Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Паркент уламолари

Паркент уламолари

Ўтган асрлар давомида Паркент туманида ҳам жуда кўп алломалар яшаб ўтган. Шулардан бири Ҳожи Абдуллоҳ қори ибни Ҳожи Сайфуллоҳ. У зот 1876 йил Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилоятидаги Хутан қишлоғида туғилганлар. У киши ёшлигидан умрини илм-маърифатга бағишлаганлар. Узоқ йиллар илм-маърифат ўчоғи бўлган Самарқанд, Бухоро шаҳарларида диний уламолардан дарс олганлар. Кейинчалик Шом, Макка, Мадина юртларига ҳам бориб ўқидилар. 1905 йилда Қиблагоҳ Оталарини Ҳаж қилдириш мақсадида учинчи бора Маккаи Мукаррамага йўл оладилар… Ҳаж ибодатини адо этиб қайтаётганларида Оталари йўлда вафот этадилар… Оталарини ювиб, жанозаларини ўқиб, дафн қилдилар. Бизга яхши аён бўлмаган баъзи сабабларга кўра туғилиб ўсган қишлоғига қайтиб боролмайдилар. Абдуллоҳ ҳожи бува бир неча йиллар Тошкентдаги элчихоналардан бирида хитой ва уйғур тиллари бўича мутахассис бўлиб ишладилар. Шу билан бирга, Ҳожи Абдуллоҳ домла улуғ зотларни зиёрат қилиш билан машғул бўладилар. Занги отани зиёрат қилган кеча у кишига Паркент тумани Заркент қишлоғидаги авлиё Саййид Жаъфар отанинг қабрларини зиёрат қилиши илҳом қилинади. Шу сабаб Саййид Жаъфар ота зиёратгоҳига келиб, 40 кун чилла ўтирадилар. Зиёратга келган маҳаллий халқ бу кишининг ибодати, илм-у маърифатга бўлган ихлосини кўриб, қойил қолади. Мана шу ташриф Абдуллоҳ ҳожи буванинг Паркентда қўним топишига асосий сабаб бўлади. У киши паркентлик аҳли илм уламолар ичида ҳам ўзгача ҳурмат ва эҳтиромга мушарраф бўлдилар. Бир неча йиллар “Беш-каппа” марказий  жоме масжидида ҳам хизмат қилиб, халққа дин – диёнат, илм-маърифат улашганлар. У киши олим бўлишлик билан бир қаторда, машҳур ҳаттот ҳам эдилар. У кишидан қолган илмий меросларни кўздан кечириш асносида ўзимиз бунга шоҳид бўлдик. 1953 йили ёшлари улуғ бўлишига қарамасдан бир неча йиллик меҳнатдан сўнг, Қуръони каримни ҳуснихатда тўлиқ кўчиришга мушарраф бўлганлар. Бу нусха у кишидан қолган энг катта мерос ҳисобланади. У киши табиблик билан ҳам шуғулланганлар. Кўп беморлар дардига малҳам бўлганлар. У муҳтарам зот Аллоҳ таолонинг “Ҳар бир жон, албатта, ўлим аччиғини тотади” ояти ҳукмига мувофиқ 1975 йилда – муборак 102 ёшларида оламдан ўтдилар… 

Бу Абдуллоҳ ҳожи бува ҳақларидаги баъзи биз билган нарсалар, холос… Аслида у кишининг ҳаётлари ҳақида бир китоб ёзиш айни муддао иш. Яратгандан сўраймиз, келгусида шу ниятимизга ҳам эриштирсин! Аллоҳ ўтган алломаларимизни ўз раҳматига олсин!

«Беш-каппа» жоме масжиди имом-хатиби Миршавкат Тўйчиев