Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / РАМАЗОН – СОЛИҲ АМАЛЛАР ФУРСАТИ

РАМАЗОН – СОЛИҲ АМАЛЛАР ФУРСАТИ

Вилоятимиз бўйлаб қатор масжидларда таровеҳ намозлари адо этилиб, Хатми Қуръонлар якунланаётгани, ана шундай Хатмона кечаларида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов иштирок этиб, намозхонларни бундай гўзал айём билан муборакбод этиб, маърузалар қилаётгани ҳақида илгари маълум қилган эдик.

Ана шу хайрли ишнинг давоми ўлароқ, куни кеча – 2018 йилнинг 31 май куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов Олмалиқ шаҳридаги “Рамазони Шариф” жоме масжидида ўтказилган Хатми Қуръон кечасига ташриф буюрдилар ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг дуои саломларини етказдилар. Шунингдек, ҳадиси шарифда айтилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг саховатлиси эканликлари ва бу Рамазонда, айниқса, зиёда бўлиши ҳақида гапирар эканлар, Рамазон – солиҳ амалларни бажариш, эзгу ишларни қилиш палласи эканлигини алоҳида таъкидладилар. Илло, инсонларнинг ҳар бир яхши амали учун ортиғи билан мукофот берилади, Рамазондаги қилинган хайрли амалларнинг ажр-савобини Аллоҳ таоло ўз фазли ила беражагини ваъда қилган.

Хатмона кўтаринки руҳда, қалбларни энтиктирган кайфиятда ўтди. Унинг сўнгида кўзларда нам билан дуолар қилинди, мусулмон биродарлар бир-бирларини ажойиб айём билан қутладилар. Қалблар юмшаган пайтда, чин кўнгилдан, хокисорлик билан қилинган дуолар, албатта, мустажоб бўлиши таъкидланди.