Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазон – истиғфор ойи

Рамазон – истиғфор ойи

Аллоҳ таоло шундай деди: (Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир» (Зумар, 53).

 Ушбу ояти карима Аллоҳнинг раҳмати ва бандаларига лутфи кенг эканини баён қиляпти. Унда энг улкан ва шармандали гуноҳларга (ширк, куфр ва гуноҳи кабиралар шунинг остига дохил бўлади) қўл урган гуноҳкор ва ўз жонига жиноят қилганларга Раҳмон, Раҳим Зот томонидан ушбу гуноҳларини ташлаб, Ғофур, Раҳим бўлган Раббиларига истиғфор айтишликларига нидо қилиняпти. Батаҳқиқ, У барча гуноҳларни мағфират қилади ва ҳар қанча катта ва улкан бўлмасин гуноҳ соҳиби истиғфор айтиб, тавба қилса У асло гуноҳни катта санамайди.

Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келган ривоятда айтилишича кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Албатта сен дават қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айтчи, биз қилган нарсаларни ҳам ювадиган нарса борми?» деб сўрашганида Аллоҳ таоло мазкур ояти каримани туширган экан. Тафсирчи уламоларимиз таъкидалшича, бу ояти карима Қуръонда энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор.

«Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз

 Унинг рахмати жуда кенгдир.

«Албатта, Аллоҳ барча гунохларни мағфират қилур»

Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: «Аллоҳ табарока ва таоло шундай деди: Эй Одам боласи! Модомики сен Менга дуо қилиб, Мендан умид қилар экансан, сени гуноҳинг қанча бўлишига қарамай мағфират қиламан ва аҳамият бермайман. Эй Одам боласи! Агар гуноҳларинг осмон булутларига етса сўнг Мендан мағфират сўрасанг, сени мағфират қиламан ва аҳамият бермайман. Эй Одам боласи! Сен агар Мени ҳузуримга ер қобиғичалик хатолар билан келсанг сўнг Менга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолатда йўлиқсанг, албатта, сени олдинга унинг қобиғичалик мағфират билан келаман»  (Термизий (3540).

            Дарҳақиқат, Аллоҳ Қуръонда бандаларини истиғфор айтишга буюриб, шундай деди: «Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Музаммил, 20). Аллоҳ таоло деди: «(Аллоҳ сизларга амр қилурки), Раббингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар» (Ҳуд, 3). У субҳанаҳутаоло Ундан мағфират сўраган кишини мағфират қилишини баён қилиб, шундай деди: «Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар – кўрар» (Нисо, 110). Аллоҳ истиғфор айтувчи бандаларини мадҳ қилиб, шундай деди: «Ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган бандалари» (Оли Имрон, 17). Аллоҳ субҳанаҳутаоло деди: «Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун) Парвардигордан мағфират сўрар эдилар» (Зориёт, 18).

Кўп истиғфор айтишлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтаман» (Муслим (2702). Бошқа ҳадисда эса: «Етмиш мартадан кўпроқ» деди. (Бухорий (6307).

Рамазон ойининг гуноҳлар мағфират қилиниши ва хатолар ўчирилишида зиёда хусусияти бор. Бахтли – Рамазонга етган, унинг кеча ва кундузларини Аллоҳнинг тоати ва Уни рози қиладиган нарса-(ибодат)ларда ўтказиб, шу билан Подшоҳ, Қиёмат куни ҳисоб қилувчи Зотнинг мағфират ва розилигига мустаҳиқ бўлган кишидир. Бахтсиз, маҳрум – ушбу буюк ой кириб келсада, ўзининг даражасини кўтарадиган солиҳ амал қилмаган, уни ҳалок ва расво қиладиган гуноҳларидан тавба қилмаган, ушбу ойнинг кун ва тунларини Раббисини ғазаблантирадиган ва ўзини қулатадиган ишларда зое қилган, Раббисига гуноҳ ва ёмон ишларидан мағфират талаб қилган ҳолда юзланмаган, ҳатто у ўзининг юз ўгириш ва пасткашлигида қолган ҳолда мағфират ойи чиқиб кетган кимсадир.

Табароний «Мўъжам»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб, шундай деди: «Эй Муҳаммад! Кимки ота – онасидан бирига етиб, вафот этса ва дўзахга кирса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим. Айтдики: «Эй Муҳаммад! Кимки Рамазон ойига етиб, вафот этса ва(гуноҳлари) мағфират қилинмай дўзахга киргазилса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим. Айтдики: «Кимники ҳузурида ёдга олинсангиз ва сизга саловат айтмай, вафот этиб, дўзахга кирса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим» (Табароний «Мўъжам ал-Кабир» (2023).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен унинг ҳузурида ёдга олинсаму, менга саловат айтмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин! Рамазон кириб сўнг(ундан гуноҳлари)мағфират қилинмай чиққан кимсанинг бурни ерга ишқалансин! Олдида ота – онаси улуғ ёшга етсаю, уни жаннатга киргазишмаган -(киришига сабабчи бўлишмаган) кимсанинг бурни ерга ишқалансин!» дедилар».  (Термизий ва бошқалар ривояти). (Термизий (3545), Ҳоким «Мустадрок» (2016).

