Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / РАМАЗОН ОЙИДА ШАЙТОНЛАРНИНГ ЗАНЖИРБАНД ҚИЛИНИШИ

РАМАЗОН ОЙИДА ШАЙТОНЛАРНИНГ ЗАНЖИРБАНД ҚИЛИНИШИ

Мусулмонлар учун энг муборак ойлардан бири Рамазон ойидир! Мана шу муборак ойда Ислом дини арконларининг бири бўлмиш рўза тутилади. Ушбу рўза тутиш Ҳақ таолонинг амри бўлиб, мусулмонларни руҳан тетиклаштириб, баданларини чиниқтиради. Бошқа оч яшаётган инсонлар қандайин машаққатда умр гузоронлик қилишаётганин ҳис қилиш имконини беради.

Ушбу муборак ойнинг киришини комил мусулмонлар орзиқиб кутишади. Тугашидан эса кўнгиллари маҳзун бўлади. Зотан, бу ой мусулмонлар учун хурсандчилик,  саховат ва мағфират ойидир.

Ушбу ойда шайтонлар занжирбанд қилиниши ҳақидаги ҳадислар ҳақида турфа фикрлар бор. Ушбу муборак ҳадисдаги “занжирбандлик” лафзи ҳақида Аллоҳ таоло қодир қилгунча етказишга ҳаракат қиламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки Рамазон ойи келса жаннат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилади. Ва шайтонлар занжирбанд қилинади”, деб айтдилар. Бухорий ва Муслим ривояти.

Уламоларимиз Рамазон ойида шайтонлар занжирбанд қилиниши ҳақида бир неча қавллар айтишган.

Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумаллоҳ: “Бу ҳадис ушбу лафзлар билан ривоят қилинган бўлиб, у ҳақида баҳс қилинмай қабул қилинади”, деб айтган.

Яъни, ҳадиснинг зоҳирига амал қилинаверади, занжирбанд қилинади дейилдими, демак занжирбанд қилинади, бошқа қавлларга ҳожат йўқ, дейди.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ Ҳалимийдан ривоят қилади: “Ушбу ҳадисдаги “Шайтонлар занжирбанд қилинади” лафзидан мурод шуки,  Рамазон ойида шайтонлар мусулмонларни бошқа ойлардаги каби ўз домларига илинтириш ва васаваса қилишга имкон қилиша олишмайди. Зеро,  Рамазон ойи рўзаси, Қуръон қироатлари ва зикруллоҳлар натижасида шаҳватлар сусаяди ва шайтонларнинг иғво қилиши қийин бўлади”. “Фатҳул Борий”.

Яъни, Рамазон ойида рўза тутадиганлар, шаҳват манбаси бўлмиш еб-ичиш кабилардан ўзларини тийганлари ва бу тийилиш фақатгина оч юришнинг ўзигина бўлмасдан, Аллоҳ таоло ризоси учун ният билан оч юриш бўлгани сабабли, баданлари қуввати сустлашиб, руҳлари қувватланади.

Бу ҳақда имом Раббоний ҳазратлари шундай дейдилар: “Инсонда руҳ ва бадан бор. Руҳ озиғи намоз, рўза, закот, тиловати Каломуллоҳ, зикруллоҳлар каби барча ибодатлардир. Бу ибодатлар бажоси ила руҳ қувватланади. Бадан озиғи эса ейиш, ичиш, мужомаат каби амаллар бўлиб, у ила бадан қувватланади. Энди кимки руҳига озуқа бўлиб қувватлайдиган ибодатларга ҳарис бўлиб, улар бажосида сусткашлик қилмаса, руҳи қувватланиб, баданининг қуввати эса сустлашади. Аксинча, кимки баданига озуқа бўладиган нарсаларга ружу қўйса, баданининг қуввати ортиб, руҳи қувватсизланаверади”.

Мана шу сабабли шайтонлар Рамазон ойида мусулмонларни васваса қилишдан, ёмон амалларга ундашдан занжирбанд бўлиб қолишади.

Бошқа уламолар шундай дейдилар: “Шайтонлар занжирбанд қилинади”  лафзи билан шайтонларнинг ҳаддидан ошадиган, саркаш, қайсар баъзи тоифалари ирода қилинган. Дарҳақиқат,  жинларнинг мусулмон ва кофирлари борлиги маълум бўлиб, худди шунингдек, шайтон-жинларнинг ҳаддан ошадиган саркаш тоифалари ҳам бор.

