Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / РАМАЗОН МАҒФИРАТ ОЙИДИР

РАМАЗОН МАҒФИРАТ ОЙИДИР

2018 йил 1 июнь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов Чиноз туманидаги “Қози маҳалла” жоме масжидида ташкил этилган Хатмонада иштирок этдилар. Хайруллоҳ домла ташрифлари чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг салом ва дуои хайрларини етказар эканлар, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, фақатгина шу бир ой эмас, балки йилнинг қолган ҳамма ойларида ҳам рўза бўлишни орзу қилган бўлар эдилар”, деб марҳамат қилганларини, бошқа бир ҳадисда: “Рамазон ойининг биринчи ўнкунлиги раҳмат, иккинчи ўнкунлиги мағфират ва учинчи ўнкунлиги дўзахдан паноҳ топиш кунларидир”, дейилганлигини таъкидладилар. Шунингдек, муборак ойнинг мағфират ўнкунлигида турганлигимиз, бу кунларда меҳр-мурувват, саховат, олиҳимматлиликка кўпроқ эътибор қаратиб, гина-қудуратларни унутиб, бир-биримизга нисбатан кечиримли, меҳр-шафқатли бўлишимиз лозимлигига алоҳида урғу бердилар.

Рамазон дуолар ижобат бўладиган, даража ва мартабалар юқорига кўтариладиган ой эканлигини ҳисобга олган ҳолда, Хатми Қуръон кечасида эзгу дуолар қилинди, Аллоҳ таолодан хайру баракот, файзу футуҳ сўралди.

Хатмона ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтди. Мўмин-мусулмонлар кўзларида нам, қалбларида ҳаяжон, бир-бирларини шундай гўзал кеча билан қутлаган ҳолда масжиддан айрилдилар.