Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Оёғи остига жаннат тўшалганлар

Оёғи остига жаннат тўшалганлар

Аёл ким?! Аёл вазир. Аёл оилада эркакдан кейинги раҳбар. У адолатли бошқарувни уйда олиб боради. Шу боисдан у илмли, тарбияли, эътиқодли бўлиши зарур. Буларнинг зарурлиги шундаки, болага кўпроқ онанинг феъл-атвори ўтади. Рўзғор аравасини эркак тортади, аммо кўзга кўринмас жилов аёлнинг қўлида бўлади. Оилани муроду мақсадга етказадиган ҳам, жарга қулатадиган ҳам аёлдир.

Аёлни қуёшга қиёслашади… Оламни қуёш, одамлар қалбини эса аёл иситади. Онасиз, опа-сингилсиз, умр йўлдошсиз, қизингизсиз, хола-аммаларсиз, қўшни момоларсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Аёл сирли китоб мисоли, варақлаган сайин қизиқарли, уни тушуниб етган одамлар кам, уни томоша қилиб зериккан инсон йўқ ер юзида. Олис сайёралар ўрганилди, ер қари ўрганилди, аммо аёл қалбидаги очилмаган неча-неча сирлар шундайгина қолиб бормоқда. Қуръони каримда: «Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлгани ҳолда бирор эзгу иш қилса, бас Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробарида мукофот билан тақдирлаймиз», деб марҳамат қилган (Наҳл сураси 97-оят).

Тарих зарварақлари саҳифаларида хислатли фарзандларнинг камол топишида онанинг ўрни алоҳида эканига гувоҳ бўламиз. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар. Барчангиз раҳбарсизлар ва ўз қўл остидагиларингиздан сўралурсизлар. Одамлар устидан турган имом раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур. Эр киши ўз аҳли байтида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур. Аёл киши эри ва (эрининг) Ўғли уйида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур…”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилганлар).

Ушбу ҳадисда оила борасида эр ҳам аёл ҳам масъул экани таъкидланмоқда. Исломда оила бошлиғи бўлиш улкан шараф ҳисобланади. У моддий, маънавий, руҳий, тарбиявий, ҳар томонлама масъулдир. Жамият ҳаётида аёл жуда муҳим ўрин тутади. Аёллар фақат оила муҳити билан чекланиб қолади, деган сўз тўғри эмас. У гўзал оқиллиги билан жамиятга ижобий таъсир қилиши, макр ҳийлалари билан таназзулга сабабчи бўлиши мумкин. Тарихда тараққиётга катта ҳисса қўшган солиҳа аёллар кўп бўлган. Биз бундай ибратли аёллардан ўрнак олиб, ибратли ишларини давом эттиришга уриниб келмоқдамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар хусусида: «Насоролардан энг хайрли аёл ҳазрати Марям бўлса, исломда аёлларнинг энг хайрлиси Ҳадичадир», деганлар. Бошқа бир ҳадисларида: «Аллоҳ Таоло менга Ҳадичадан кўра хайрлисини бермади. Халқ мени ёлғончига чиқарганида, у менга имон келтирди», деб марҳамат қилганлар. Биз илмга ихлос қилган отинойилармиз. Бу берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, чин маънода отинойи номига муносиб бўлайлик ва вазифамизга масъулият билан ёндошайлик. Яхшилик йўлида астойдил ҳаракат қилайлик, азиз ва муҳтарам Аёллар!!!

Оҳангарон шаҳар отинойиси Абдужалилова Мукаррам

[carousel-horizontal-posts-content-slider]