Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / РАМАЗОН – САБР ОЙИДИР!

РАМАЗОН – САБР ОЙИДИР!

Юртимиз масжидларида ўтказилаётган Хатми Қуръон кечалари, ўқилаётган таровеҳ намозлари Рамазон ойига ўзгача шукуҳу тароват қўшмоқда. Ана шундай тадбирларда бевосита иштирок этиш, мўмин-мусулмонларни муборак Рамазон ойи билан қутлаш, намозхонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар билан танишиш ва илмга чанқоқ юртдошларимизга имкон қадар амру маъруфлар қилиб бериш мақсадида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов Рамазоннинг илк кунлариданоқ вилоятнинг турли туман ва шаҳарларида жойлашган жоме масжидларга ташриф буюриб, намозхонлар билан учрашувлар ўтказаётгани ҳақида хабар бериб келмоқдамиз.

Ана шундай ташрифлардан навбатдагиси 2019 йилнинг 17 май куни Зангиота туманидаги “Садр ота” жоме масжидига уюштирилди.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов масжид аҳлини, мўмин-мусулмон биродарларни раҳмат, мағфират, саховат ойи бўлмиш Рамазон ойи билан муборакбод этиб, ушбу ойнинг фазли, баракоти ҳақида, ҳар бир мўмин-мусулмон ушбу ғанимат дамларда бажариши маҳбуб ва матлуб бўлган амаллар тўғрисида тўхталдилар.

Хайруллоҳ домланинг: “Азизлар, биз саҳарликдан ифторликкача бўлган вақтда рўза тутаяпмиз. Лекин Ер куррасининг шундай нуқталари борки, мисол учун, Африка мамлакатларидаги мусулмон биродарларимиз йил 12 ой давомида рўзани ҳис қилиб умр кечиришмоқда”, – дея таъкидлаб, африкалик болакай ҳақида сўзлаб берган ҳикояси масжидга йиғилганларни жуда таъсирлантирди, кўзларига ёш келтирди.

“Тўкин-сочин дастурхонлар билан, тинч-осойишта юртда, файзу баракотли кунларда Рамазон шукуҳини, тароватини ҳис қилишимизни насиб қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар айтишимиз, шукроналар келтиришимиз лозим. Бу эса шунча имкониятлар, шароитлардан унумли фойдаланишимизда ҳам намоён бўлади”, – дедилар, хусусан, Хайруллоҳ домла.

Аллоҳ таоло тутаётган рўзаларимизни, ихлосла қилаётган ибодатларимизни қабул, гуноҳларимизни мағфират қилишини, охиратда Яратганнинг қаршисига солиҳ амалларимиз битилган хайрли номаи аъмолимиз билан чиқишимизни сўраб, юрт тараққиёти, дин равнақи, амалга оширилаётган ислоҳотлар ривожини тилаб дуолар қилинди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan