Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазон, меҳр – мурувват ва мағфират ойи

Рамазон, меҳр – мурувват ва мағфират ойи

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон олами учун севимли бўлган Рамазон ойи остонасида турибмиз. Аллоҳ таоло ҳар бир соғлом ва вояга етган мусулмонга Рамазон ойида тўлиқ рўза тутишни буюрган. Бу муборк ойда Аллоҳ таоло ўзининг бандаларини энг қадрли ҳадялар билан сийлайди, гуноҳларга тавба қилиш, солиҳ амалларни бажариш орқали уларни қўлга киритиш мумкин.

Мусулмонлар бу фазилатли ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб оладилар. Афсуски, бу йил бошида бутун дунё бўйлаб коронавирус – (COVID-19) инфекцияси кенг ёйилиши ва бу хасталикни Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти томонидан ҳозирги кунда дунё аҳолиси ўртасида коронавирус туркумига кирувчи вирус юқиши оқибатида келиб чиққан зотилжам (пневмония) касаллигини «пандемия», деб эълон қилингани учун, юртимизда карантин жорий қилинган. Дунёдаги аксар мусулмон давлатлар қатори юртимиз мусулмонлари ҳам бу ойда масжидларга чиқиб, таровеҳ намозларида қатнашиш, хатми Қуръонларга сомеъ бўлиб унинг савобидан умидвор бўлишдан мосуво бўлди.

Бундан бир неча кун олдин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг баёноти эълон қилинди. Унга кўра, коронавирус инфекцияси туфайли эълон қилинган карантин сабабли жорий йил Рамазон ойида барча мўмин-мусулмонлар уйларида оила аъзолари билан биргаликда таровеҳ намозларини ўқиб, Қуръони каримни хатм қилишади.

Кимдир бу ойда кўп хайрли ишларни амалга ошириш ниятида бўлмоқдалар. Кимлардир қалбидаги гиналардан фориғ бўлиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини очиш ниятида бўлса, кимдир саховат ва силаи раҳмда бўлиш ниятида. Кириб келаётган муборак ойда инсонлар Аллоҳ учун рамазон рўзасини астойдил адо этадилар. Бундай фурсатлардан унумли фойдаланиш мақсадида саховатпеша мусулмонлар хайру эҳсонларни, закотларни ва ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини «Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари» орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказишликка тарғиб қилинди.

Рамазон ойининг фазилати хақида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан Салмони Форсий розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: «Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба ўқиб шундай дедилар: «Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло бу ойда рўза тутишни фарз, кечаси намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда-ким нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда-ким бу ойда бирорта фарз амал адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У – сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У – хайр эҳсон улашадиган ойидир. У ойда мўъминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимики у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади».

Шунда биз: Эй Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймизку» – дедик.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимики рўзадорнинг қорнини тўйғасса Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир қултим сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунча чанқамайди. Рамазон – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир». – дедилар.

Аллоҳ таоло тез кунларда, дунё халқлари, жумладан юртимиздан бу касалликни кўтарсин, беморларга шифои комил берсин! Ушбу ой ибодатларини тўла-тўкис бажариб, Яратганнинг раҳмати ва мағфиратига эришиш, У ваъда этган Райёнлар билан мукофотланишни барча мўъмин-мусулмонларга насиб этсин!

Тошкент вилояти Қибрай тумани

«Дарвеш бува» жоме масжиди в.б

бош имом хатиби З. Зиятдинов

.