Демак, Рамазон ойида жинлар, шайтонларнинг ҳаммаси эмас, саркаш, қайсарлари занжирбанд қилинар экан.

Аллома Божий Муватто шарҳида шундай дейди: “Шайтонларнинг занжирбанд қилинишидан мурод, уларнинг иғво ва шаҳватларни зийнатлаб кўрсатишдан ожиз қолишидир”.

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади:  “Рўзадор кимса  рўзанинг барча шарту одобларига риоя қилган ҳолатда тутса, шайтонлар ундан занжирбанд қилинади. Ёки шайтонларнинг ҳаммаси эмас баъзи ҳаддидан ошадиган тоифалари занжирбанд қилинади. Ёки бўлмаса бундан мурод, шарриёт-ёмон амаллар қилиниши камайишидир. Бу Рамазон ойига хос иш бўлиб, бу ойда бошқа ойлардагидан кўра қабоҳатларга камроқ мубтало бўлинади. Зотан, ёмон амал қилиш фақатгина шайтондан бўлмай, нафси аммора, қабиҳ одатлар ва инсон шайтонлар  сабабли ҳам бўлаверади”. “Тафсири Қуртубий”.

Аллома Алий ал-Қорий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: “Имом Насоий ва Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда “Шайтонларнинг ҳаддидан ошгани занжирбанд қилинади” лафзи ривоят қилинган бўлиб, бу юқоридаги ҳадисларни шарҳловчиси ва маънан тўлдирувчисидир”. “Мирқотул мафотийҳ”.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида эътикофда эдилар. София онамиз розияллоҳу анҳо У зотнинг зиёратига келдилар ва бир оз сўзлашганларидан сўнг қайтишга чоғландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизни (аёлларини) кузатиш учун масжид ҳовлисига чиқдилар. Шу вақт икки киши ўтиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Бу ўз аёлим София”, дедилар. Улар бўлса, “Субханаллоҳ! Эй Аллоҳнинг расули, сиз ҳақингизда қандай ҳам гумон бўлар эди?!” – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, шайтон одам боласининг қон томирларида оқиб юради”, деб айтдилар.

Ушбу ҳадис мушориҳлари бу ҳадис ҳақида бир неча қавл айтишган. Баъзилар бу ҳиссий маънода, васвасага ишора дейишган бўлса, баъзилар шайтонларга ҳақиқатан оқиб юриш қуввати берилганини айтишган.

Маълум бўлдики, Рамазон ойида турфа исёнларга мубтало бўлганлар фақатгина шайтон васвасаси сабабли эмас, ўзларидаги нафси аммора туғёни, одатланиб қолган қабиҳ феъллари таъсири ва инсон шайтонлар қутқуси сабабли ҳам гуноҳларни қилаверар эканлар.

Мана шунақанги қабиҳ феъллардан сақланиш эса ихлос ҳосил қилиш, бақадри имкон Аллоҳ зикридан ғофил бўлмаслик, шариатда рост туриш билан амалга ошар экан ва бунга Рамазон ойи энг муносиб вақтдир.

Имом Раббоний раҳимаҳуллоҳ шундай ёзадилар: “Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойида қулларни озод қилар, У зотдан нима нарса сўралса, берар эдилар. Кимгаки ушбу ойда хайрот амалларни қилиш тавфиқи берилса, мазкур кимсага йилнинг қолган қисмида ҳам тавфиқ берилади. Агар бу ойда тафриқа ва парокандаликда ўтказадиган бўлса, йилнинг қолган қисмида ҳам тафриқаларга мубтало бўлади. Насиб қилганича ушбу ойда жамият топишга ҳаракатда бўлмоқ ва бу ойни ғанимат билиш лозим”. Мактубот. 1-жилд, 54-мактуб.

Демак, мусулмон кимса Рамазон ойини қандай ҳолатда ўтказса, кейинги ойларда ҳам шу ҳолат таъсири бўлар экан.  Рамазонни ғанимат билайлик!

Тошкент вилояти Пискент тумани “Собирхон ота”
жоме масжиди имом-хатиби Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