Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазон тавсиялари

Рамазон тавсиялари

Рамазон ойи ҳижрий тақвимдаги тўққизинчи ой бўлиб, бу рўза ойи хисобланади. Унда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил бўлган ва Aллоҳ таоло ўзининг мусулмон бандаларини гуноҳлари ва ёмонликларини мағфират қиладиган, мусулмон инсон  ўзини ва руҳини гуноҳлардан қутқарадиган ойдир.

 Бу ойда рўза тутиш  мусулмонларга фарз қилинган.  Чунки рўза Исломнинг бешта рукнларидан тўртинчисидир.  Шунингдек Рамазон ойининг бошқа ойлардан ажратиб турадиган афзалликлари кўп.

 Рамазон ойида  жаннат эшиклари очилади, Жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади.

Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган:

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларни тақвога яъни бу ойда инсон ўзини ҳар-хил ёмон гап айтиш, ғийбат қилиш ва ҳурофотга берилмасликка, балки барча амалларни Аллоҳ йўлида адо этмоқликка чорлайди.

Муборак Рамазон ойида тақдир кечаси бўлган тун қадр кечаси бор бўлиб, Аллоҳ таоло бу кечада бандаларининг гуноҳларини кечиради.

Рамазон ойида тавсия этилган нарсалар

1. Ёмон одатларни яхши одатларга ўзгартириш:  Рамазон ойида мусулмон инсонрўза тутиб ёмон одатлардан сақланиши лозим. Масалан: бир мусулмон инсон  доимо ёлғон гапириб юради, рамазон ойида шу ёмон одатини ташлаб доимо рост сўзлаши керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди», деган (Аҳзоб сураси, 70–71-оятлар).

Ёлғончилик ниҳоятда хосиятсиз ва оқибатсиздир, у охири хорлик ва пастликка олиб келади. Ўз ҳолига яраша камтарлик ва хушмуомалаликни эгаллаб бориш ҳар ким учун зарурий одатдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканини таъкидлаб: “Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик бўлмайди”, деганлар.

 Имом Аҳмад ривояти. 

Демак, Аллоҳ таолодан қўрққан, Унга бўйсунган,  Пайғамбаримизга эргашган кишида хиёнат ва ёлғончилик бўлмаслиги лозим.

Фитрий – яратилиш жиҳатидан олиб қарасак, мўминда ахлоқнинг барча турлари, жумладан, ҳар хил ёмон хулқлар ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам мўмин тўғрилик ва вафодорликни севади, бошқаларни ҳам шунга чақиради.

2.  Сабр-тоқатни ўрганмоқ: Рамазонда рўзадор рўза тутиб очлик ва чанқоқни бошдан кечиради. Бу билан очлик ва чанқоқликка сабр қилади. Сабр инсоннинг ҳаётидаги муҳим бўлган фазилатдир. Рамазонда бизлар бошқа нарсаларга ҳам сабр қилишни ўрганишимиз керак. Демак, банда барча ҳолатларда сабрга ҳожатманддир.

Сабр икки хил бўлади:

 Баданий сабр. Бунда қийинчиликларга бадан ила чидалади.
У феълий – амалий бўлиши мумкин. Мисол учун Рамазонда ейиш, ичиш ва шахвоний нарсалардан тийилиш.

 Маънавий сабр. Мана шу сабр энг кучлисидир.  Ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фахш сўзлар, хасад, гина адоват, таъма ва бошқа ёмон иллатлардан тийилиш мақталган сабрдир.

