Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / РАМАЗОН БАНДАНИНГ НОМАИ АЪМОЛИНИ БЕЗАЙДИГАН ОЙ

РАМАЗОН БАНДАНИНГ НОМАИ АЪМОЛИНИ БЕЗАЙДИГАН ОЙ

Тошкент вилоятининг жоме масжидларида ўтказилиб келинаётган Хатмоналарнинг навбатдагиси 2018 йилнинг 5 июнь куни Тошкент туманидаги “Кўктерак” ҳамда “Чувалачи” жоме масжидларида бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов мазкур кечаларда таъсирли амру маъруфлари билан иштирок этиб, ташриф буюрганларнинг руҳига маънавий озуқа улашиб, уларни хушнуд этдилар.

Сўз аввалида Хайруллоҳ домла намозхонларга, ихлосли мусулмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломларини ва дуои хайрларини етказдилар.

Шундан сўнг, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазонда иймон ва ихлос ила, савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади. Кимки Рамазонда иймон ва ихлос ила, савоб умидида кечалари (намозда) қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади. Кимки қадр кечасида иймон ва ихлос ила, савоб умидида қоим турса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти) ҳадисига мувофиқ Рамазон улуғ имкониятлар, бениҳоя ажру савоблар, банданинг номаи аъмолини солиҳ амаллар, савобли ишлар билан тўлдирадиган фурсат эканлигини таъкидладилар. Айнан мана шу жиҳат ҳар бир мўмин-мусулмон қалбида Рамазонга бўлган иштиёқ ва умиднинг ортишига сабаб бўлиши, шунинг учун ҳар бир инсон ўзидаги камчиликларга барҳам бериб, бутун диққат-эътиборини нияти ила ибодатига айланган амалларининг салмоқли ва сифатли бўлишига қаратмоғи лозимлигига алоҳида урғу бердилар.

Мазкур Хатми Қуръон кечалари ҳам Рамазоний баракот туфайли ўзгача шукуҳу тароватда ўтди. Хатмоналар анъанага мувофиқ эзгу тилаклар, хайрли дуолар билан якунланди. Иштирокчилар кўзлардаги ёшлар билан бундай неъматларга шукроналарини изҳор этиб, бу каби қалб қувончи, руҳ озуқаси бўлган тадбирларни ташкил этган мутасаддиларга миннатдорчилик билдирдилар.