Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Оятал Курсийнинг фазилати

Оятал Курсийнинг фазилати

عَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم :«يَا أَبَا الْمُنْذِرِ، أَتَدْرِي أَيُّ آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ مَعَكَ أَعْظَمُ»؟ قَالَ : قُلْتُ: اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ : «يَا أَبَا الْمُنْذِرِ، أَتَدْرِي أَيُّ آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ مَعَكَ أَعْظَمُ»؟ قَالَ: قُلْتُ:{اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ} . قَالَ: فَضَرَبَ فِي صَدْرِي وَقَالَ :«وَاللَّهِ لِيَهْنِكَ الْعِلْمُ أَبَا الْمُنْذِرِ ».  

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Абу Мунзир! Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми?” – дедилар. “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, – дедим. У зот яна: “Эй Абу Мунзир! Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми?” – дедилар. Мен “Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал Ҳаййул Қаййум”, – дедим. Шунда У зот кўксимга уриб: “Аллоҳга қасамки, эй Абу Мунзир, сенга илм муборак бўлсин”, – дедилар” (Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар).

Ушбу ҳадис жуда ҳам улкан маъноларни ўз ичига олган. Чунки бу ҳадисда Қуръони Каримдаги энг улуғ оят қайси экани борасида сўз бормоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида катта қорилардан бўлган Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга энг улуғ оят қайси экани борасида таълим бермоқчи бўлганлар. Биринчи бор сўраганларида, “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, деб Убай ибн Каъб энг улуғ оят борасида яна қўшимча маълумотга эга бўлишни хоҳлаганлар. Демак, Убай розияллоҳу анҳу бу оят “Оятал Курсий” эканини олдин бирон саҳобадан эшитган ёки ўзлари ижтиҳод қилиб айтганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда “Оятал Курсий” Қуръони Каримдаги энг улуғ оят эканлиги таъкидланмоқда. Чунки бу оят Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари, олий сифатлари зикри келган энг улуғ ва шарафли сўзлардан таркиб топгандир. Унда Аллоҳ таолонинг Ваҳдоният, Илм, Молик, Қудрат ва Ирода каби исм сифатлари зикри келган Ҳатто, баъзи муфассирлар бу оятда Аллоҳ таолонинг ўн еттита энг улуғ исмлари жамланган, деганлар.
Оятни бундай ном олшига сабаб “Курсий” сўзининг оят ичида зикри келганидир. Оятдаги “Курсий” сўзини тафсирчи олимларимиз турли хил маъноларда тафсир қилганлар. Ҳасан Басрий: “Курсийдан мурод Арш”, деган. Ибн Касир бўлса: “Курсийдан мурод Арш эмас. Арш курсийдан каттадир”, деган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Курсийдан мурод Аллоҳ таолонинг илмидир”, деганлар.
Аслида, “Курсий”нинг луғавий маъноси ўриндиқ, тахт, таянч ва курсидир.
“Курсий”ни қандайлиги борасида бир донагина саҳиҳ ҳадис келган. Абу Зарр раозияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَا السَّمَاوَاتُ السَّبعُ فِي الْكُرْسِيِّ إِلَّا كَحَلْقَةٍ مُلْقَاةٍ بِأَرْضِ فَلَاةٍ، وَفَضْلُ الْعَرْشِ عَلَى الْكُرْسِيِّ كَفَضْلِ تِلْكَ الْفَلَاةِ عَلَى تِلْكَ الْحَلْقَةِ

“Етти қават осмон курсий билан бирга очиқ ер майдонидаги тешик ҳалқа кабидир. Курсийга нисбатан Аршнинг фазилати худди ҳалқага нисбатан майдоннинг фазли кабидир”, деганлар” (Муҳаммад ибн Абу Шайба Арш китобида ривоят қилган).
“Оятал Курсий”нинг фазли ва ҳислатлари борасида юқоридаги ҳадисдан бошқа жуда кўплаб ҳадислар келган.

