Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазон – эзгулик ойи

Рамазон – эзгулик ойи

Динимизда Рамазон рўзаси фарз қилинишининг кўплаб ҳикматлари мавжуд. Шулардан бири рўзадорнинг мискин ва бечораҳол инсонларнинг ҳолатини ҳис қилишидир. Чунки доимий қорни тўқ, қийналмай юрган инсон атрофида қийинчилик кўраётганларнинг дардини тўлиқ англай олмайди. Рўза тутган вақтида эса имкони бўла туриб таомлана олмай, очлик ва қийинчиликни бироз бўлсада ҳис қилади. Бу эса уни шу ҳолатни мажбурий равишда бошдан кечираётган атрофидаги бечораҳол инсонларга эҳсон қилишга, яхшилик ва эзгулик улашишга ҳамда меҳрибон бўлишга ундайди.

Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик қилишга буюриб Бақара сурасининг 195-оятида шундай марҳамат қилади: «Эҳсон қилинг, албатта, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўради». Демак, Аллоҳга маҳбуб банда бўлишни истаган инсон чин қалбдан эҳсон қилиши керак экан. Шубҳа йўқки, агар ушбу эҳсон Рамазон ойида бўлса нур устига аъло нур бўлади. Чунки бу ойда кўзимизга кичик кўринган амалларга ҳам улкан ажр-савоблар ваъда қилинган. Ибн Хузайма Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда ким ушбу ойда бир яхшилик қилса бошқа ойларда фарз амалини бажаргани каби ажру савобга эга бўлиши айтилган. Шунингдек, Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Садақаларнинг афзали Рамазонда қилинган садақадир».

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсонларга яхшилик қилишни севадиган, уларга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиладиган ва ўта сахий инсон эдилар. Шунга қарамай Рамазон ойи кириши билан янада сахий бўлиб кетар, садақа ва эҳсонларни кўпайтирардилар. Абдуллоҳ ибн Муборак ривоят қилган ҳадисда У зот шундай марҳамат қиладилар: «Сув оловни ўчиргани каби садақа хатони ўчиради». Шундай экан, ўзини мўмин деб билган ва Рамазон ойида хатолари ўчирилиб, улкан ажру савобларга эга бўлишни истаган инсон Пайғамбаримизнинг суннатларига эргашган ҳолда ушбу ойда имкон қадар атрофидагиларга яхшилик қилишга уриниши лозим. 

Ўтган улуғларимиз ҳам бу ойда кўпроқ яхшилик қилишга, инсонларга ёрдам бериб улкан ажру савобга эга бўлишга қаттиқ ҳаракат қилишарди. Имоми Аъзамнинг устозлари бўлмиш Ҳаммод ибн Абу Сулаймон розияллоҳу анҳу Рамазон  ойида ҳар куни эллик нафар мискинларнинг ҳолидан хабар олиб, уларни таомлантирар, ҳайит куни эса уларга кўплаб ҳадялар берардилар. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўғиллари бўлмиш Абдуллоҳ оталари каби содда ҳаёт кечирар эдилар. Шунга қарамай, рўза тутган вақтларида мискинлар билан бирга ифтор қилар, агар таомланаётган пайтлари бирор камбағал инсон таом сўраб келса, таомларидан ўз насибаларини олиб қолиб, қолганини сўраган кишига берар эдилар.

Имом Аҳмаднинг ёнларига бир киши бирор нарса беришини сўраб келди. У кишида ифтор қилиш учун олиб қўйган икки дона нонларигина қолган эди, ўзлари оч бўлсаларда, сўраб келган кишига бор нарсаларини бериб юбордилар. Биз келтириб ўтган ушбу лавҳалар улуғлар ҳаётида юз берган кўплаб воқеалардан бир парча, холос. Аслида, уларнинг барчалари ана шундай яхшилик қилишга ҳаракат қиладиган, бу борада барчага ўрнак бўладиган зотлар бўлишган.

Маълумки, халқимиз ўзининг меҳмондўстлиги ва яхшилик қилишга ўчлиги билан танилган. Динимиз буюрган эзгу амаллар қон-қонига сингиб, миллий қадриятга айланиб кетган. Хусусан, ушбу муборак ойда сахий халқимиз имкон қадар яхшилик қилиб фақир ва мискинларнинг дуоларини олишга, беморларни зиёрат қилиб уларга кўмак беришга интилишади. Ана шундай эзгу амаллардан бири Рамазон ойи муносабати билан Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ” жомеъ масжиди ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Ушбу муборак ойда саховатпеша ҳомийлар тарафидан жамғарилган маблағ эвазига 125 дан ортиқ кам таъминланган хонадонларнинг ҳар бирига 500 минг сўм қийматдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шу ва шу каби эзгу амаллар яна давом эттирилмоқда. Аллоҳ таоло ушбу ойда гўзал амаллар қилиб, хато ва нуқсонларимиз кечирилишини барчамизга насиб айласин!

Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жомеъ масжиди

имом-хатиби Яҳёхон Бобохонов