Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Рамазон – саховатлилар ойи

Рамазон – саховатлилар ойи

Юртимиз масжидларида ўтказилаётган Хатми Қуръон кечалари, ўқилаётган таровеҳ намозлари Рамазон ойига ўзгача шукуҳу тароват қўшмоқда. Ана шундай тадбирларда бевосита иштирок этиш, мўмин-мусулмонларни муборак Рамазон ойи билан қутлаш, намозхонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар билан танишиш ва илмга чанқоқ юртдошларимизга имкон қадар амру маъруфлар қилиб бериш мақсадида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов Рамазоннинг илк кунлариданоқ вилоятнинг турли туман ва шаҳарларида жойлашган жоме масжидларга ташриф буюрмоқдалар. Ана шундай ташрифлардан навбатдагиси 2019 йилнинг 11 май куни Нурафшон шаҳридаги “Тўйтепа” жоме масжидига уюштирилди.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов масжид аҳлини, мўмин-мусулмон биродарларни раҳмат, мағфират, саховат ойи бўлмиш Рамазон ойи билан муборакбод этиб, ушбу ойнинг фазли, бажариш лозим бўлган амаллар, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти), деган ҳадисга мувофиқ Рамазон саховат ойи эканлиги, бу уммати Муҳаммадийга Пайғамбаримиздан қолган суннат эканлиги, бу ойда Ислом арконларидан учунчиси бўлган Закот ибодатига қодир бўлган мўмин-мусулмонлар уни адо этишга сидқидилдан киришишлари лозимлиги ҳақида тўхталдилар.

Аллоҳ таоло тутаётган рўзаларимизни, ихлосла қилаётган ибодатларимизни қабул, гуноҳларимизни мағфират қилишини сўраб, юрт тараққиёти, дин равнақи, амалга оширилаётган ислоҳотлар ривожини тилаб дуолар қилинди.