Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / РАМАЗОН ФАЗИЛАТИ

РАМАЗОН ФАЗИЛАТИ

Баланд мартабали иноятнома хатингиз Рамазони муборакда бизга етиб келди. Бу суст бўлган дилимдан, ушбу улуғ мартабалик ойнинг фазилат-у маноқибларини ҳам ёзилса деган умид бўлди. Билиш лозимки, моҳи Рамазон жуда ҳам фазилатли ойдир. Бу ойдаги нафл ибодатлар, намоз, зикр, садақа ва бошқалар бошқа ойдаги фарзларга тенг бўлади. Бу ойдаги бир фарзни адоси, бошқа ойдаги етмиш фарзни адосига баробар бўлади. Қайси инсон бу ойда бирор рўзадорга ифтор қилиб берса, гуноҳи кечирилади ва дўзах оташидан озод қилинади. Унга ўша рўзадорнинг савоби камайтирилмаган ҳолда, уни мислича савоб ҳам берилади. Худди шунингдек, қайси одам бу ойда ғулом-у навкарларини ишлатишда енгилчилик қилса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло  уни кечиради ва дўзах оташидан озод қилади. Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойида қулларни озод қилар, у зотдан нима нарса сўралса, берар эдилар. Кимгаки ушбу ойда хайрот амалларни қилиш тавфиқи берилса, мазкур кимсага йилнинг қолган қисмида ҳам тавфиқ берилади. Агар бу ойда тафриқа ва парокандаликда ўтказадиган бўлса, йилнинг қолган қисмида ҳам тафриқаларга мубтало бўлади. Насиб қилганича ушбу ойда жамъийят топишга ҳаракатда бўлмоқ ва бу ойни ғанимат билиш  лозим. Ушбу ойнинг ҳар бир кечасида дўзахга мустаҳиқ бўлган мингта одам озод қилинади. Бу ойда  жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Шайтонлар занжирбанд қилинади.  Раҳмат дарвозалари очилади.

Ифторликда шошилиш ва саҳарликда кечиктириш ҳам суннатлардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда ушбу ишларга муболаға қилар эдилар. Шоядки, ушбу саҳарликликларни таъхир қилиш ва ифторликда шошилишда ўз ожизлик ва муҳтожлигини изҳор қилиш бўлса. Бу эса бандалик мақомига  муносибдир. Рўзада хурмо ила ифтор қилиш суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифтор вақтида ушбу дуони ўқир эдилар: “Чанқоқлик кетди, томирлар ҳўлланди. Ин шаа Аллоҳ, ажр-у савоблар собит бўлди”. Бу ойдаги таровеҳ намози адоси ва хатми Қуръон суннати муаккададир ва саноқсиз тарздаги яхши натижаларни олиб келади. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби алайҳиссаломнинг ҳурматлари туфайлидан бизга тавфиқ берсин.

ИМОМ РАББОНИЙ РАҲИМАҲУЛЛЛОҲ.  “МАКТУБОТ”. 1-ЖИЛД, 54-МАКТУБДАН

СУННАТУЛЛОҲ АБДУЛБОСИТ