Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазон ҳайити: қисқа сатрларда

Рамазон ҳайити: қисқа сатрларда

 

Рамазон ҳайити – қалб ва тана покланиши байрамидир. Мусулмонларнинг байрамлари орасида энг аҳамиятлиларидан бири саналади. Унинг Ийд ал – Фитр номи ҳам машҳур. У Рамазон ойи тугугач, Шаввол ойида уч кун мобайнида нишонланади. Байрам ҳақида билишимиз керак бўлган маълумотлар қуйидагилар:

 

Байрамни белгилаш

Ислом тарихига кўра, Рамазон ҳайитини нишонлашни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзи белгилаган. Бу воқеа 624 йилда содир бўлган. Ўша пайтдан бери бутун мусулмон уммати ҳар йили ушбу кунни байрам сифатида нишонлайди.

 

Нишонлаш тарзи

Анъанавий мусулмон мамлакатларида байрам давлат миқёсида нишонланади, шу сабабли  бу кунлар дам олиш куни ҳисобланади. Кун покланиш билан бошланади, кейин жамоат билан ҳайит намозини ўқиш учун масжидга борилади. Намоздан ташқари бу куни фитр садақасини бериш зарур. У ҳайит намози ўқилишидан олдин берилиши лозим. Рамазон ҳайитини ҳамма байрам қилиши керак. Бу кун мотам тутадиган, қайғурадиган кун эмас. Исломнинг устунларидан бири – закотни муҳтожлар ҳам бу кунни муносиб нишонлай олиши учун, айнан шу кунларда бериш ҳам мақбулдир.

 

Рамазон ҳайитига қандай тайёргарлик кўрилади?

Ҳар қандай маросим сингари ушбу байрамда ҳам дастурхон безатилади, мусулмон биродарлар бир – бирлариникига меҳмонга борадилар ва байрам шукуҳига дўстона илиқлик бахш этадилар. Шунингдек, ота – она ва қариндошларни йўқлаш ҳам муҳимдир. Агарда улар орасида марҳумлари бўлса, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилинади. Ийд ал-Фитрда хасталар, ёлғизлар, эҳтиёжманд ва камбағалларнинг ҳолидан хабар олиш талаб этилади. Шунинг учун динимизда бундай инсонларни кўнглини олиб, уларни зиёрат қилиш, совға – саломлар улашишга доир кўрсатмалар бор. Барча мусулмонлар бу кунларда болаларни хурсанд қилишга алоҳида эътибор қаратишади, шу орқали уларнинг қалбларида Исломга муҳаббатни уйғотишга уринишади. Аразлашганлар, бир – бири билан душманона муносабатда бўлганлар ярашишлари, кўнгилхираликларни унутишлари лозим.

Ҳайитдан илгариги Арафа кечасида ибодат қилиш анъанаси ҳам мавжуд. Чунки бу кечада дуолар сўзсиз қабул қилинишига доир далиллар бор.

 

Бекобод тумани “Найман” жоме масжиди

имом-хатиби Бердияров Улуғ