Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Барчаларимиз Рамазон ойи рўзасини бақадри имкон тутиб, Аллоҳ таоло ваъда қилган буюк мукофотни қабул қиладиган Рамазон ҳайити арафасида турибмиз.

Ушбу муборак Рамазон ойи давомида барча мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг мадади ила ўзларига фарз этилган рўзаларини тутиб, кечаларни тоат ва ибодатда ўтказиб, хатми Қуръонларни адо этиб, иймон ва ихлосларини янада зиёда қилдилар.

Маълумингизким, жорий йилги Рамазон ойи, ўз навбатида ҳайит байрами ҳам қатор синовли онларга тўғри келди. Халқимиз бу синовли дамларда ҳаловатли ва мароқли ибодатлари баробарида ўзларининг ўзаро меҳр-оқибатлари, айниқса аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларига, хусусан қатор офатларда жабр кўрган азиз ватандошларимизга ҳар йилгига нисбатан кўпроқ ва гўзалроқ хайрияларни амални оширдилар, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Зотан, Рамазон ойи – меҳр-муравват ва хайру саховат ойидир!

Ислом динимиз наздида “хайру саховат” деганда, албатта, биринчи галда “муҳтожларга ёрдам бериш” тушунилади. Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”. Бақара” сураси, 261-оят.

Аллоҳ таоло Ўз фазли билан бой қилган бандалари бўйнида нисобга етган молларидан муҳтож ва камбағалларга закот, ўз навбатида хайру эҳсон қилишдан кўзланган асосий мақсад – жамиятда бир қадар тенглик пайдо қилиш, бой ва фақир ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай деганлар:

“Ким бир мўъминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратдаги айбларини яширади.  Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”, – деганлар. Имом Муслим ривояти.

Шу боис бу улуғ кунларни ғанимат билиб, савоб ва фазилатларидан умидвор бўлган ҳолда оиламиз, яқинларимиз, қўни-қўшни, яқинларимиз ва албатта ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолларидан хабар олишимиз даркор бўлади. Зеро, яхшиликнинг ажри – фақат яхшиликдир! Бундай эзгу ишларимиз учун хонадонимиз ва юртимизга албатта файзу футуҳ ва баракотлар ғилиб, охиратимиз обод бўлажак.

Биз Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, Рамазон Ҳайитини ҳам кўтаринки руҳда, унданда файзлироқ ўтказмоғимиз керак бўлади.Ҳайит бу – ҳурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу ишлар кунидир! Рамазон ойи рўзасини эсон-омон тутиб олганимиз учун Яратганга шукроналар айтмоқлигимиз лозим.Шунингдек, ушбу байрам онларида ҳамма бир-бирларини ҳайит билан самимий муборакбод этадилар. Ҳайит намозини адо этганларидан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган меҳрибон ота-оналаримизни, қариндош-уруғларимизни ҳамда ёру-биродарларимизни бориб зиёрат қиламиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-кудратли кишилар ҳам бир-бирларини кечириб, ўзаро узрлар айтиб бир-бирларига қучоқ очадилар. Демак, Рамазон ҳайити – барчага қувонч улашиладиган, ёмонлик ва аразлардан воз кечиладиган кун! Шу боис бундай улуғ кунни азага ва ҳафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, улар учун хайрли дуолар қилишимиз, албатта баларнинг барчаси яхши амал. Бироқ, бу ишлар аза маросимларига айланиб, ҳайит байрамимизга таъсир қилмаслиги зарур.

Эслатма!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан жорий 2020 (1441 ҳ.) йилги фитр садақа ва фидя миқдори белгиланган.

Фитр садақаси – моли закот нисобига етган мусулмон киши томонидан ўзи ва қарамоғидаги ҳайит куни тонгига қадар туғилган ҳар бир жон ҳисобидан мискинларга берилиши вожиб бўлган садақа, яъни – молиявий ибодатдир.

Жорий йил учун ФИТР садақасининг бир киши учун белгиланган миқдори:

≈ 2 килограмм буғдой ёки унинг қиймати – 8 000 (саккиз минг) сўм;

≈ 4 килограмм арпа ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;

≈ 2 килограмм майиз ёки унинг қиймати – 70 000 (етмиш минг) сўм;

≈ 4 килограмм хурмо ёки унинг қиймати – 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм[1], деб белгиланди.

Унга кўра фитр садақани ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан (масалан, кимдир буғдой, яна кимдир хурмо ва ҳоказо ҳисобидан) берса кифоя.

Фидя – кексалиги ёки сурункали хасталиги сабабли рўза тутиш имконияти бўлмаган инсон учун Рамазон ойининг ҳар бир куни учун мискинларга берилиши вожиб бўлган садақа, яъни – молиявий ибодатдир. Агар бу мисол кимсалар бу маблағга қодир бўлмасалалар ушбу ишни уларнинг номидан уларни қарамоғига олган фарзандлари адо этадилар.

ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг бугунги кундаги ўртача қиймати 20 000 (йигирма минг) сўм, деб белгиланди.

Аллоҳ таоло бутун ҳолимизни ислоҳ қилсин. Бутун дунё аҳлининг бошидаги мавжуд офатни тезроқ кўтарсин. Меҳру оқибатимизда мустаҳкам ва бардавом қилсин. Халқимизни ҳар дам ва ҳар нафас ўз паноҳида асраб, икки дунёларимизни саодатли қилсин!

Нурали МАВЛАНОВ,

Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари.


[1] Ушбу маҳсулотларнинг қиймати Тошкент шаҳри ва вилоятидаги бозорлардаги жорий нархлар бўйича ҳисобланган.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan