Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазон ойида бажариш лозим бўлган 13 амал

Рамазон ойида бажариш лозим бўлган 13 амал

Рамазон ойидан имкон қадар кўпроқ фойда олиш учун нима қилиш керак:

  1. Иложи борича кўпроқ Қуръон ўқиш. Бунда унинг маъноларини тушуниш ва оятларнинг мазмуни ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритишга эътибор бериш лозим.
  2. Нафл намозларини ўқиш.
  3. Қуйидаги саволлар ҳақида чуқур фикр юритиб кўриш: “мен кимман?”, “қаердан келдим ва қаерга кетмоқдаман?”, “мендан Аллоҳ Таоло нимани хоҳлайди ва менинг Унинг олдидаги мажбуриятларим қандай?”
  4. Ўтмишга назар солиш, бўлиб ўтганларга баҳо бериш, ҳозирги аҳволига назар солиб, келажак ҳақида ўйлаб кўриш.
  5. Илгари қилинган гуноҳларга пушаймон бўлган ҳолда, ҳар кечани охирги имконият санаб, дуо қилиш билан ўтказиш.
  6. Имкон қадар кўп зикр қилиш.
  7. Кимнидир ҳафа қилиб қўйган бўлса, ўша инсондан узр сўраш ва у билан ярашиш.
  8. Аразлашиб қолганларни муросага келтириш, ғам – андуҳдагиларга таскин бериш.
  9. Бева – бечора ва муҳтожларга садақа бериш, етим – есирлар ва хасталарнинг ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, қўлган келган ёрдамини аямаслик.
  10. Яқинлар ва қавму – қариндошлардан ҳол – аҳвол сўраш, уларни йўқлаш ва керакли масалаларда кўмаклашиш.
  11. Диний йиғинларда ва динга оид жамоат тадбирларида иштирок этиш.
  12.  Фарз намозларни жамоат билан бирга адо қилишга ҳаракат қилиш.
  13.  Марҳумларнинг қабрини зиёрат қилиш.

Албатта бу амаллар фақатгина Рамазонда бажарилиши керак, деган фикрдан йироқмиз. Лекин улар учун бу ойда жуда кўплаб ажру – савобларга эга бўлиш имкони мавжуд. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Рўза қалқондир. (Рўзадор) фахш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан уришмоқчиёки сўкишмоқчи бўлса, икки марта “Мен рўзадорман”, десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳ Таолонинг наздида мушкнинг бўйидан яхшироқдир”.

(Аллоҳ Таоло айтади:) “(Бандам) таоми, ичимлиги ва шаҳватини Мени деб тарк қилади. Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини ўзим бераман. Бир яхшиликка унинг ўн баробари бор”. (Саҳихул Бухорий, 2-жилд, 1894-ҳадис)

Бекобод тумани бош имом-хатиби
Рисбоев Анвар