Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / РАМАЗОН ТУГАБ БОРМОҚДА… ОХИРГИ ИМКОНИЯТЛАРНИ ҚЎЛДАН БОЙ БЕРМАНГ!

РАМАЗОН ТУГАБ БОРМОҚДА… ОХИРГИ ИМКОНИЯТЛАРНИ ҚЎЛДАН БОЙ БЕРМАНГ!

Эзгуликларга бой, ҳайратомуз, Аллоҳнинг изни ила қалбларимизга шифо бўлган, рўза ва ибодат ойи ажиб Рамазон яқинда бизларни тарк этади.

Рамазон узоқ кутилган меҳмонга ўхшайди. Биз уни бутун йил давомида кутамиз, ва мана у бизнинг уйларимизга кириб келади, лекин, кўпинча, биз унга етарлича эътибор кўрсата олмаймиз. Барча ишларимизни йиғиштириб қўйиб, тўлалигича боримизни унга бағишламаймиз. Рамазоннинг дастлабки ҳафтасида “мослашув” жараёни кечади. Бизнинг нозик танамиз кун давомида таомсизликка кўникади ва биз ўзимизни юпатамиз: “Ҳеч қиси йўқ, яна бир неча кун ва мен бор ғайратим билан ҳаракатни бошлайман, қимматли Рамазоннинг ҳар бир дақиқасини ғанимат биламан”. Шу тарзда, ифторликларга бориш, дўстлар билан мулоқот қилиш, кундалик ишлар билан бу ойнинг ўтиб кетганини сезмай қоламиз.

Охирига яқин бизнинг қулайликка ўрганиб қолган танамиз узоқ муддатлик таом ва сувдан тийилиш сабаб чарчай бошлайди, Рамазоннинг охирги ўнкунлигида иложи борича ғайрат кўрсатиш ўрнига, бўшашиб қоламиз. Ва ушбу муборак ойнинг тугашига бир неча кун қолгандагина бизни қайғу, ҳасрат қуршаб олади ва салгина вақтдан кейин биз Рамазон шукуҳини ҳис қила олмаслигимизни, таровеҳ намозини ўқий олмаслигимизни, саҳарликка уйғонмаслигимизни аниқ англаб етамиз.

Ҳа, Рамазон ҳам худди умримиз сингари тез ўтиб кетади. Ахир интиҳо ибтидодан муҳимроқдир, дея бежизга айтишмайди – ку. Шунинг учун, ой якунига бор – йўғи саноқли соатлар қолган бўлса ҳам, барчасини ўзгартиришга имконимиз бор.

Қандай қилиб? Энг аввало, қалбимиз ва тафаккурмиз билан қўлдан бой берилган имкониятлар, рўзамиздаги нуқсон ва камчиликлар, бу ойга керакли эҳтиром кўрсата олмаганимиз учун, чин дилдан пушаймонлик билан Аллоҳ таоло олдида тавба қиламиз.

Кейинчи? Унутманг, Рамазоннинг охирги куни бўлса ҳам, кўп нарсага улгуришимиз мумкин. Бу ойда қилган эзгу амалларимиз бир неча баробарга кўпайтирилади – бу ҳақиқат барчамизга маълум. Шошилинг, савоб ишлар биз уларни амалга оширишимизга ташна. Закотингизни беринг, хайр – эҳсон тарқатинг. Атрофингизда унга муҳтож бўлганлар аниқ топилади. Оила аъзоларингизни хурсанд қилинг, исломга оид билимларингизни оширишга доир ҳаракатингизни бошланг. Ҳа, одатда, бундай ишлар бизнинг Рамазонга мўлжаллаган режамиз рўйхатидан жой олади. Лекин у тугаб бораётган бўлса ва биз ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадларимизга ҳали эриша олмаган бўлсак, уларни амалга оширишни бугундан бошлашимизга ҳеч нарса халақит бермайди. ИншаАллоҳ, Яратганнинг инояти билан охирги муқаддас кечалардан фойдаланиб, барча яхши мақсадларимизга эришамиз.

 

Сафия Фокина

(Шахноза Олимбой қизи таржимаси)