Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазондан нажот билан чиқайлик

Рамазондан нажот билан чиқайлик

Бисмиллаҳир Раҳмонир Роҳим!

Истиқлол шарофати ила миллий ва диний қадриятларимизга эркинлик берилиб, Рамазон рўзаси, Ҳайит каби ибодат ва маросимларни мукаммал адо этиш, фазилатли кунлар шарофатидан кенгроқ баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлдик. Ана шундай саодатли дамларимиз Рамазон ойи билан боғлиқ бўлиб, бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қонатли бўлиш, мақсади сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатлар шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни касб этган инсон эса ҳаётда дуч келадиган хар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади. Рўза инсонни покликка даъват этади, унинг қалбини турли ғуборлардан тозалайди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир. Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир. Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар. Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди, улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача  еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз! Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангиз! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади” (Бақара сураси, 183-187-оятлар). Ушбу ояти Карималарда рўзага доир ҳукмлар баён қилиниши билан бирга, рўзадор ҳолда дуо қилиш ва дуолар ижобат бўлишига ишоарт бордир

Рамазон раҳмат ва мағфират ойи. Бу ойда мусулмонлар улкан савоблар умидида энг эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таолонинг яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат билиб, гуноҳлардан покланишга, ҳайрли ишларни кўпайтиришга шошилмоғимиз лозим. Зеро, бу йилги Рамазон поёнига етишига ҳам бир неча кун қолди.

Рамазон рўза ойи бўлиши билан бир қаторда, мўмин мусулмонлар учун раҳмат, мағфират ва дўзахдан нажот ойи ҳамдир. Рамазон ойи келганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари янада ошиб кетар экан. Биз ҳам Жанобнинг умматлари эканмиз, У зотдан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндош-уруғларга, маҳалламиздаги бева- бечорларга, кам таъмигланган қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморларнинг ҳолидан хабар олишимиз лозим. Чунки бу амаллар ушбу муборак ойда кўп савоб олишимизга сабаб бўлади, айниқса, Рамазоннинг охирги кунларида қилинган хайрли ишлар дўзахдан паноҳ топишимизга васила бўлади, иншааллоҳ.

Бу ойда дуолар, илтижолар тез мустажоб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Уч тоифа инсоннинг – рўзадорнинг ёки ифтор қилаётган рўзадорнинг, одил подшоҳниннг ва мазлумнинг дуоси мустажоб бўлади” (Термизий, Аҳмад ва Ибн Можа ривояти ).

Муҳтарам юртдошлар! Бутун ер шаъридаги халқлар, хоссатан, юртимизда ҳам тарқалаётган “covid-19” вирус касаллигини Роббимиз тез кунларда Ер шаридан, юртимиздан ҳам даф қилишини сўраб илтижо қилайлик. Бу йўлда халқимизга ғамхўрлик қилаётган Президентимиз ва у киши бошчилигидаги барча давлат мутасадди ходимларини ҳақларига дуо қилайлик, соғлик-саломатлик, тинчлик, хотиржамлик, ишларига ижобий ривож ва барокот беришини Яратгандан сўрайлик. Президентимизнинг мурожаатларига ҳар биримиз лаббай деб жавоб бериб бир ёқадан бош чиқариб бу кунларни биргаликда тинч ва хотиржам ўтказайлик.

Юртимиз тинч осмонимиз мусаффо бўлсин!!!

Бекобод тумани “Мулла Абдуғаффор ҳожи” жоме масжиди

имом-хатиби Авазов Комил

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan