Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп уйланишларида қандай ҳикмат бор?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп уйланишларида қандай ҳикмат бор?

Жоҳилият даврида ижтимоий соҳанинг барча жабҳалари бўлгани каби, аёлларга муносабат, оилавий муҳит, оилавий муносабатларда эрларнинг хулқи ҳам салбий тарафга қараб кетганлигини адабиётлардан ўқиб билганмиз. Оламларга раҳмат бўлиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар соҳада, хусусан, оилавий муносабатларда ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон учун гўзал намунадирлар ва сўзсиз, уларга эргашган банда борки, ҳидоятдан бенасиб қолмайди, иншаАллоҳ. Бугун ҳозирда жуда кўпчилик учун тортишувлар мавзуси бўлиб қолган кўпхотинлик ҳақида сўз бритмоқчи эмасмиз. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп уйланишларидаги ҳикматларнинг баъзиларини баён қилиб ўтмоқчимиз.

Аввало, таъкидлаш жоизки, ўша даврда мавжуд бўлган кўпхотинлиликни Ислом дини 4 тагача чеклаб қўйди. Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни бошқа ҳукмга буюрди. Бунинг кўплаб сабабларидан бири: У зот Аллоҳдан янги дин келтирган эдилар. Бу диннинг ҳукмлари орасида аёлларнинг махсус ҳолатларига тааллуқли (ҳайз, нифос, истиҳоза каби) ҳукмлар ҳам бор эди. Расулуллоҳ бу ҳукмларни номаҳрам аёлларга батафсил айтолмасдилар, лекин айтиш, етказиш зарур эди. Шy сабабдан Аллоҳнинг амри билан кўп аёлга уйландилар. Хотинларининг ҳаммаси турли қабилалардан бўлгани туфайли қабилалар ва уларнинг раислари oрасида қариндошлик ришталари боғланди, ўзаро муҳаббат ва алоқага йўл очилди. Мисол усун: Маймуна (р.а.) Нажд қабиласи бошлиғининг қизи эди. Жуда қайсар бу қабила 70 га яқин саҳобани ўлдирганди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймунага уйланиши билан ушбу қабила ҳам итоатга кирди. Умму Ҳабиба (р.а.) Макка сардорларидан Абу Суфённинг, София (р.a.) яҳудийлар сардорининг қизи эди. Ҳафса (р.а.)ra уйланиш билан Умардек шижоатли ва эътиборли cаҳобага қариндош бўлинди.

Кўп уйланишдан мақсад, умматга муаллималарни кўпайтириш бўлган. Чунки У зотнинг ҳар аёли динни одамларга ўргатадиган бир муаллима эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам комил инсон қандай бўлишини, ҳаётнинг барча соҳаларида илоҳий дастурга мувофик яшашни кўрсатувчи намунадирлар.

Инсоннинг ҳаёти икки қисмдан иборат: шахсий ҳаёт ва ижтимоий ҳаёт. Ижтимоий ҳаёт ҳам икки қисмдир: оилавий ҳаёт ва оиладан ташқаридаги ҳаёт. Инсон умрининг аксари шахсий ва оилавий ҳаётдан иборат. Бу иккисини энг яхши биладиган киши одамнинг умр йўлдошидир. Демак, башарият учун намуна бўлган бу Зотнинг шахсий ва оилавий ҳаёти ҳақида фақатгина У кишининг аёлларидан билиш мумкин. Кўп уйланиш эса янада тўлиқроқ маълумот ҳосил қилишга сабаб бўлади. Чунки бир аёли кўрмаган нарсани бошқаси кўради. Бири эшитмаган ҳукмни бошқаси эшитади. Видеокамера сингари… Ҳозирги кунимиздан мисол келтирадиган бўлсак, маълумки, футбол чемпионатида майдоннинг ҳар томонига бир нечтадан камера кўйилади. Бундан мақсад, ўйиннинг ҳар бир тафсилоти қайд қилиниб, равшан бўлишидир. Бирон кор-ҳол юз берса, даpров барча камералардаги видеоёзувлар кўриб чиқилиб, кейин ҳукм қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ҳам унинг ҳаётидан хабар беришда видеокамералар каби бўлганлар. Шу туфайли аниқ ва равшан маълумот тўпланган, валлоҳи аълам.

Тошкент тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Шукурова Азиза