 3. Нафсни тарбиялаш: Инсонга доим ёмонликни хоҳлаб турадиган нафс  шайтондан ҳам душманроқдир. Шайтон нафснинг ҳою ҳаваси билан бўйингга миниб олиб, Аллоҳнинг йўлидан чиқариши мумкин. Нафс эса  беҳуда амаллар ва қуруқ хаёллар билан алдаб қўяди. Чунки нафс табиатан тинчлик-осудаликни, лоқайдлик, ғафлат ва бепарволикни ёқтиради ва умрни танбаллик билан ўтказишни истайди. У доимо беҳуда ва ботил (бузуқ) нарсаларга ўралашади. Беҳуда кибрга берилади. Агар инсон нафсидан мамнун бўлиб, унинг хоҳишларига юрса, манзили фалокатдир.  Нафс балоларининг боши, разолатларнинг манбаидир.  Шайтон учун гуноҳ хазинаси бўлган нафсни яхши кўрган одам Аллоҳни таний олмайди. Мўмин инсон Рамазонда Аллоҳ йўлида нималар килгани тўғрисида, умрининг ўтган қисми устида мулоҳаза юритса, яъни нафсини тарбияласа, бу мулоҳаза, бу тарбия ўз қалбини поклаши бўлади.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: “Мен ва нафсим бир сурувнинг чўпонига ўхшаймиз. Чўпон сурувни бир томондан тўплайди, бир томондан сурув ёйилиб кетаверади. Ким нафсини ўлдириб, унинг истакларини тўхтатиб қолса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади. Кимки қалбини ўлдириб, ундаги илоҳий ва инсоний туйғуларни ҳалок этса, лаънат кафанига тикилади ва азоб тупроғига дафн этилади”, дедилар.

4. Қалбни ёмонликлардан поклаш: Қалб роббоний, руҳоний ва латиф нарса бўлиб, у инсоннинг моҳиятини намоён қилади. Идрок, билим ва маърифат ҳам, хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ундандир. Қалбда муҳаббат, улуғлаш ва ёқтирмаслик каби  ҳис-туйғулар бор. 

Уламоларимиз битган асарлари билан танишадиган бўлсак, мўъжизага ўхшаш ҳолатни кўрамиз. Улар қисқа вақт ичида кўп ишларни амалга оширганларини биламиз. Уларнинг бу даражада сермаҳсул ишларни амалга оширганларининг сирини билмасдан, кўпчиликнинг боши қотади. Ҳатто баъзи кишилар, ўтган уламоларга Аллоҳ таоло вақтни чўзиб берган бўлса керак, деган фикрни ҳам олға сурганлар. Аммо ўтган уламоларимиз турли илмлар ва маърифатларни ҳосил қилиш учун турли моддий сабаб ва воситалар билан бирга, қалбларини Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлдириш, У Зотни улуғлаш, ҳавойи нафснинг кирларидан, дунёвий рағбатларидан поклаш омилини ҳам ишга солганлар. Қалб кўзи ҳам худди тан кўзи кабидир. Тан кўзи ёруғлик ёрдамисиз бирор нарсани кўра олмагани каби қалб кўзи ҳам қалбни покламасдан маънавий ҳақиқатларни кўриши мумкин эмас.  Демак, қалбни поклаш вақти бу Рамазон ойидир.  

 5. Илмга юзланиш: Рамазон Қуръон ойи.

“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир” (Бақара сураси, 185-оят).

Қуръонни ўрганиш орқали илм эшиклари тўлиқ очилади.

 Рамазон илм ойи. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир», деганлар.

Чунки иймон келтириш учун ҳам илм керак. Мусулмон бўлиш учун ҳам илм керак. Ният қилиш учун ҳам илм керак. Ихлос қилиш учун ҳам илм керак. Ибодат қилиш учун ҳам илм керак. Аллоҳнинг розилигини топиш учун ҳам илм керак. Қолаверса, дўзахдан қутулиб, жаннати бўлиш учун ҳам илм керак. Бу дунё саодатини топиш учун ҳам илм керак, охират саодатини топиш учун ҳам илм керак. Рамазон рўзасин мукаммал тутиш учун ҳам илм керак. Ҳар бир инсон ўзига фарз этилган илмни доим ўрганиб бориши ва ўзидаги илмсизлик доирасини камайтиришга ҳаракат қилмоғи лозим. 

Аллоҳ таоло барчамизни мукаммал рўза тутиб, кечалари  ибодатда бедор бўлиб, гуноҳлари кечириладиган ва қалблари покланадиган бандаларидан қилсин, Омин!

«Исломобод»   жоме масжиди имом-хатиби Ш.Назарқулов