Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Ислоҳотлар акси – янгитдан кўркам қилиб қурилаётган масжидларимизда

Ислоҳотлар акси – янгитдан кўркам қилиб қурилаётган масжидларимизда

2018 йилнинг 5 январида бўлиб ўтган Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма бергандилар, шунга кўра 2018 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори қабул қилиниб, вилоятда жами 29 та жоме масжидларни 2018-2019 йиллар давомида қайта қурилиши белгилаб олинганди. Зангиота туманидаги “Салмони Форсий” жоме масжиди ҳам ана шу дастурга асосан қайта қурилиши белгиланган масжидлардан бири бўлиб, бугун – 2019 йилнинг 11 сентябрь куни ушбу масжид қурилишига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматовлар иштирок этиб, мамлакатимизда юрт тараққиёти, халқ манфаатлари, дин ривожи, Соф Ислом таълимотларини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталдилар, олиб борилаётган хайрли ишларда ҳар бир диний соҳа ходими камарбаста бўлиб хизмат қилиши, масъулиятини янада ошириши лозимлигини таъкидладилар. Янгидан янги, кўркам, муҳташам ва намозхонлар учун барча қулайлигу шароитларга эга бўлган масжидларнинг қад ростлаётганига барчамиз гувоҳ бўлаётганимиз, бу каби савобли ишларни амалга ошириш имконига эга эканлигимизга шукроналар қилишлигимиз лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

“Салмони Форсий” жоме масжидига илк ғиштни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари табаррукона қўйиб бердилар. Юрт тинчлиги, мамлакат ривожи, ислоҳотлар давомийлигини тилаб, масжид қурилишида жонбозлик кўрсатаётганлар ва усталарнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Зангиота туманида замонавий ва барча шароитлар яратилиши кўзда тутилган “Салмони Форсий” жоме масжиди лойиҳасига кўра, асосий хонақоҳ билан биргаликда минора, таҳоратхона, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона, хизмат хоналари, китоб ва адабиётлар билан бойитиладиган маънавият ва маърифат хонаси қурилиши ҳам режалаштирилган. У айни дамда 2800 намозхонни сиғдира олади.

Тадбирга ташриф буюрганлар учун дастурхон ёзилиб, ош тарқатилди. Маросим Қуръон тиловати, хайрли дуолар, эзгу тилаклар билан якунланди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan