Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / РАМАЗОН – САХОВАТ ОЙИ

РАМАЗОН – САХОВАТ ОЙИ

Маълумки, Тошкент вилоятининг жоме масжидларида ўтказилаётган Хатмоналар ҳақида Сизларни хабардор этмоқдамиз.

2018 йилнинг 4 июнь куни Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ” жоме масжидида ана шундай гўзал кечалардан бири ўз поёнига етди. Мазкур Хатми Қуръон тадбирига вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов ташриф буюриб, намозхонларни хушнуд этдилар, жамоатга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг салому дуоларини етказдилар ва ажойиб кечага амру маъруфлари билан алоҳида шукуҳ бағишладилар.

Хайруллоҳ домла маърузаларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти), деган ҳадисга мувофиқ Рамазон саховат ойи эканлиги, бу уммати Муҳаммадийга Пайғамбаримиздан қолган суннат эканлиги, бу ойда Ислом арконларидан учунчиси бўлган Закот ибодатига қодир бўлган мўмин-мусулмонлар уни адо этишга сидқидилдан киришишлари лозимлиги ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, барчага ибрат бўладиган, саховатни ғиштдан ўрганган бир Хотамтой ҳақидаги ҳикоятни (“Хотамтойдан шунчалар саховатлисан, уни кимдан ўргандинг” –деб сўрашганда: “Ғиштдан”, – деб жавоб берган экан. Сабабини сўрашганда: “Ёшлик чоғимда ҳашарга борганимда, бир қаторга терилиб ғиштни қўлма-қўл узатиб устага етказиб берардик. Уста тўхтаса, биз ҳам қўлимиздаги ғишт билан тўхтаб қолардик. Шунда англадимки, қўлингдагини берсанг, оласан”) келтириб ўтдилар ва барчани сахий бўлишга, закот, хайр-саховат улашишга чақирдилар. Бу, ўз навбатида, юртимиз ва элимиз орасида барқарорлик ҳукм суришига кўмак бўлишини таъкидладилар.

Хатмона эзгу тилаклар, дилдан, ижобати Аллоҳдан умид қилиниб қилинган дуолар, кўнгил юмшаб, кўзлардан оққан ёшлар билан якунланди.