Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазон ойининг фазилатлари

Рамазон ойининг фазилатлари

Рамазон ойи ҳижрий тақвим бўйича тўққизинчи ой бўлиб, у Муқаддас Ислом динимиз таълимотларида энг фазилатли ойлардан бири ҳисобланади. Чунки бу ойда Исломнинг арконларидан бири рўза тутиш фарз қилинган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим нозил бўлган. Унда Аллоҳ таоло мўмин бандаларини Қадр кечаси билан хослаган. У шундай кечаки, унда мўминларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Малоикалар тонгга қадар уларни ўраб оладилар. Рамазон шундай ойки, унда мусулмон қалбини ва руҳини поклаб оладиган бир бекатдир.

Исломда Муборак Рамазон ойининг юксак мақоми ва буюк фазли бор. Бу ойнинг рўзаси ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Зотан, бу ойнинг рўзаси Ислом динининг беш арконининг тўртинчи рукни ҳисобланади. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда бу муборак ойнинг фазли ва унинг бошқа ойлардан афзаллиги ҳақида етарлича маълумотлар келган.

1) Рамазон ойида осмон ва жаннат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилади. Саркаш жинлар ва шайтонлар кишанбанд этилади.

إذا دخل شهر رمضان فُتِّحَت أبواب السماء، وغُلِّقَت أبواب جهنم، وسُلْسلت الشياطين

 “Қачон Рамазон кирсаосмон (жаннат ёки раҳмат) эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирланади”. Имом Аҳмад, Насоий ривояти.

2) Рамазон ойи ўзининг фазли ила бошқа ойлардан ажралиб туради. Унда минг ойдан афзал бўлган Қадр кечаси бор. У йил ичидаги кечаларнинг энг улуғидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шу куннинг рўзаси ва қиёми ҳақида кўплаб ажр савоблар берилиши ҳақида ҳадислар ворид бўлган.

مَن قام ليلةَ القدرِ إيمانًا واحتسابًا، غُفِرَ له ما تقدَّمَ من ذنبِه، ومَن صام رمضانَ إيمانًا واحتسابًا غُفِرَ له ما تقدَّمَ من ذنبِه

“Кимки Қадр кечасида имон-эътиқод, қаноат ва ишонч билан турса, олдинги гуноҳлари кечирилади, кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва ишонч билан тутса, олдинги қилган гуноҳлари кечирилади”. Имом Бухорий ривояти.

3) Рамазон ойининг фазилатларидан бири шуки, бу ойда адо этилган умранинг савоби ҳажнинг савоби билан тенгдир.

إنَّ الحَجَّ و العُمْرةَ لَمن سَبِيلِ اللهِ ، و أنَّ عُمرةً في رمضانَ تَعدِلُ حَجَّةً

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондаги умра ҳажга тенг”, яна бошқа бир ривоятда “Рамазондаги умра мен билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир”, дея марҳамат қилганлар. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

4) Рамазон ойининг рўзаси хато камчиликларларга каффорат бўлади. Магар гуноҳи кабиралар бундан мустаснодир.

الصَّلواتُ الخمسُ والجمُعةُ إلى الجمعةِ ورمضانُ إلى رمضانَ مُكفِّراتٌ ما بينَهنَّ إذا اجتنَبَ الْكبائرَ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Агар гуноҳи кабиралардан беш вақт намоз оралиғида, жумадан жумагача, рамазондан рамазонгача бўлган оралиқларда четланилса, кичик гуноҳлар учун каффорот бордир”. Имом Муслим ривояти.

5) Рамазон шундай ойки, Аллоҳ таоло ўзининг Каломи мажиди бўлмиш Қуръони Каримни нозил қилиш учун шу ойни хослади.

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى

Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ҳақ билан ботилни ажратувчи очиқ оятлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.

6) Рамазон ойи Қуръонни ўқиш ва ўрганиш учун қулай фурсатдир. Мўмин банда, бу ойда уни фақатгина тиловат ва хатм қилиш билангина чекланиб қолмай, ундаги маъноларни тадаббур қилиш, ундаги мазмунни ўрганиб кўникма ҳосил қилиш ва ундаги шаръий хукмларга амал қилишга харакат қилиши лозим.

كان رسول اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ أجودَ الناسِ، وكان أجودَ ما يكون في رمضانَ حين يلقاه جبريلُ، وكان يلقاهُ في كل ليلةٍ من رمضانَ فيدارسُه القرآنَ، فلرسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ أجودُ بالخيرِ من الريحِ المرسلةِ

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар”. Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти.

Аллоҳ таоло бу муборак Рамазон ойининг фазилатидан барча мўминларни насибадор қилсин!

 Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота”
жоме масжиди имом-хатиби Авазхўжа Бахромов
манбалар асосида тайёрлади