Мўмин бандага ушбу ой яхшилик ва баракаларини ғанимат билиши, истиғфор айтишни лозим тутиши, ҳамда унинг муборак фойда ва улуғ манфаатларини ғанимат билиши учун (истиғфорни) кўп-кўп айтиши лойиқ бўлади. У (истиғфорнинг фойдалари) дунё ва охиратда сон-саноқсиз даражада кўпдир.

Истиғфорнинг дунёвий фойдаларидан бири Аллоҳ таолонинг ушбу қавлида ворид бўлган: «Мен дедимки: «Раббингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур, ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ, 10-12).

Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳга бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келгани ворид бўлган. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. У кишига бошқаси фақирликдан шикоят қилди. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. Бошқаси боғи қуриб қолганидан шикоят қилди. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. Бошқаси эса у кишига фарзандсизликдан шикоят қилди. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. Сўнг уларга Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссалом ҳақидаги юқоридаги мазкур қавлини тиловат қилдилар. Бу ўринда зикр қилинган самаралар, банда айтган истиғфори мукофоти ўлароқ дунёда эришадиган умумяхшиликлар, мукаррам ҳадялар ва турли-туман самаралардир.

Истиғфор айтувчилар қиёмат куни эришадиган мўл-кўл савоб, улкан ажр, раҳмат, мағфират, дўзахдан озод бўлиш ва азобдан саломат қолишга келсак, бу Аллоҳ таологина саноғига етадиган ишдир. Ибн Можжа «Сунан»да Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «(Амал) саҳифасида кўп истиғфорни топган кишига шодлик бўлсин» (Ибн Можжа «Сунан» (3818)). Санади саҳиҳ. Табароний «Авсат»да ва Зиё ал-Мақдисий «Ал-Аҳадис ал-Мухтароҳ»да Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимни (амал) саҳифаси хурсанд қилишини яхши кўрса, бас, унда истиғфорни кўпайтирсин» (Табароний «Муъжам ал-Авсот» (839), Байҳақий «Шуъаб ал-Ийман» (639)).

​​Мағфиратнинг уч улкан сабаби бўлиб, улар юқоридаги Анас (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисларида жамланган:

1 Банда бирор гуноҳ қилса, уни мағфират қилишни Раббисидан ўзгасидан умид қилмайди. Ҳамда Ундан ўзгаси гуноҳларни мағфират қилиб, кечиб юбормаслигини билади. «Саҳиҳ»да Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари ривоят қилинади: «Банда бир гуноҳ қилиб: «Эй Аллоҳ! Гуноҳимни мағфират қил», дейди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилиб, Унинг гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Раббиси борлигини билди», деди. Сўнг қайтиб, гуноҳ қилди. Ва: «Эй Раббим! Гуноҳимни мағфират қил», деди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилиб, Унинг гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Раббиси борлигини билди», деди. Сўнг қайтиб, гуноҳ қилди. Ва: «Эй Раббим! Гуноҳимни мағфират қил», деди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилиб, Унинг гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Раббиси борлигини билди. Хоҳлаганингни қил. Дарҳақиқат, сени мағфират қилдим», деди». Абдул Аъла: «Хоҳлаганингни қил, деб учинчи ёки тўртинчисида айтдиларми билмай қолдим», деди. Бир ривоятда (шундай ворид бўлган): «Дарҳақиқат, бандамни мағфират қилдим. Хоҳлаганини қилаверсин» (Муслим (2758)).

2. Истиғфор. Агар гуноҳлар улканлашиб, кўплигидан осмондаги булутлар ёки осмонда кўз илғар жойгача етсада, бошқа ривоятда эса: «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар осмон ва ер орасини тўлдириб юборар даражада хато қилсангиз, сўнг Аллоҳ азза ва жаллага истиғфор айтсангиз, албатта, сизларни мағфират қилади» (Имом Аҳмад «Муснад» (13427)).

Истиғфор – мағфират сўрашлик. Мағфират – гуноҳларни сатр қилиш билан уларнинг ёмонлигидан сақлаш. Агар истиғфор тавба билан бўлса, ана шу вақт истиғфор тил билан мағфират сўрашдан иборат, тавба эса қалб ва аъзолар билан гуноҳларни ташлашликдан иборат бўлади.

3. Тавҳид. У энг катта сабабдир. Ким уни йўқотса мағфиратни йўқотибди. Ким уни олиб келса, дарҳақиқат, мағфиратнинг энг катта сабабини олиб келибди. Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо, 48).

Эй Аллоҳ! Гуноҳларимизнинг ҳаммасини, кичиги ва каттаси ҳамда биз билган ва билмаганларимизни мағфират қил! Ҳаётимизни солиҳ амалларимиз билан якунла!

ПАЙҒАМБАР ОТА жоме масжиди имом хатиби

Қўшбоев Фатхиддин Фахриддин ўғли.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan