Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Рамазон – Қуръоний байрам ойидир

Рамазон – Қуръоний байрам ойидир

Юртимизга энг муборак ойлардан бири Рамазон кириб келди. Уни барча мўмин-мусулмонлар интиқиб, қалбларда ўзгача соғинч билан кутганлиги сабаб, ойлар султонининг шукуҳу таровати кўнгилларга ўзгача қувонч улашаяпти, десак муболаға бўлмайди. Республикамизнинг аксар масжидларида Хатми Қуръонлар ўтказилаётгани, таровеҳ намозлари адо этилаётгани ҳам ҳар биримизда шукроналик ва хурсандчилик ҳиссини уйғотмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ворислари бўлмиш уламоларимиз ва имомларимиз Рамазон ойи давомида рўза билан боғлиқ шаръий аҳкомларни тушунтиришда янада жонбозлик кўрсатишлари лозим бўлади. Зеро, илм амалнинг асосидир.

Мўмин-мусулмонларни муборак Рамазон ойи билан қутлаш ва имкон қадар шаръий аҳкомларни етказиш мақсадида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов 2019 йилнинг 9 май куни Янгийўл туманидаги “Пусур оқсоқол” ҳамда “Олтинобод” жоме масжидларига ташриф буюрдилар.

Хайруллоҳ домла намозга йиғилганларни файзини тиллар таърифлаб тугата олмайдиган, мусулмонларнинг соғинчи ва қувончи бўлган Рамазон билан муборакбод этдилар. Шунингдек, Рамазон – Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим нозил бўлган ой эканлиги, айнан шу сабаб ҳам ушбу ой энг шарафли ой эканлиги; Ислом арконларидан бири бўлмиш рўза ибодатини бажариш имкони борлиги; бу ойда қилинган нафл ибодатлар учун фарз, фарз ибодатлар учун эса етмишта фарзни адо этганлик учун ажру савоблар берилиши ҳақида тўхталдилар.

Хайруллоҳ домланинг: “Бу ойнинг фазли яна шундаки, бу ойда мўмин-мусулмонлар Исломнинг 5 арконидан ҳаммасини бажариб, номаи аъмолларини беҳисоб савоблар билан безашлари мумкин. Хусусан, Исломнинг биринчи устуни иймон бўлса, мана иймон эгалари масжидга йиғилиб, намоз ўқимоқдамиз. Рўза тутиб, тана ва руҳимизни покламоқдамиз. Мол-мулки нисобга етганлар закот мажбуриятларини ҳам адо этадилар ва етмиш баробар мукофотланадилар. Барчангизга маълумки, минглаб юртдошларимизни Умра зиёратига кузатмоқдамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: “Рамазондаги Умра мен билан бирга қилинган Ҳаж билан баробардир”. Биродарларимиз Умра зиёратини қилиб Ҳаж савобини топаётган бўлсалар, биз жума намозларини адо этиб, Ҳажнинг савобига эга бўлишимиз мумкин”, – деган сўзлари йиғилганларнинг кўзларидан беихтиёр кўз ёшлари оқишига сабаб бўлди.

Қуръоний байрам ойи бўлмиш Рамазон барчамиз учун манфаатли бўлишини, ундан юксак даражотлару, беҳисоб ажру савоблар билан чиқишлигимизни Аллоҳ таоло муяссар қилишини сўраб, хайрли дуолар қилинди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan