Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Бу йилги Рамазон ойи ҳар қачонгидан ҳам ўзгача кечди. Коронавирус (COVID-19) инфекцияси туфайли жорий қилинган карантин туфайли таровиҳларни уйларимизда ўқидик, Қуръони каримни хонадонларимизда хатм қилдик.

Бу инфекция бизнинг яшаш тарзимизга чекловлар қўйган бўлса-да, лекин хайрли ишларимизга тўсиқ бўла олмади. Тўғри, уйда қолдик, кўчага чиқа олмадик. Бироқ эзгу амалларимиз тўхтаб қолмади. Апрель ойи сўнгида Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида содир бўлган тўфон ҳам, май ойининг биринчи санасида “Сардоба” сув омборининг ўпирилиши ҳам халқимизни савоб ишлардан тўса олмади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган видеосектор йиғилишида: “Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошларини, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ”, дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, бу ташаббус Рамазон ойида кенг қулоч ёйиб, ҳар бир саховатпеша юртдошимизнинг эзгу аъмолига айланди. Биргина Тошкент вилояти имом-хатибларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳомийлар ва саховатпеша инсонларнинг кўмагида бир миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан “Сардоба” сув омбори тошқинидан жарб кўрган юртдошларимизга рўзғон учун зарур бўлган ашёлар етказиб берилди.

Саховат тадбирлари Рамазон ойида ҳар қачонгидан ҳам кўпайганининг ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақарас сураси, 261-оят), деб марҳамат қилган.

Рамазон ойида қилинган хайрли ишларга бошқа ойдагиларга нисбатан жуда кўп савоблар ёзилиши муборак ҳадисларда айтилган: “Умматим ҳар қайси ойда қилган бир яхши  амали учун бир савоб олади. Аммо Рамазон ойида битта эзгу амал учун ўндан то етти юзгача ва ундан ҳам зиёда ажр берилади. Фарз ибодатларининг биттаси учун бошқа ойлардаги етмишта фарзнинг савоби, нафллари учун эса бошқа ойлардаги фарзнинг савоби берилади”.

Ислом дини моҳиятида мужассам бўлган барча фазилатлар, эзгулик, хайру саховат, меҳр-оқибат, мурувват каби олижаноб ғоялар жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топишига хизмат қилмоқда. Бу юқорида келтирганимиздек, “Сардоба” фожиасида яққол намоён бўлди. “Саховат ва кўмак” дастури доирасида “Мен ҳам хайрли ишга ўз ҳиссамни қўшайин”, деган кишилар сафини кенгайтирди.

Чунончи, имомларимиз ҳадиси шарифда марҳмат қилинганидек: Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, йил-ўн икки ой рамазон бўлишини орзу қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти), Рамазон ойини ғанимат билишди.

Шу билан бирга, динимиз пешволари “Яхшиликка далолат қилувчи киши худди яхшилик қилгандек бўлади”, ҳадиси шарифида таъкидланганидек, фақат ўзларини эмас, балки ҳомийларни ҳам хайрли ишларга жалб қилишди. Улар Набиййи муҳтарам Пайғамбаримизнинг:  “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт., унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзига бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади”, сўзларини фақат ўзларига эмас, бошқаларга ҳам раво кўришди.

Рамазон ойи ҳам ниҳоялаб қолди. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, юртимизнинг барча ҳудудларидаРамазон ҳайити оилаларда ўтказилади. Карантинни инобатга олиб, марҳумларнинг ҳақларига оила даврасида хайрли дуолар қилсак, шариатимиз қонун-қоидалари ҳамда карантин талабларига риоя этган бўламиз. Чунончи, ҳадиси шарифда: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Ибн Можа ривояти), дейилган.

Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам юртдошларимизга Рамазон ҳайитида ҳам карантин қоидаларига қатъий риоя қилишларини, байрам кунларини азага айлантирмасликларини, уйларида қолишларини тавсия қилиб қоламиз.

Иншоаллоҳ, коронавирус инфекцияси чекиниб, ҳаётимиз яна изига тушиб кетгач, кейинги ҳайитларни рисоладагидек нишонлаймиз.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan