Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / РАМАЗОН АЖРУ САВОБЛАР ОЙИ

РАМАЗОН АЖРУ САВОБЛАР ОЙИ

Маълумки, мана бир неча кунлардан бери Тошкент вилоятининг масжидларида ўтказилаётган Хатмоналар ҳақида Сизларни хабардор этиб келмоқдамиз.

Бугун – 2018 йилнинг 3 июнь куни Зангиота туманидаги “Бешқўрғон” жоме масжидида Қуръони Карим Хатми ўз поёнига етди. Унда иштирок этган Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов Хатмонага ташриф буюрган намозхонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг дуои саломларини етказдилар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Одам боласининг ҳар бир яхши амалига ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб берилиши мумкин. Аллоҳ айтадики: Илло, рўза бундан мустаснодир. Чунки рўза Мен учун ва унга Ўзим ажр бераман. Рўзадор Мени деб шаҳвати ва таомидан воз кечади. Рўзадорга икки марта шодлик бор. Бири ифторлик чоғида, иккинчиси Роббисига йўлиққан чоғда. Шубҳасизки, рўзадорнинг оғзидан чиққан ҳид Аллоҳнинг наздида мушки анбарнинг хушбўйидан ҳам яхшироқдир. Рўза қўрғондир. Қайси бирингиз рўза тутган бўлса, бировни ҳақоратламасин ва овозини кўтариб бақирмасин. Уни биров сўкса ё урушса, унга: “Мен рўзадорман”, десин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти), деган ҳадисларига мувофиқ Рамазон банданинг амалларига беҳисоб ажру савоблар инъом этиладиган ой эканлиги, унинг ҳар бир куни, ҳар бир онини ғанимат билиб, ана шундай мукофотларни қўлга киритишга харис бўлиш лозимлиги ҳақида амру маъруф қилдилар.

Қуръону Карим тиловати ва айтилган эзгу сўзлар, қилинган хайрли дуолар сабаб қалблар юмшаб, кўзлар намланди. Хатмонага ташриф буюрганлар ташкилотчилар ва мутасаддиларга ўз миннатдорчиликларини изҳор қилиб, ҳақларига дуолар қилдилар, ушбу Муборак ойнинг таровати, Хатми Қуръон шукуҳи сабаб қалбларига кирган қувонч, руҳий озуқа, маънавий қувват уларни тарк этмаслигини таъкидладилар.