Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазон даракчиси

Рамазон даракчиси

Аллоҳнинг марҳамати ила уч муқаддас ойлар – Ражаб, Шабон ва Рамазоннинг дебочасига етиб келдик. Бу Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш учун чин ихлос ила ҳаракат қилинажак ойлардир. Бу уч ажойиб ойдирки, ҳар биримизга ҳаётимизни ўзгартириб, тана саломатлиги ва қалб хотиржамлигига эришиш имкониятини беради. Бунга қуйидаги ҳадис далолат қилади: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана, ва баллиғна рамазона” (“Ё Аллоҳ, Ражаб ва Шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни Рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар” (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний ривоят қилган).

Ражаб “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини англатади. Таъкидлаш жоизки, Ражаб ойи харом қилинган тўрт ойлардан (Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб) биридир. Бу ойларда қилинган гуноҳлар бошқа ойлардагига нисбатан оғирроқ саналади. Зеро, Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз! Мушриклар (мазкур тўрт ой асносида) сизларга ёппасига уруш очсалар, (сизлар ҳам) уларга ёппасига уруш очингиз! Яна, билиб қўйингизки, Аллоҳ тақволилар билан биргадир!” (Тавба сураси 36-оят).

Ҳар қандай вақтда Шариат тақиқлаган қилмишлар гуноҳ ҳисобланади, лекин бу ойларда қилинган гуноҳлар оғирроқ саналади. Айни тарзда, бу ойларда қилинган савобли амаллар учун даражалар ҳам кўпайтриб берилади.

Ражаб ойида кўпроқ рўза тутишга, Қуръон ўқишга, нафл намозлар ўқишга, муҳтожларга кўмак беришга, қариндош ва яқинлар, дўсту биродарларимизни зиёрат қилишга ҳаракат қилишимиз лозим. Ражаб – меҳр-мурувват, марҳамат ойидир. Рамазонга илк одим бўлган бу ой унга тайёргарлик кўриш ойидир. Шу сабабли, ҳар бир мусулмон руҳини поклаш билан шуғулланиши лозим, бу эса рўза тутиш орқали амалга оширилади.

Ражаб ойида тутиладиган рўзага келсак, имом Нававий ўзининг “Шарх Саҳиҳ ал-Муслим” китобида: “Ражаб ойи рўзаси тўғрисида унинг тақиқланганлиги ва айнан уни тутиш лозимлиги ҳақида қоида йўқ. Бу ойда рўза тутишнинг асоси ихтиёрийликдир”, деган сўзларни келтиради. Имом Нававий яна ёзади: “Сунани Абу Довуд”да келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром ойларида рўза тутишликни тавсия қилганлар, Ражаб ана шу ойлардан биридир” (“Шарҳ Саҳиҳ ал-Муслим”, 8-жилд).

Яна бир ҳадиси шарифда келтирилишича, Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу деди:Саъийд ибн Жубайрдан Ражаб ойида турганимизда Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У:Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман, деди” (Тўртовлари ривоят қилганлар).

Демак, бу ойда рўза тутиш орқали ҳам руҳимизни тозалаймиз ва гуноҳларимизнинг мағфират қилинишига эришамиз, иншааллоҳ.

Ражаб ойларнинг султони, муборак Рамазоннинг даракчисидир. Бу онлари ғанимат билайлик. Ихлосла ибодатда, Қуръон тиловати, хайрли ва эзгу амалларда бардавом бўлайлик. Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати барчамизга насиб этсин.

Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди
имом-хатиби Саиджахонов Абдулахад

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan