Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фиқҳ ва фатволар / Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги БАЁНОТИ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги БАЁНОТИ

Маълумки, яқин кунларда мусулмонлар интиқиб кутадиган, муборак Рамазони шариф ойи кириб келмоқда. Ҳар йили юртдошларимиз Рамазон ойини алоҳида тайёргарлик ва хурсандчилик билан кутиб оладилар ва кўтаринки руҳда, ўзгача шукуҳ билан ўтказадилар. Чунки, Рамазон ойида мўмин-мусулмонларнинг ризқига барака, амалларига улкан ажру савоблар ато этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Рамазон ойида мўминларга кундуз кунлари рўза тутмоқликни фарз, тунлари таровиҳ намозини ўқимоқликни нафл қилиб берган. Рамазон ойида Қуръони каримни хеч бўлмаса бир марта бошидан охиригача ўқиб хатм қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир. Рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, муҳтожларга хайру садақалар улашиш ушбу ойга хос бўлган амаллардан саналади.

Лекин, минг афсуски, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам Коронавирус пандимеяси тарқалди. Бу касаллик кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида юртимизда карантин эълон қилинди.

Маълумки, ушбу ҳолат вужудга келгани муносабати билан  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича ФАТВОСИ” эълон қилинди. Фатвода юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жамоавий намозлар вақтинча тўхтатилиб, мусулмонларимизга намозларни уйларида адо этишлари лозим эканлиги етказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди. Жумладан, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида баёнотлар эъло қилинди.

Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилинди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди.

Юқоридагилардан келиб чиқан ҳолда, шунингдек, фуқароларимиз орасида Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга қатъий риоя қилишга чақиради:

  1. Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар.
  2. Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилсин.
  3. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар.
  4. Барча мусулмонларимиз қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зид келиши баробарида Аллоҳ таолонинг ишбошиларга итоат қилиш ҳақидаги Нисо сураси : “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!…” 59-оятига ҳилоф эканини англашлари лозим.
  5. Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” ҳайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари тавсия этилади.
  6. Рамазон ойи давомида барча телеканаллар орқали эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимизнинг ушбу Баёнотда белгиланган вазифаларни халқимизга етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилинсин ва кенг ёритилсин.
  7. Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали, “Рамазон – раҳмат ва сабр ойи” мавзусидаги маърузаларни мунтазам он-лайн тарзда бериб боришни йўлга қўйсинлар.
  8. Мусулмонларимиз хонадонларида Аллоҳ таолодан коронавирус балосини тез кунларда бартараф этишини сўраб, ихлос билан дуо қилсинлар.

Аллоҳ таоло тез кунларда беморларимизга шифои комил бериб, дунё халқлари, жумладан юртимиздан бу касалликни кўтарсин! Ҳамда фазилатли жамоатлар билан ибодатларни комил суратда адо қилишни барчамизга насиб қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар кенгаши