Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Поклик – имоннинг ярми

Поклик – имоннинг ярми

Ислом дини инсонни рухий – маънавий ҳамда жисмоний покликка чақиради. Дунёда Исломдан бошқа хеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва озодаликни бу қадар юксак даражага кўтармаган.

Ислом дини поклик устига қурилган. Шу сабаб ҳам мўмин-мусулмон ҳар бир ишни покланишдан бошлайди. Теварак-атрофни озода сақлаш пайида бўлади. Бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз: «Чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама», деб қайта-қайта тайинлар эдилар. Илгарилари ариқ ва булоқларнинг сувидан ҳеч ҳадиксиз қониб ичардик. Иссиқ нонларни оқар сувларда оқизоқ қилиб ердик. Ҳозир ким ҳам маҳалла, гузарлар оралаб оқиб ўтадиган ариқдан сув ича олади? Баъзилар ҳеч тортинмай ариққа суприндини ташлашади, кир ювилса, мағзавасини оқизишади. Ҳар жойда кўз тушса, хижолатга соладиган бир манзара бор. Уйлардан узоқлашилмасдан исталган жойга ташлаб кетилган чиқиндиларни кўриш мумкин. Улар уй ва ҳовлилардан чиқарилган. Ҳатто орасида нон бўлакларини кўриб, одам ачиниб кетади. Ойша (розийаллоҳу анҳо) онамиздан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Пок бўлинглар, зеро Ислом пок диндир ва фақат пок кишилар жаннатга кирур».

Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари деб билиб келганлар. Қуръони каримда денгиз, дарё ва ариқларни ифлослантирмасликка буюрилган. Акс ҳолда балиқлар ҳам ноз-неъмат ўрнига заҳарли моддаларга айланишини унутмайлик.

Аллоҳ таоло муборак каломи шарифида бандаларига:

Яъни: «У сизлар учун Ерни «пойандоз», осмонни «бино» қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар)ни ундирди … (Бақара-22.)

Яшаётган жойларимизнинг тоза бўлиши аввало ўзимизга боғлиқ. Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, қишлоқ, шаҳарларимиз ҳам ўзимизники. Унинг озодалигига тозалик идоралари ходимларидан ташқари ҳар биримиз жавобгармиз, масъулмиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди? Ҳеч ким! Аммо буни кўчамизга раво кўрамиз. Гоҳида ҳатто мошиндан тушишгада эриниб, баъзи кишилар уйидан халтачаларга солиб берилган чиқиндиларни пана-пастқамларга улоқтириб кетишади. Шу боис ҳам йўлларимиз бўйида қоғоздан тортиб ҳар хил чиқиндилар сочилиб ётади, чекка жойларда уюлиб, бадбўй ҳидлар тарқатади. Бир қанча касалликлар ахлат уюмларидан тарқайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз.

Тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал (розияллоҳуанҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар»,деганлар (Абу Довуд). Дарҳақиқат, ҳеч бир ориятли инсон ҳадисда зикр этилган ишларни қилишга ботинмайди,аксинча,бундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш яхши иш эмаслигини тушунтиради. Ҳозирги кунда барча ерларда ахлат ташлаш учун алоҳида жойлар қурилган. Шундай экан, ҳар хил ахлат ва чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш лозим, аксинча дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди.

Киши покликни ўзидан бошлаши керак, яъни, ўзини иймони бутун мусулмон деб билган хар бир инсон кўча-куйларга ахлат ташламаслиги, оиласини ва яқинларини ҳам шунга чақириши керак.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида бундай деганлар: «Бир одам йўлда кетарди, жуда қаттиқ чанқади. Шунда қудуқ топиб, унга тушди ва сувидан ичди. Сўнг қудуқдан чикиб қараса, бир ит чанқаганидан тупроқни яларди. У одам ўзи қандай чанқаган бўлса, у ҳам шундай чанқаганини ўйлаб, қудуққа қайтиб тушди. Маҳсисида сув олиб чиқиб, итни суғорди. Аллоҳ таоло у одамнинг гуноҳларини кечирди».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: «Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёхуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади»(Имом Бухорий). Демак, бизлар ўзимиз яшаб турган жойга ва маҳалла-кўйларга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки қушлар ҳам манфаат топади. Ҳадиси шарифда айтилишича, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар еса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзиб қўйилади.

Биз дунёга келганимизда ҳаётимиз учун барча шароитлар тайёр эди. Оёқларимиз остига ерни тўшаб, уни турли гуллар билан безатиб қўйган зот Аллоҳ таолодир. Атрофимизда эса турли хил мевали ва манзарали дарахтлар олам чиройига чирой қўшиб турганини кўриб, кўзларимиз қувнайди. Атрофимизни турли зарарли нарсалардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва аҳлимизнинг ҳаётини сақлаган бўламиз. Шунингдек, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларнинг ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимиз буйруғидир.

Жамоат жойларида, ўқув даргоҳларида, кенг жамоатчилик фойдаланадиган метро, автубос, йўналишдаги авто уловларда ҳам тозаликка риоя қилишимиз лозим. Уларга писта пучоқлари ва маъиший чиқиндиларини ташлаб ифлос қилмаслигимиз даркор. Ҳар вақт ва ҳар жойда тозалик ва поклик одобларига риоя қилишни асло унутмайлик, зеро поклик имондандир деб бежизга айтилмаган.

Мана шундай навбаҳор фаслида юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, имон-эътиқодимизга яраша солиҳ амалларни бажаришга муносиб шароитларнинг муҳайё экани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтган ҳолда атроф-муҳит ва ҳовли-жойларимизнинг озода бўлишига ҳаракат қилайлик.

Динимиз покликка, озодаликка буюрар экан, бунинг заминида инсоннинг саломатлиги ётади. Шу муносабат билан барчамиз яшаш жойларимизнинг ободлиги ва тозалиги йўлида биргаликда курашмоғимиз лозим.

Янгийўл тумани “Жомеъ” жоме масжиди
имом хатиби Одилжон Нарзуллаев