قال أبو أمامة الباهلي رضي الله عنه : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم :«مَنْ قَرَأَ آيَةَ الْكُرْسِيِّ دُبُرَ كُلِّ صَلاةٍ مَكْتُوبَةٍ لَمْ يَمْنَعْهُ مِنْ دُخُولِ الْجَنَّةِ، إِلا الْمَوْتُ»أخرجه النسائي

Абу Умома Боҳилийдан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳар бир фарз намозидан кейин “Оятал Курсий”ни ўқиса, унинг жаннатга киришидан фақат ўлим тўсиб туради”, дедилар” (Насоий ривоят қилган).
Агар мўмин банда “Оятал Курсий”ни ўқишда бардавом бўлса, уни жаннатга киришидан фақатгина вафот этишигина ман қилар экан, холос.
Имом Тафтазоний бу ҳақда: “Жаннатга кириш шартларидан фақат ўлим қолади. Худди ўлим уни жаннатга киришдан тўсиб тургандек бўлади”, деганлар
Аҳмад ибн Муҳаммад Таҳовий ушбу ҳадис шарҳида: “Ҳадисга кўра, “Оятал Курсий”ни ўқиб юрган одам қачон вафот этса, албатта, жаннатга киради. Бундан мурод, унинг руҳи жаннатдан ўрин топди ёки вафот этиши билан жаннат неъматлари билан неъматланади. Чунки қабр жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир”, деганлар.
Демак, ҳар бир фарз намозидан кейин “Оятал Курсий”ни ўқишни одат қилиш билан бирга, Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, қайтарган нарсаларидан сақланган бўлса, жаннатга кириши умид қилинади.
Фарз намозларини жамоат билан ўқиб, шошилиб чиқиб кетаётган инсонларни кўриб ажабланасиз. Уларга жаннат эшиклари очилса-ю, унга кирмасалар. Шунинг учун уламоларимиз жамоат намозларидан сўнг “Оятал Курсий”ни ўқиб, ундан сўнг 33 маротаба “Субҳаналлоҳ”, 33 маротаба “Алҳамдулиллаҳ”, 33 маротаба “Аллоҳу Акбар” ҳамда бир маротаба “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодир”, дейишда бардавом бўлган инсоннинг гуноҳларини Аллоҳ таоло мағфират қилади деганлар.
Имом Бухорий “Оятал Курсий”нинг фазли борасида кўплаб ҳадисларни келтирганлар. Мана шу ўринда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтириб, мақоламизга якун ясамоқчимиз:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Биров келиб тўпланган егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни ушлаб: “Ҳозир сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бораман”, дедим. У: “Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман”, деди. Уни қўйиб юбордим. Тонг отганда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳой, Абу Ҳурайра! Кечаги асиринг нима қилди?” – дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, жуда ҳам муҳтожлигидан, бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим”, дедим. У зот: Сенга ёлғон гапирган бўлиб, қайтиб келса-чи?” дедилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг, “қайтиб келса-чи”, деганларидан унинг яна келишини билдим ва пойлаб турдим. У келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни тутиб олдим ва: “Сени Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман”, дедим. У яна: “Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман”, деди.
Раҳмим келиб, уни қўйиб юбордим. Тонг отганда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳой, Абу Ҳурайра, кечаги асиринг нима қилди?”
дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, жуда ҳам муҳтожлигидан, бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим”, дедим. У зот: “Сенга ёлғон гапирган бўлиб, қайтиб келса-чи?” дедилар.
Учинчи марта пойлаб туриб, яна ушлаб олдим ва: “Энди уч марта бўлди, сени, албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб бораман. Ҳар сафар қайтиб келмайман, деб яна келасан”, дедим. У: “Мени қўйиб юборсанг, Аллоҳ сенга манфаат берадиган сўзларни ўргатиб қўяман”, деди. “Улар қандай сўзлар?” – дедим. “Кўрпангга кириб ётганингда, “Оятал
Курсий”ни ўқисанг, Аллоҳ тарафидан сени қўриқчи қўриб турадиган бўлади. Тонг отгунча сенга шайтон яқинлашмайди”, деди. Эртасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост гапирибди, дедилар ва: “Уч кундан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?” дедилар. Мен “Йўқ, дедим. У зот алайҳиссалом: “Ўша Шайтон эди”, дедилар”.
Юқорида келтирилган ҳадислардан олинадиган фойдалар:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо саҳобаларга Қуръони Карим таълимотларини ўргатишга жуда қаттиқ аҳамият берганлар;
2.“Оятал Курсий” оятларнинг саййиди экани;
3.“Оятал Курсий” бирон жойда ўқилса, Шайтон у ерда тура олмай қочиши ва ўқиган инсонга зарар етказа олмаслиги;
4.“Оятал Курсий”ни доимо ўқиб юриш инсонни жаннатга олиб кириши.

  Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме
имом-хатиби Мирҳамидов Обид

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan