Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Покиза аёлларга туҳмат қилиш

Покиза аёлларга туҳмат қилиш

Гуноҳи кабиралар (улкан гуноҳлар) даражасига кўра бир неча хил бўлади:

  1. Эътиқодга тегишли улкан гуноҳлар.
  2. Нафс ва амалга оид улкан гуноҳлар.
  3. Мол-мулкка доир улкан гуноҳлар.
  4. Ибодат борасидаги улкан гуноҳлар.
  5. Оила ва насабга тааллуқли улкан гуноҳлар.

 Оила ва насабга тааллуқли улкан гуноҳлардан бўлмиш покиза, мўмина аёлларга туҳмат қилиш ҳақида динимиз нима дейди?

Ҳозирги кунда одамлар орасида инсонларни ва мўмин-мусулмонларни бир-бирларига нисбатан гина-адоват ва нафрат пайдо бўлишига сабаб бўлаётган иллатлардан бири покиза аёлларга туҳмат қилиш. Бунинг сабабидан оилаларни тинчлигига раҳна солиб, ҳатто бузилиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бундай номаъқул ишларни қилган, яьни ҳаромдан сақланган, покиза, ҳур аёлга кимда-ким «зинокор» ёки «фоҳиша» деб туҳмат қилса, унга дунё-ю охиратда лаънат ва улкан азоб бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّ الَّذِينَ يَرْمُونَ الْمُحْصَنَاتِ الْغَافِلَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ لُعِنُوا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ

يَوْمَ تَشْهَدُ عَلَيْهِمْ أَلْسِنَتُهُمْ وَأَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُمْ بِمَا كَانُوا يَعْمَلُون.َ

«Албатта, (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат)да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўлу оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» (Нур сураси, 23–24-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар», деб улар орасида: «(Бузуқ ниятлардан) ғофил, покиза, мўмина аёлларга туҳмат қилиш»ни ҳам санаб ўтганлар (Муттафақун алайҳ).

Кўп жоҳиллар беҳаё сўзларни айтишга одатланиб қолишган. Ҳолбуки, улар мана шу сўзлари билан дунёда гуноҳкор, охиратда азобга гирифтор бўладилар.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Банда ўйламасдан бир сўзни айтади-да, у сабабли машриқ билан мағриб орасидаги масофадан узунроқ масофага дўзахга қулайди» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва беҳаё сўзловчи бўлмайди» (Термизий ривояти).

Бундай иллатлар, яьни бир покиза аёлни ёки эркакни ноҳақ зинода айблаш, жамиятимиз учун жуда катта зиён келтиради. Туҳмат қилинаётган эркакни ва аёлни орқасида турган қавм-қариндошларини шаъни ва орияти топталади. Оқибатда, мусулмонлар яшаётган жамиятда биринчи навбатда мусулмонларга ишончсизлик пайдо бўлади.

Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Кимки Аллоҳ ва охират кунига ишонар экан, унда яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин», дейилган (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло лутф-марҳамати ила барчамизни тилларимиз ёмонлигидан сақласин. Албатта, у саховатли, марҳаматли зотдир.

Пискент тумани бош имом-хатиби
Зайнилобиддинхон Қудратов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]