавсия этилади. Барча мусулмонларимиз қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зид келиши баробарида Аллоҳ таолонинг ишбошиларга итоат қилиш ҳақидаги Нисо сураси : “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!…” 59-оятига ҳилоф эканини англашлари лозим.
Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” ҳайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари тавсия этилади.

[Forwarded from Alisheraka Olmaliq Mas’ul Kotib]
Мусулмонларимиз хонадонларида Аллоҳ таолодан коронавирус балосини тез кунларда бартараф этишини сўраб, ихлос билан дуо қилсинлар. Зеро, рамазонда қилинган дуолар мустажобдир.
Аллоҳ таоло тез кунларда беморларимизга шифои комил бериб, дунё халқлари, жумладан юртимиздан бу касалликни кўтарсин! Ҳамда фазилатли жамоатлар билан ибодатларни комил суратда адо қилишни барчамизга насиб қилсин!

Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби Х.Ортиқов